Райҳон ифорли хоналар
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасида фуқаролар мурожаатлари бўйича бир муддат ишлаган давримда “Саодат” журнали таҳририяти билан қўшни бўлдим. Журналнинг бош муҳаррири Мунаввара Усмонова ҳар куни хонамиз ёнидан ўтаркан биз билан салом-алик қилиб, уйидан келтирган бир қучоқ райҳонлардан бизга ҳам бериб ўтарди. Ҳозир ҳам райҳон иси димоғимга урилса, ўша кунларни ёдга оламан.
“Саодат” журнали менинг тасаввуримда хоналари райҳон ифорли, жамоаси атиргул юзли, ширинсухан инсонлар сифатида қолди.
Бугун тақдир тақозоси билан Туркия давлатида фаолият юритар эканман, йўналишим ҳамон ўша ушбу давлатдаги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаман. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш жамиятимизнинг асосий фаолият йўналишидир. Уч йиллик фаолиятимиздаги муваффақиятда қадрдон журналимиз бўлган “Саодат”нинг алоҳида ўрни бор. Боиси, фаолиятимизнинг илк даврларида мазкур журналда жамиятимиз ҳақида таҳлилий мақола берилди. Журнал юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан тортиб, шаҳару қишлоқларигача кириб боргани боис, биз ҳақимизда хабар топган юртдошларимиз хорижда тазйиққа учраган, зўравонликка дуч келган, алданган ёки ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож бўлган таниш-билишлари, дўсту ёрларига биз ҳақимизда маълумот беришди. Бугунги кунда айнан ўзбекистонлик минглаб ҳамюртларимизга беминнат хизмат қилдик ва ҳамон ушбу эзгу ишларимизни давом эттириб келяпмиз.
Қадрдон журналим ва менга опа-сингилдек бўлиб қолган жамоасини қувончли сана билан самимий табриклайман. 100 йиллик шарафли йўлни босиб ўтган журнал нафақат бизга, оналаримиз, бувиларимизга ҳам сирдош дугона бўлган экан. Чунки у аёл ботиний оламининг рассоми, қалбини акс эттирадиган шоири, юрак торларини чертадиган санъаткоридир.
Шу ўринда севимли нашрим “Саодат”га омадли умр тилайман. Бир аср билан юзлашган журнал яна бир неча асрни доғда қолдириб, ўз мухлисларига садоқат сақлаганча меҳр ва вафо жарчиси сифатида юракларда мангу яшасин.
Юз йиллик тўйинг муборак, азизим “Саодат”!
Озода ИСЛОМОВА,
Туркия Республикасидаги “Ўзбек хотин-қизлари
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” раҳбари.