ҲУШЁР БЎЛИНГ: ҲИСОБИНГИЗГА ПУЛ ТУШДИ

Ростонбуви аламда


ҲУШЁР БЎЛИНГ:

ҲИСОБИНГИЗГА ПУЛ ТУШДИ


     Лутфихоним аядан мерос бир гапимиз бор: “Тиниб-тинчимаган одамлар нималарни ўйлаб топишмайди, дейсиз...” Нафсиламрини айтганда, одамзодни ҳайратга соладиган барча нарсаларни шу “тиниб-тинчимаганлар” ўйлаб топишган. Осмонда учишни, сувда сузишни... Майли, буларни эскирган десак, симсиз сўзлашувларни, энг янгиси – робот хизматчиларни... Бандасига нафи тегадиган ихтирою кашфиётлар эгасига тасанно айтишдан ўзга гапимиз йўқ. Аммо замонамизда техника имкониятларидан қайбир бечоранинг пешона тери эвазига келган пулни тортиб олиш учун, яна ҳам тушунарлироқ айтсак, зор қақшатиш учун фойдаланганини эшитсангиз, аввало, ёқангизни ушлайсиз. Қандай қилиб бировнинг ҳисоб рақамига тушган пулни киприк қоқмасдан, юраги “қилт” этмасдан олиб қўйиш мумкин? Ўтган йилларда шундай воқеаларни эшитганимизда:

– Қўйсангиз-чи, ўзингиз ишлатгандирсиз, эсингиздан чиқиб кетгандир. Ё ўғил-қизингиздан сўранг, эҳтиёжи бўлса, сарфлагандир, – дея эътироз билдирар эдик. Аммо воқеа кўз олдимизда юз бергач, бармоғимизни тишладик. Яқинда бир кун эмас, икки кун эмас, нақ  йигирма икки кун ишлаб, бола-чақасининг  бир ойлик ризқини кутаётган ходимимиз бирдан чирқиллаб қолди:

– Вой-вой, ҳисоб рақамимга тушган маошимнинг ҳаммасини ечиб олишди!

Ёш-яланглар ёнига югуриб боришди, қўлидан телефонини олиб:

–   Рост, икки дақиқада ечиб олибди! – дейишди.

Биз – ёши ўтинқираганлар бир-икки қадам беридан туриб ҳамдардлик билдиргандай бўлдик. Лекин ичимизда “Бунақа бўлиши мумкин эмас, кредитдан қарзи бўлса керак “, деб ўйладик. Ҳатто, ўзига ҳам:

– Яхшироқ ўйлаб кўринг, қарзингиз бордир... – дедик. Аммо “Мол аччиғи – жон аччиғи”, деганларидай ходимимиз эртасига банк масъуллари билан гаплашди.

– Ҳа, ҳисобингизга маблағ тушган, лекин ечиб олинган, – дейишибди. Уларнинг айтишларича, бу ишни қилган касдан бирор из қолмаганмиш... Сувга тушган сувилондай ғойиб бўлибди. Тавбангдан кетай, шунақаси ҳам бўларканми? Карточкалар кодланган бўлса, ундаги рақамлар сирини бир эгасию бир банк билса...  Дарвоқе, “Виртуал ўғри”лар чиққанидан ҳам хабардормиз. Улар атиги икки миллион сўм учун таваккал қилишармикан? Ёки бу ҳаваскор ўғриларданмикан? Ҳарна бўлса-да, бировнинг игнасини бесўроқ олишнинг ҳам жавоби бор-ку. “Бу ишни қилма, олганинг ҳаром бўлади. Касофати ўзингга, ўзингга бўлмаса, оилангга, бола-чақангга уради”, деб ўргатишган бизга ота-оналаримиз. Бугун бу гапнинг қадри пасайдими? Наҳот, техниканинг энг нозик сирларини ўзлаштирган ақлли болаларнинг қулоқларига бу гаплар қуюлмаган бўлса...

     Ўша воқеадан кейин маош тушадиган кун ҳамма типирчилаб турадиган бўлди. Аввал ҳисобчимизга кетма-кет қўнғироқ қиламиз.

– Барака топгур, маблағ ҳисобга ўтиши билан бизга қўнғироқ қилинг!

Қўнғироқ бўлиши билан банкоматга чопамиз: моянамизни бир сўм қолдирмай ечиб олишимиз керак. Ўша куни дуруст-қуруқ иш ҳам бўлмайди, ҳамманинг хаёли пулини эсон-омон олишда...

     Биз инсон ҳуқуқлари кафолатланган даврда яшаяпмиз, деб кўкрак керамиз, унча-мунча хатарга нописандмиз. Хўш, энди қайси бир нобакорнинг бетавфиқлиги деб  тинч замонда ҳадиксираб яшашимиз керакми? Ҳой яхшилар, сўзамол, яхши гап билан илонни инидан чиқарадиган халқмиз-ку. Бир нарса десаларинг-чи, виждонни уйғотадиган, одамийликни эслатадиган бир нарса денг!

 

Ростонбуви

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар