ЭСИМДА БОҒЛАРНИНГ ШИВИРИ
Зулхумор Орифжонова Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган.
Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил қилинган “Биринчи китобим” лойиҳасида “Соғинч сувратлари” публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг Олий адабиёт курси тингловчиси.
Қайтаман,
шафақлар бўяйди
баланд биноларни оловли рангга.
Мен қўшиқ айтаман,
пичирлаб,
нелардир тўкилар ичимдан,
Интиқиб узоқдек туюлган тонгга.
Аслида
мен ҳам қоралайман тун билан бирдек,
қоғозни,
ўзимни...
Баъзан юлдузлар кам, баъзан ой ярим,
Ортга қайрилмоққа
тиқ этган товуш ҳам қилар тўсқинлик.
Кунлар ўтаверар,
йиллар басма-бас.
йўллар манзилимни отади йироқ.
...ёмғирлар ёғганда,
йиғлаган мен эмас,
Фақат бир айтим бор бўғзимда...
Бироқ
ёғишлар кор қилмас,
узун кўчалардан,
Тераман бирма-бир қолган изимни.
Шаҳримдан бош олиб кетаман ҳар кун,
тушларга топшириб измимни...
Мен яшаб оламан соатлаб,
О, тонглар кўзларин очгунча,
Тунларим қолдирмай соясин,
ортига қарамай қочгунча...
Ва қўшиқ айтаман пичирлаб...
Бўм-бўш кўчаларда
шамоллар кезинар,
майсалар унар,
ёввойи гулларнинг очилар чиройи.
Хаёлан узооққа отланиб,
Сен севган тушуниксиз тилда
бошлайман хиргойи.
Уфқлар томонга кўзларим тиксам,
Майсалар лабига қадасам ёшлар,
Муаллақ дунёнинг бир чеккасида,
Менинг деразамни пойлайди қушлар.
О, маъсум қушлар ҳам кўзёшларини
ҳовучимга тўкар, ҳеч йўқ шу билан,
тушларим ювилиб ўтар сув билан…
…Бўм-бўш кўчаларда,
Қонлар кечиб келар
беаёв шомлар,
ғамгин сояларни тўшаган кўкнинг
кенгликлари аро тағин кимгадир,
бир нафаслик ҳаво қилади йўқлик.
Бу гал очилмаган намозшомгуллар,
Пойига йиқилар бирма-бир туннинг.
Кимлардир янгидан эртаклар айтар,
Кимлардир янгидан бошлайди кунни...
Мен эса,
гардларин ювганча деразаларнинг,
сен севган тушуниксиз тилда,
бошлайман хиргойи,
Барини унутиб ҳеч йўқ шу билан,
бахтли кўра олсак эди дунёни...
Эсимда,
бу фаслнинг кўп эди туҳфаси,
Қўлларимга ҳатто осмонни тутди,
Аммо уфқларнинг қошида туриб,
ненидир унутдим.
Эсимда
боғларнинг шивирларидан
ўзимни
йиқилган япроқлар бағрига отдим.
Шу тоб умримдаги ҳеч ким сезмаган,
ненидир йўқотдим.
Соябонсиз эдим,
бизни билмасга
ноаёнмиз дедим,
кўнглим кўнмади.
О, фаслим, сен кетгач боғларда
қайта,
яшиллик унмади.
Мовий туманларда қолдим адашиб,
Фақат билганим шу,
тушларим кемтик.
Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида,
суратин чизаман қанотсиз эркнинг.
... Ненидир унутдим.
Зулхумор Орифжонова