Неъматларда эл руҳи
НОНДА МЕҲР ТАФТИ
Ноннинг яхши-ёмони йўқ: танлаб ейилмайди, ҳаммаси тўйимли, ейишли. Бозордан, дўкондан ҳар куни рўзғорбопини харид қиламиз. Лекин уйга меҳмон келадиган бўлса ёки меҳмондорчиликка, ўзбекона удумларимизга кўра совчиликка бориладиган бўлса, кўриниши кўркам, қизариб пишган, ёғли патирлар сараланади. Шу ўринда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос нони (улар ўша манзилларда яшовчи одамларнинг юзи, меҳр тафтини билдиради) борлигини айтиш жоиздир. Масалан, ҳамиша навқирон ва бетакрор Самарқанд нонларининг довруғи дунёга ёйилган. Уларни юртимизга келган сайёҳларнинг суйиб, харид қилганларига кўп гувоҳ бўлганмиз. Чунки бундай хуштаъм неъмат фақат Ўзбекистонда тайёрланишини хорижда ҳам яхши билишади. Шунингдек, Тошкент патирлари, оби нонлари, Қўқоннинг нақшдор, Хоразм ва Бухоронинг баркашдек чавати нонлари ҳам ўзига хос. Айниқса, ўртасига хонаки (кувида пишилган) сариёғ солинган Зоминнинг қозон патирларини емабсиз, дунёга келмабсиз. Бир тўғрамини тановул қилсангиз, куни билан тўқ тутади.
Бу неъмат билан боғлиқ удумларимиз кўп: уйга меҳмон келса, дастурхонга энг аввало нон қўйилади, янги оила қураётган ёшларни унаштириш пайтида “Нон синдириш” деган маросим ўтказилади. Чақалоқнинг бешигининг болиши тагига кулча қўйилади, илк қадам ташлаганда ҳам оёқлари орасидан кулча думалатадилар. Мабодо, сафарга чиқсангиз ёки тунда йўлга отлансангиз, ҳамроҳ бўлсин, Аллоҳ асрасин, деб, қўлингизга бир жуфтини ўраб, тутқазишади. Йигитни ҳарбий хизматга кузатаётган она унга бутунини тишлатиб олади ва ўғли қайтгунича: “Ризқи уйдан узилмасин”, деб асраб қўяди. Бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган бир одат борки, бу ер юзининг ҳеч бир жойида учрамайди. Ерда бўлаклари, ҳатто ушоғи ётган бўлса ҳам, уни кўзга суриб, бир четга олиб қўямиз ёки халтамизга солиб, олиб кетамиз.
Одатимга кўра, қаёққа саёҳатга, зиёратга борсам, аввало, ўша юртнинг нонларидан олиб келаман. Онажоним (охирати обод бўлсин) сафарга чиққанимда: “Болам, борар манзилингнинг нонидан олиб кел, татиб кўрай, ўзим боролмасам ҳам бу азиз неъматларида, ўша ернинг ҳидини, ҳаёти, меҳрининг тафтини ҳис қилай”, дердилар. Ёдимда, Истамбул шаҳридаги бир меҳмонхонада бир неча кун яшаган чоғимда грузин миллатига мансуб хизматчи аёл хоналарни йиғиштираётган чоғида меҳмонлардан қолган нон бўлакларини қора халталарга солиб ахлатга қўшиб ташлаганини кўргандим. Шунда мен унга: – Бизнинг юртимизда бу неъматни жуда қадрлашади, увол бўлади, деб ахлатга қўшишмайди, ушоғини ҳам ташлашмайди, – дедим. Шунда аёл хижолат бўлиб, унинг юртида ҳам бундай исрофгарчилик йўқлигини, лекин бу ерда алоҳида идиш бўлмагани учун шундай қилишга мажбурлигини айтганди. Ўшанда хонада еганимдан қолган бўлакларни целлофан халтага солиб, жомадонимга жойлаб, уйга олиб келганман. Демак, ноннинг қадрини, азизлигини биздек, ўзбеклардек билишмайди.
ҲАБИБА ПАТИРЛАРИНИ ХОРИЖДА ҲАМ БИЛИШАДИ.
Гап шу азиз неъмат ҳақида кетаркан, Сирдарёнинг, аниқроғи, Гулистоннинг нонлари ҳам чакки эмас, дегим келади. Бежиримгина ёғли кулчалар, қатлама патирларни айтмайсизми? Улар дастурхонларга кўрк, файз бағишлайди. Айниқса, Гулистон туманининг шаҳарга яқин ҳудуди саналган “Тажрибакор” маҳалласида истиқомат қиладиган Ҳабиба Холматова ёпган нонларнинг таъми оғзингизда қолади. Шаҳарга келиб, “Ҳабиба новвойнинг растаси қаерда?” деб сўрасангиз, катта соатнинг ёнидаги жойни кўрсатишади. Сутга ийланган хамирдан ёпилган, юзи қип-қизил бўрсиллаган... Маросимлар учун кўпчилик Ҳабиба опага буюртма беришади. Ҳа айтгандек, опахоннинг ҳар бири катта лаганга жойланадиган қатламалари ҳам Сирдарёда машҳур.
Унинг айтишича, олдиндан буюртма бериб, тайёрини уйидан олиб кетишаркан. Ортганини ўзи бозорга олиб чиқаркан. Камина ҳам узоқ океан ортига – Канада давлатида яшовчи ўғлимникига ҳар гал борганимда Ҳабиба новвойнинг “ижоди”дан олиб бориб, бу азиз неъматимиз билан хорижликларни ҳайратга соламан. Ўғлим ундан ҳамкасбларига улашиб, Ўзбекистоннинг нонлари мана шунақа чиройли ва хуштаъм бўлади, деб таърифлаган.
Дарвоқе, унинг қатламалари бизга туркча бурекни ва паҳлавани эслатади. Бунинг сабаби бор, албатта. Ҳабиба опа асли турк миллатига мансуб. Саришта, қўлигул турк қизига ўзбек йигити Сайфиддиннинг ишқи тушиб, оила қуришган экан. Ҳабиба ўзбеклар орасида ўсган қизмасми, келин бўлиб тушган кунидан бошлаб оиласининг барча анъаналарию удумларини жой-жойига қўйиб адо этди, чаққонлиги билан қайнюртининг эътиборини, меҳрини қозонди: пазандалиги билан барчани лол қолдирди. Ўзбекча, туркча таомлар, пишириқларни тайёрлаб, олқиш олди. Шу билан бирга қайнонасидан тандирбоши сирларини ҳам ўрганди.
– Яқинларим, жигарларим бундан анча йиллар олдин турли жойларга кўчиб кетишган, мен қаёққа ҳам борардим, оилам шу ерда. Қолаверса, ўзбеклар билан жондош, қондош бўлиб кетганмиз. Уч нафар фарзандим бор, ҳаммаси уйли-жойли. Етти нафар набирам – қувончим. Қайнонамнинг дуосини олганман. Шогирдларим ҳам бор. Ҳар куни тушгача тандир ёнида туриб, тушдан сўнг бозорга чиқаман, – дейди новвой опахон.
Яна бир гап, Ҳабиба Холматованинг шарафига у яшайдиган манзил (кўча) “Новвойлар” кўчаси деб аталаркан. Аслида бу кўчада бошқа новвой йўқ. Маҳалла фаоллари ўзаро келишиб, кўчага шу номни беришган.
Холида ПАРДАБОЕВА,
Сирдарё