“САОДАТ” САҲИФАЛАРИДА МЕН ҲАМ БОРМАН...
Севимли журналим ўзининг юз йиллик шарафли йўлини нишонлаётгани билан чин қалбимдан табриклайман. Бу журнал юз йил давомида минглаб аёллар ва ўқувчилар қалбига нур улашиб, маърифат ва илҳом манбаи бўлиб келмоқда.
“Саодат” журнали мен учун ҳар доим алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Унинг саҳифаларида ҳаёт, ижод ва жамият ҳақидаги фикрларимни ўқувчилар билан баҳам кўриш шарафига муяссар бўлганман. Айниқса, Япониядаги фаолиятим ҳақида мақола чоп этилгани мен учун унутилмас воқеа бўлди. Бу нафақат шахсий ютуқ, балки икки миллат маданияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва дўстликка қўшилган бир ҳисса сифатида менга ғурур бағишлайди. Ўша мақолани ҳар гал ўқиганимда дадам раҳматлининг айтган сўзлари ёдимга тушади: “Дастлаб таҳририятга кириб бораётганимда мен бир оддий инсон бўлсам ким ҳам қулоқ соларди деб ўйлаганман. Бироқ эшикни аста очиб салом беришим билан мени сенга ўхшаган бир журналист қиз кутиб олди. У менинг муддаойимни эшитгач, дарҳол бош муҳаррирнинг ёнига олиб кирди. Таниқли шоира Мунаввара Усмоновани телевизор орқали кўп кўрган эдиму ўзини ҳаётда кўрмаганим боис жуда ҳаяжонландим. Бироқ қабулига кирганимда шоиранинг камтарлиги, самимийлиги ва ҳар бир гапимни диққат билан тинглаганлиги мени жуда қувонтириб юборди. Айниқса, Мунавварахоннинг: “Қизингизга хориж тилини ўрганишда ёрдам берганингиз, лойиҳалари амалга ошишида кўмаклашганингиз учун раҳмат. Сиздек оталар кўпаяверсин”, деган сўзларидан кўзимга ёш келди. Сен ҳақингдаги суҳбатни шу ойнинг ўзида ёқ журналга қўйишди. Журналист Мухтасар Тожимаматованинг “Сакура гулини кўриш бахти ёхуд юрагимнинг ичидаги ой” номли суҳбати эълон қилинганида дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди”.
Журнал фақатгина бир нашр эмас, балки аёлларнинг ички олами, орзулари ва юксак интилишларини акс эттирадиган саодатли майдондир. Унинг ҳар бир сонида ҳаёт ҳақидаги илиқ таассуротлар, ибратли ҳикоялар ва келажакка ишончни оширадиган мақолалар бор.
Шу ўринда ижодий жамоага алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Муҳаррирлар, ёзувчилар, таҳририят ходимлари ва барча ижодий гуруҳнинг меҳнати туфайли “Саодат” бир аср давомида ўз мавқеини сақлаб қолди. Сизларнинг меҳнатингиз, ижодий изланишларингиз ва фидойилигингиз туфайли мухлислари қалбига нур улашиб келмоқда.
Ушбу нашр келажакда ҳам маърифат ва илҳом манбаи бўлиб қолишига ишонаман. Унинг саҳифаларида янги авлод учун ҳам фойдали мақолалар, ижодий асарлар ва теран мулоҳазалар берилаётгани қувонарлидир. Журнал юз йиллик маърифат ва илҳом манбаидир.
Асрий тантана муборак, азизим “Саодат”!
Ҳурмат билан,
Нодира АМИНОВА,
Токио Жаҳон тиллари университети ўқитувчиси.
Япония.