
Ўсмир пайтларимданоқ чиройли кунларнинг бирида Хўжанддан Тошкентга келишни, севимли журналим “Саодат” чоп этиладиган маърифий масканга боришни орзу қилардим. Шу йилнинг қиш фаслида кўпдан буён дилимда яшаётган орзуйим ушалди журналда кўрсатилган манзил бўйича таҳририятни топиб келдим. Мени журнал ходимлари ниҳоятда илиқ қарши олишди. Ўзимни сира бегона ҳис қилмадим. Ҳар бир сонида чоп этиладиган мақолалар остидаги исм, фамилиялари туфайли таниш журналистлар билан кўп йиллик қадрдонлардай суҳбатлашдик. Журналнинг бош муҳаррири ҳам таҳририятда қизғин ижодий жараён кетаётганига қарамай, мени қабул қилдилар. Тожикистон матбуоти ва ижодкор аёлларнинг иштироки ҳақида сўрадилар. Мен ҳамкасбларим, ўзимнинг иш фаолиятим ҳақида гапириб бердим. Бир шоира, журналист ўлароқ “Саодат” билан ҳамкорлик қилиш ниятим борлигини айтдим. Бош муҳаррир барча дўсту қардош ўлкаларнинг шоирлари, адиблари қатори журнал эшиклари барчага , шу жумладан менга ҳам очиқлигини айтдилар.
– Нашримиз саҳифаларига қанча кўп овозлар, тақдирлар кириб келса, биз маънан бойиймиз. Ёзинг ва энг яхшиларини бизга илининг, – дедилар. Менга ҳамкасбларим китоблар тақдим қилишди. Бу йил қадрдон “Саодат”имиз юз ёшга кирар экан. Мен унинг саҳифаларини варақлаганимда доимо донишманд бир нигоҳни ҳис этаман. Ҳар бир фикр ақл чиғириғидан ўтиб, сўнг айтилгандек. Нимани қандай айтишни билади, дейман ҳикоя ўқисам ҳам, мақола ўқисам ҳам...
Журналнинг дизайни, мавзулари замонавий бўлиши мумкин, аммо ҳар қандай нашр ҳаммага севимли бўла олмайди. “Саодат” севимлилиги билан ўзига хос ва азиз. Юз ёшинг муборак бўлсин! Биз сени қанчалар яхши кўрсак, фарзанд, набираларимизда ҳам шу муҳаббатимиз давом этишини истаймиз. Ижодий жамоага энг гўзал тилакларимни йўллайман.
Муслима ЎЛМАСЗОДА,
шоира, “Муаллим ва ўқувчи” (“Омузгар ва хонанда”) газетаси бош муҳаррири, Тожикистон Республикаси.