Наср 5.05.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ЖУДА УЗОКЛАРГА КЕТМА

ҚАРДОШЛАР АДАБИЁТИ

ЖУДА УЗОКЛАРГА КЕТМА

Бадиа

     Муҳсин Мажид 1964 йил Ерзурумнинг Олту туманидаги Ўздере қишлоғида туғилган. Дастлаб Отатурк университетининг турк тили ва адабиёти таълими бўлимини тамомлаган. Сўнгра Гази университетида докторлик даражасига етган.

      Ҳикоялари Туркиянинг турли нашрларида чоп этилган.  Айни пайтда у Анадолу Университетининг турк тили ва адабиёти кафедрасида фаолият юритади.

     Кет десанг ҳам, кетолмайман!

      Ҳозир осмонни ўзим туғилиб ўсган водийга олиб кетяпман, худди романларда ўқиганимдек. Анави бир жуфт кабутар қайси ҳикоядан учиб чиқарди? Ҳа, айтганча,  улар менинг болалигим самосидан учишарди-ку. Шу тобда суратлар бирин-кетин хотирага айланади. Хотираларни ўз жойида сақлаган яхши.

      Ғусса тошга ўхшайди, буйракдаги тошга. Агар тегмасангиз оғриқ бермайди, ўша ерга чўкиб тураверади. Бу дардларни тил билан ифодалаб бўладими, она?!

      Балоғат остонасида опам ҳовли супураркан, ажиб қўшиқларни хиргойи қиладиган бўлди. “Баланд-баланд тепаликларга уй қуришмасин-да”. Бу ҳазин қўшиқларни кўкда учган қушлар ҳам биларди, фақат мен ёддан айта олмасдим. Аслида халқнинг орзу ва армонлари акс этган, киши тўғридан-тўғри айтишга ийманадиган бундай қўшиқларни сендан ортиқ яна ким биларди, айтгин, онажон? Баъзан опамнинг “Эвришнинг йўллари тор, менга боқма, ёрим бор”, дея шивирлаб айтган қўшиқларини тушунгандек бўламан. Буларни унутиш қийин.

      Афсоналардаги ўз орзуларига эриша олмаган келинларнинг тушларини қандай таъбир қилардинг-а? Биллурдек тиниқ даштлардан оқ отларда оппоқ соқоллари билан зийнатланган отахонларнинг, сўнг эса қалби муҳаббатга, кўзлари меҳрга тўла ёш келинларнинг орзу-ниятларини қандай тинглардинг. Энг қизиғи, ҳеч бир нарсани, бирон бир тушни ёмонликка йўймасдинг. Мен шунда эртак ва масаллар қуршовида қолган ўша болалигимда етук олим бўлишни ният қилардим. Аммо афсус, у даражага ета олмадим, сабаби гуноҳларга ботдим, она...

     Яқинда ижтимоий тармоқдаги эълонлардан бирига кўзим тушди. Унда Усмонлиларнинг машҳур тарихчиси сўзлар, назаримда, у Америкадаги ҳовлисидан интервью берарди. Гапираркан, ортидан бир қизалоқ велосипедда ўтиб кетди. Тарихчи ўгирилиб, болага нимадир деб огоҳлантириш берди. Сўнг камерага қараб, набираси ҳам туркчани билишини ва унга “Жуда узоқларга кетма” деганини айтди. Қизалоқ чиройли жилмайди. Кейин туркиялик журналист ундан Сулаймон подшолигининг кундалик ҳаётига оид саволлар берди, интервью давом этди. Давомида нима деди, билмайман. “Жуда узоқларга кетма...” деган сўз негадир хаёлимдан кетмай қолди. Олис хотиралар масофаларни писанд қилмай уйимиз остонасини, боғимиз деворини, бир пайтлар қирғоғида ўйнаганим сойнинг ёнига шошганча кетди. Олис хотираларга қайтдим... Масофаларнинг чегараси ҳам вақт ўтиши билан ўзгараркан, она.

      Биламан, умринг олисларга кетиб қайтмаган яқинларингнинг жафоси билан ўтди. Тоғангнинг  номус учун чиқиб кетиб, уйга қайтмаганини кўп айтиб берардинг. Бу мусибат ҳатто акамнинг кабутари қайтмаганидан ёлғизликдан жуфти нобуд бўлганга ўхшаб кетарди. Кетиб қайтмаганлар кошки шуларгина  бўлса...

     Онажон, сен ҳамма нарсадан роҳат олардинг. Гўёки дунё атрофингда айланарди. Қаерда бўлсанг ҳам, оғилдами,  омборхонадами неки бор, ҳаммаси билан ўз тилида гаплашардинг, буюмлар  тилини ҳам билардинг. Сен гаплашмаган гул-гиёҳлар ҳам, ҳашаротлар ҳам қолмасди. Янги ой туғилганда, кўкка боқиб, “Ё Аллоҳим, янги ойни кўрдим, ўзингга шукур”, дердинг. Ётсанг ҳам, турсанг ҳам Худони тилдан қўймасдинг.

      Хафа бўлган пайтларинг ҳам бўлармиди билмадим, аммо Яратган эгамни тилдан туширмасдинг. Йиғим-терим мавсуми эсимда, ёғингарчилик бўлса хафа бўлардинг. Ризқимиз увол бўлди, дея ғуссага ботардинг. Шундай кезларда мен сен каби ҳасрат чекар, қувонганингда шодланардим. Оғир пайтларда: “Бир ҳовуч тупроқни кўп кўрма, Аллоҳ”, дея зорланар, мен эса икки йўл ўртасидаги одамдек карахт қолардим. Биласанми, она, баъзан худди болалигимдек тентираб кетсам, дейман. Ташвишлари, андуҳлари йўқ жойларга. Шунда сен хавотирланиб: “Жуда узоқларга кетма” дейишингни истайман, аммо айтмаслигингни ўйласам, ичим зимистон бўлади.

     Табиийки, сен ҳаммамиз атрофингда бўлишимизни, ҳамма вақт бирга бўлишимизни истардинг. Лекин бундай бўлмади! Болаларинг ирмоқлар каби турли томонга оқди-кетди. Аслида барчамиз сен айтган эртак ва афсоналарни бир хил тингладик, бироқ уларни турлича англадик.

      Неча кундирки, сенинг ҳазин овозингни эшитиб уйғонаяпман. Бу овоз атрофи катта-кичик тепаликлар билан ўралган кимсасиз уйимиздан келади. Уйғонарканман, баъзан овозингни тополмай қоламан. Шундай лаҳзада ичимдаги шоиртабиатли уятчан бола бирдан булутга эврилади ва бир ўзи, ҳа  ёлғиз ўзи тўйиб ёғадиган жойларни излаб кетади. Шундай пайтларда ич-ичимга ёғавераман, она!

 

Туркчадан Наргиза

Асад таржимаси

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар