МАЪРИФАТ ЧАШМАСИ
“Саодат” журналидаги фаолиятим ҳақида гап кетганда, беихтиёр болалик, ўсмирлик дамларим ёдимга тушади. Гарчанд бошқа соҳа вакили – ҳуқуқшунос бўлса-да, адабиётга, шеъриятга меҳри бўлакча бўлган дадамнинг таъсиридами, жуда кичик ёшимдан шеър ўқишга, ёд олишга қизиқардим. Қўлимга пул тушдими, китоб дўконига югурардим, шеърий китобчалар сотиб олардим. Таниқли болалар шоири Миразиз Аъзамнинг “Ғалати туш” номли шеърий тўплами энг севимли китобчам эди. Қўлимдан қўймай ўқийдиган ана шу митти китобчам мурғак қалбимда адабиётга, шеъриятга ҳавас уйғотган бўлса, не ажаб?!
Ёшим улғайгани сайин ниятларим ҳам улғая борди: “Келажакда отам орзулагандек яхши ижодкор бўлиб, “Саодат” журналининг бош муҳаррири бўламан”. Ёшлик шижоатими ёки “ёшликда инсоннинг юраги катта бўлади...” деган гапда жон борми, кимдир дилимга солгандек, шу ниятни ишонч билан бот-бот такрорлайверардим.
Орадан йиллар ўтди. Ўрта мактабни тамомлаб, олийгоҳнинг кечки бўлимида таҳсил олиш баробарида болалар ва ўсмирлар нашри “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида хатлар ҳисобчиси вазифасида иш бошладим. Ўттиз тўрт йил мобайнида шу нашр таҳририятида оддий ходимдан, бош муҳарриригача бўлган лавозимида фаолият юритдим.
“Инсоннинг нафақат тилида айтилган, балки дилидан ўтган ҳар қандай нияти ҳам бу коинот аро бежиз кетмайди, қандайдир кўринишда, албатта, ўзига қайтади, ижобат бўлади”, деган фикрни қайсидир манбада ўқиганим бор эди. Кутилмаганда мени юқори бир ташкилотга чақиришиб, “Сиз Ўзбекистон хотин-қизларининг “Саодат” журналига бош муҳаррир этиб тайинландингиз. Журнални бугунги ўқувчининг талабига мос равишда чиқариш зарур. Ишни унинг дизайни, мундарижасини янгилашдан бошлашни маслаҳат берамиз”, дейишганида, юқоридаги фикрнинг нечоғли тўғри эканлигига амин бўлгандим.
Журналда ишлаган даврим ҳаётимнинг саодатли йиллари бўлган, десам, муболаға бўлмайди. Янги жамоа билан тезда тил топишиб кетдик. Раҳбарлигимда нашр этилган илк сонини янгича дизайнда, янги-янги рукнлар билан чоп этишга харакат қилдим. “Муҳаррир минбари” рукнидаги илк мақоламни ўқиган севимли шоирамиз, устозимиз Қутлибека Раҳимбоеванинг: “Мақолангизни ўқиб, баҳорнинг илиқ, ёқимли, баҳаво кунларида ташқарига кенг очиб юборилган деразаларни тасаввур қилдим”, деган гаплари менга маълум маънода далда бўлди, билдирилган ишончни оқлай олармиканман, деган хавотирни аритди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг журнални бирма-бир варақлаб: “Хотин-қизларга тааллуқли барча жиҳатлар қамраб олинган. Янги дизайн, янгича ёндашув, янги юзлар, янги рукн, мавзулар... Жуда яхши! Табриклайман! Ишларингизга муваффақиятлар тилайман!” дея билдирган илиқ фикрлари, самимий тилаклари ўзимга бўлган ишончимни оширди.
Шу тариқа зўр шижоат билан ишга киришдим. Хизмат сафарлари, жойларда журналхонлар билан ижодий учрашувлар, юртимизнинг олис-олис гўшаларида “Саодат”хонлик кечалари... Турли жабҳаларда фаолият юритаётган опа-сингилларимиз ва оддий уй бекалари даврасида ўтган самимий суҳбатлар завқи, ҳаяжони кечагидек ёдимда.
Ижодкор хотин-қизларни рағбатлантириш орқали уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фаолият майдонини кенгайтириш мақсадида тайёрлаган лойиҳаларимиз, жумладан, “Бу гулшанда гул кўп, чаман кўп”, “Жасорат – ҳамиша замонавий” мавзуларидаги грант лойиҳаларимиз ғолиб деб топилганда, таҳририятимизда ҳақиқий байрам бўлиб кетганди.
Ишимиз жуда кўп эди, кам сонли жамоамиз аъзоларининг қўли-қўлига тегмасди. Журналнинг янги сонини тайёрлаб, нашриётга топширишимиз билан унинг иловаси – “Гулчеҳралар” газетаси навбат кутиб турарди. Ҳар бир янги сон ортида қанчадан-қанча меҳнат ва харажатлар ётиши таҳририят ходимларигагина аён. Шундай саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, “Гулчеҳралар” ҳам янгича шакл-шамойил касб этди. Бу борада таҳририятнинг заҳматкаш жамоаси, ва уларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этишни истардим.
Нашрларимизнинг ҳар бир сонини бугуннинг талабига мос равишда тайёрлашга, уларда таниқли адибаларнинг ҳали сиёҳи қуримаган янги ижод намуналарини, қалами ўткир журналистларнинг долзарб мавзулардаги мақолаларини чоп этишга харакат қилардик.
Бугунги глобаллашув замонида босма китобларга, оммавий ахборот воситаларига эхтиёж қолмади, уларни электрон шаклда ўқиш мумкин, деган фикрларга умуман қўшилмайман. Боиси, бундай шароит ва имкониятлар юртимизнинг ҳамма ҳудудларида ҳам мавжуд, деб айта олмаймиз. Қолаверса, ўзига хос ҳарорати, ҳиди бўлган босма нашрларни қўлингизда тутиб, бирма-бир варақлаб ўқишнинг гашти бўлакча.
“Саодат”нинг яна узоқ йиллар юртимиз аёллари, қизлари ҳаётининг кўзгуси бўлиб, уларни маърифат чашмасидан баҳраманд қилишига, чин маънодаги минбари, сирдоши бўлишига тилакдошман.
Феруза ЖАЛИЛОВА,
“Шуҳрат” медали соҳибаси.