ҚАЙДА БЎЛСАМ ФАҚАТ ОЙДИН СЎЗ АЙТДИМ

Яхшилар ёди

Хосият БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистон халқ шоири

ҚАЙДА БЎЛСАМ ФАҚАТ ОЙДИН СЎЗ АЙТДИМ

    Токи адабиётимизнинг улуғлари шеърлар тўла дафтарим билан шеърият ишқи тўла қалбимни Ойдин опанинг меҳр, эзгулик тўла бағрига топширгунларича улар билан учрашмаган эдим. Фақат шеърларини ўқигандим.
1974 йилнинг илк баҳорида учрашдик. Ойдин Ҳожиева “Шарқ юлдузи” журналида ишлардилар. Арзимаган машқларим билан олис қишлоқдан келиб, сўзи ҳам, ўзи ҳам, таъби ҳам нозик бир аёлнинг вақтини олаётганимдан хижолат бўлиб ўтирардим. Опа ширин сўзлар айтиб, дафтаримни олиб қолдилар. Кўп ўтмай машқларим бир неча газета ва журналларда эълон қилинди. Бирдан Хосият Бобомуродова бўлиб қолдим. У пайтларда компьютерлар йўқ, машқларим қўлда ёзилганди. Ўнлаб шеърларни машинкада кўчиртириш, таҳририятларга элтиб топширишнинг, натижасини сўраб туришнинг ўзи бўладими?!
    Бунинг учун меҳнат, фидойилик, тоза қалб керак бўлишини ўша пайтларда тушунмаган ҳам эдим. Бора-бора Ойдин опа маънавий ҳомий, меҳрибон устозим, қадрдон опам, сирдош дугонамга айланди.
    Биринчи шеърий тўпламим ҳам опанинг синчков нигоҳларидан ўтди.
   Ойдин опанинг нозик табиати шеърларига ҳам, асарларига ҳам кўчган. Босар-тусарини билмай қолган туйғулар селини ўта моҳирлик билан жиловлаб, ўзанига солиб, майин жилдиратади.
    Ҳеч қачон ортиқча сўз айтмайди. Бекорчи фикрларни аралаштирмайди. Барча ёзганлари ойдин ва тиниқ. Ният қиладиган жойидан тутадиган, тутган жойидан кесадиган сўзларга юклатилган фикрлар. Биз – шогирдлар ҳамиша пардозланмаган сўзларимиздан опанинг олдида хижолат чекиб, уялиб турамиз. Мен ҳаммасидан аввал устоз ва дўст Ойдин опа ҳақида гапирмоқчи эдим.
    Опам ҳамиша оилам тинчлигини, фарзандларим камолини меҳр ва талабчанлик билан кузатадилар.
   Ота – оиланинг таянчи эканига нозик лутфлар билан ишора қилардилар. Яхши кунларимда ҳамиша ёнимда турганлар. Улар ёнимда бўлганларида ортимда тоғ суяб турганидай хотиржам тортиб қолганларим, қўни-қўшним, қариндошларимнинг ҳаваслари… Невараларимга исм танлаганлари. Бошим ёстиққа етган дамларда тушимга кирдингиз, тинчмисиз, деб қўнғироқ қилишлари, омадларимдан суюнишлари…
    Бу чиройли хотираларнинг қайси бирини айтсам экан… Бу каби фидойиликлар бир менга эмас, юртимиздаги барча ижодкор қизларга кўрсатиларди. Ижодкор аёл қалбининг нозик томирчалари келиб, “Саодат” даргоҳида туташади. Бу ерда Ойдин опа интилиб, топиб келганларнинг барига ўзига хос сўз топарди.
    Опа ҳеч кимнинг хатини беэътибор қолдирмайди. Эринмай мактублар йўллар, вақтини қизғанмайди.
    Ойдин опанинг хотираси жуда кучли. Ўзлари ёзган барча шеърларни ёд билгани камдай, шогирдларининг ҳам яхши мисраларини эслайдилар. Соатлаб шеър ўқийдилар. Опа билан мамлакатимизнинг олис-олис масканларига шеърият кечаларига бирга борганмиз. Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Наманган, Қашқадарё вилоятларида қизғин давралар, мухлисларнинг олқишларига, опанинг кўнгилни эритиб юборадиган чиқишларига гувоҳ бўлганмиз.
    Ойдин опа “Саодат” аталган қутлуғ минбарни нур, зиё, меҳр билан ёритиб тургани боис, минглаб аёл қалби гоҳ мактублар, гоҳ қўнғироқлар орқали, гоҳ ташриф буюриб энг нозик розларини шу жойда изҳор этадилар. Келгувчилар дардларини, орзуларини уларга ишонадилар ва яшамоққа иштиёқ билан ортига қайтадилар. Гоҳо масъулиятни унутиб, узоқ вақт бепарво кетамиз биз – шогирдлар. Ойдин опамиз бизни излаб топадилар. Ё мактуб, ё қўнғироқлар бизни излаб келади. Хосият (Самарқанд), Дилбар (Наманган), Мақсуда (Олтиариқ), Энахон (Фарғона), Бахшанда (Бухоро), Сайёра (Хоразм), Баҳор, Ойниса (Сирдарё) (бу рўйхат уз-у-н) қаердасизлар, нега жимсизлар деб безовталанадилар. Биз уларнинг меҳрини табиий ҳолдай қабул қиламиз. Шу фидойи қалб эгасини авайлашни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кўзга кўринмас занжирлар билан боғланган қалъамиз борлигига суюниш ҳам хаёлимизга келмайди.
    О, менинг устозим, опажоним, меҳрибоним! Сизнинг борлигингиз менга ва мен кабиларнинг ҳаётига қанчалар ёруғ нур олиб кирди. Қанча чалкаш йўллардан етаклаб чиқди.
   Қизилтепанинг Хожайи Бўстонида, ҳаммамизнинг қисматимиз бўлган пахта пайкалларига қоришиб, сигир боқиб, ўт териб юрган қизалоқ, акаси, отасидан айрилиб, онаси, опалари кўмагида бўй чўзган навниҳол қиз, қишлоқ қизи қандай қилиб шеърият бўстони маликасига, элининг эрка қизига, халқ шоирасига айландингиз?!
Бу йўлларда қанча жасорат, меҳнат, истеъдод керак бўлди?!
    Сиз аёл умрида “ялт” этган учқунларни илғаб, улар ҳақида ярим асрдан буён ҳассослик билан куйлайсизу биз ёнимизда турган сиз чиноримиз ҳақида ёзишни ҳам ўйламабмиз.
   Сиз кийиниш, сўзлаш, оила тутиш, сафар қилиш, ижод бобида ҳамиша, ҳаммамизга ибрат, беминнат мактаб бўлиб, дарё каби меҳр тутиб яшаганингиз биз – замондошларингиз учун омад эканини сезмабмиз.

Қайда бўлсам фақат ойдин сўз айтдим,
Шаънингни бамисли чанқовуз айтдим.
Мен – Ҳожи бобонинг супрақоқдиси
Ой бориб бағрингга ёруғ юз қайтдим.
Мадҳингни бамисли чанқовуз айтдим!–

деб, дилни орзиқтириб юборадиган эрка сўзлар айтасиз, қишлоғингизга битган салом хатингизда. Аллаларингиз, айтишларингиз, келинсаломларингиз, истиқлол ҳақидаги олов мисраларингиз бунча гўзал, бунча халқона, бунча ўзбекона!

Отам, онам, жигаргўшам,
Қадрим, аслим, юз андишам,
Байрамингга жоним қўшам,
Ўлсам энди армоним йўқ! –

деб айтишга минг бора ҳақлисиз. Ҳамманинг дилидагини бунча аниқ топасиз, опажон! Сиз ўтган, ўтаётган сўз йўли ҳаммамизнинг йўлимиз, қисматимиз, тақдиримиз:

Овчилар қирма-қир из излаб юрар,
Совчилар уйма-уй қиз излаб юрар,
Ҳар кимни ҳар кўйга солмиш худойим,
Шоирлар дилма-дил сўз излаб юрар.
Гарчанд товонларни куйдиргайдир чўғ,
Гарчанд кўксимизни излаб юрар ўқ,
Сўз излаб келганмиз бизлар дунёга,
Шу сўзни топмайин иложимиз йўқ!

    Сўз излаш қисмати билан ғолиб яшаётган опажоним, омад ҳамиша сиз тарафда бўлган ва яна бўлаверишига ишонаман!
    Ушбу дил изҳорлар битилганда, 2011 йил эди. Устоз Ойдин Ҳожиева ҳаёт эдилар. Шеърият боғлари Ойдин опадек маликаси билан гўзал ва кўркам эди.
    Бир йили Қашқадарё вилоятида бўлган учрашувларга Ойдин опа Қутлибека Раҳимбоева иккимизни бирга олиб кетдилар. Бир туманнинг мажлислар залида фаоллар билан учрашувлар бўлаётган эди. Опажон олқишлар билан сўзларини тугатдилар Қутлибека дугонам ҳам ўзининг фидойи, куйинчак шеърлари билан даврани сеҳрлади. Менга навбат келганида, опа: – Хосият, “Ватан ягонадир”ни ўқинг, – дедилар. Устоз амри – вожиб, хўп, дедим:

Дерлар, ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор, ҳаттоки худолари кўп, –

шу ерга келганимда, опа менга тўхтанг, дедилар ва залга мурожаат қилдилар:
– Келинглар, тўртинчи сатрини бирга айтамиз, – ўзлари биринчи бўлиб бошлаб бердилар:

– Ватан ягонадир, Ватан биттадир!

    Ойдин опанинг майин, тиниқ, ўктам овозига бутун зал гуриллаб, жўр бўлди. Деразалар зириллаб, бошим айланиб кетди.
    Опажонима, шу ерда ҳам менга меҳрини, халқ қалбига кириш йўлини кўрсатдилар! Сўнг узоқ йиллар: – Фаоллар, раҳбарлар, ВАТАН дея, зўр ҳайқиришди-да, менинг Хосиятимга эргашиб, – деб гапириб юрдилар. Ҳозир синф хоналарида, аудиторияларда, катта залларда бу ҳайқириқ янграганда, кўз олдимга устознинг азиз сиймолари келади, келаверади.
    Бу йилги байрамимизда Юртбошимиз қўлларидан юксак мукофотни олар эканман, кўз ўнгимда яна синчков устозимнинг нурли қиёфаси гавдаланди. Менга йўллаган мактублари, шеърлари хаёлимда қад ростларди. Чиройли имлода битилган:

Кўнглимдайин кўнглим менинг,
Самарқандда синглим менинг, –

дея бошлангувчи шеърлари, нозик имолар билан койигувчи хатлари... Барчаси бирзумда хаёлимдан ўтди. Кўзларимга ёш келди... Шу дамларда ёнимда бўлсангиз эди, дея юрагим орзиқди. Ёнимда бўлмасангиз ҳам, ҳамиша ёдимиздасиз, азиз устоз. Охиратингиз обод бўлсин!


Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар