Дунёга машҳур хонимлар
Қалблар маликаси
Кузатишлардан аёнки, сўнгги бир неча ўн йиллар мобайнида Қатар араб мамлакатлари орасида эркин ва либерал давлатларнинг бирига айланди. Бу ўзгаришлар қатарлик аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам сезила бошлади. Улар сайловларда овоз бериш, машина ҳайдаш ва ҳатто, кийиниш услуби масаласида ҳам танлов ҳуқуқини қўлга киритдилар. Таълим олиш имконияти кенгайгани туфайли улар ҳукумат бошқарувида юқори лавозимларда ишлай бошлади. Мамлакатдаги бундай инқилобий ўзгаришларда Шайх Моза бинту Носир ал-Миснеднинг катта ҳиссаси бор. Мозахоним шунчаки мода ихлосманди эмас. У ўзига хос шарқона услубда кийиниши билан мода оламига бошқача бир об-ҳаво олиб кирди. Сиёсат ва бизнесда ҳам ўзини синаб кўриб, салмоқли муваффақиятга эришди.
“Форбес” журнали томонидан ер юзидаги энг нуфузли 100 нафар аёл қаторига киритилган Шайх Моза бинту Носир 1959 йилнинг 8 август санасида Қатар шимолидаги Ал-Хор шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси омади чопган бизнесмен ва сиёсатчи бўлган. Мавжуд тузумни очиқдан-очиқ танқид қилгани сабаб озодликдан маҳрум қилинди. Лекин бу жазо ҳам уни қатъий фикридан қайтара олган эмас. Аксинча, қамоқда бўлганида у ўз устида тинимсиз ишлаган, билимини мукаммаллаштирган. Озодликка чиққач, оиласи билан Кувайтга кўчиб ўтишга қарор қилди. Айнан ота қизининг шахсиятини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган: у ўз фарзандига болаликдан мусулмон урф-одатларини ҳурмат қилишни, собитқадамликни, дунёга теран нигоҳ билан қарашни ўргатган. Сифатли таълим олиши учун унга барча имкониятлар яратиб берилган. Моза ўсмирлик чоғларида инглиз тилини мукаммал ўрганиши учун бир муддат Буюк Британияда таҳсил олган. Дастлаб шифокор бўлишни орзу қилиб, кейинчалик ижтимоий ва сиёсий фанларга қизиқиб қолди.
Хориж мактабини тугатгач, олий маълумот олиш учун ватанига қайтишга қарор қилади. Социология мутахассислиги бўйича ўқишга кирганидан кўп ўтмай унинг келажакдаги ҳаётини белгилайдиган воқеа содир бўлади.
Мозада болалигиданоқ ақл ва ҳиссиёт уйғунлиги сезилиб турарди. Оқила ва чиройли талаба қиз Қатар валиаҳд шаҳзодаси Ҳамад ибн Халифа Ат-Танининг эътиборига тушади. Шаҳзода турмуш қуришни таклиф қилганида у 16 ёшда бўлган. Аммо у оила қуришга қарор қилишдан аввал таълим олишни муҳим деб ҳисоблади. Қатар университетида ўқиб, Америкада малака оширганидан кейингина турмушга чиқишга розилик берган. Оила қурганидан кейин у сарой одоб-ахлоқининг барча нозик томонларини ўрганди, етти нафар меросхўрни дунёга келтирди.
Вақти келиб отасининг мерос тахтига шаҳзода Ҳамад ўтиради ва малика ҳам қиролича мақомига юксалади.
Қирол Ҳамаднинг давлат раҳбари сифатидаги илк қарорларидан бири Қатар таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш жамғармасининг ташкил этилиши эди. Бу жамғарманинг фаолиятига рафиқаси масъул бўлиб, у 25 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу фондни муваффақиятли бошқарди. Мазкур жамғарма раиси сифатида у Қатарда дунёга машҳур университетларнинг филиалларини очиш ва мамлакатнинг барча аҳолиси учун таълим олиш имкониятини таъминлашга бош-қош бўлди.
2003 йилда қиролича Мозанинг ютуқлари халқаро майдонда юқори баҳоланиб, у ЮНЕСКОнинг таълим бўйича махсус вакили бўлди. Ушбу вазифани бажонидил қабул қилган қиролича нафақат ўз мамлакати, балки бошқа миллатларнинг фарзандларининг таълим олиши учун курашга бел боғлади. Ҳозирги кунга қадар кам таъминланган оилалардаги миллионлаб болаларнинг билим олишига ёрдам берган “Education Above All” (“Таълим ҳамма учун”) фонди таъсисчисига айланди. У дунёнинг турли ҳудудларидаги ўғил-қизларнинг илмли бўлиши учун қўлидан келганча ҳаракат қилади. Бунинг учун у турли мамлакат лидерлари билан кўришади ҳамда таълим билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш юзасидан музокаралар олиб боради. Бу билан чекланиб қолмасдан, қурби етмайдиган кишиларни даволаш учун ҳомийлик ҳисобидан миллионлаб маблағ сарфлайди.
Уни ҳеч ким бир қарашда кўп фарзандли она демайди. Қироличанинг сарвқомати, дилбар кўриниши ва дид билан кийиниши унга ўзгача латофат бахш этади. Кийинишда ўзига хос ёрқин ранглардан фойдаланади. Пушти, нафармон, оқ ва яшил ранглардаги либосларни ёқтиради.
Етакчилик фазилатлари, тадбиркорлиги, меҳнатсеварлиги, илм олишга бўлган интилиши ва оқилалиги унинг саройдаги мавқеини тобора мустаҳкамлади: қирол хонадонида бакалаврдан докторлик илмий даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди.
Тинимсиз меҳнат ва курашлар ўз самарасини берди – Мозахоним Шарқдаги энг нуфузли жамоат арбобларидан бирига айланди ва кўплаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлди. Отаси болалигидан тиришқоқ қизчасига мақсад йўлида қатъиятли бўлишни ўргатган эди. Қиролича йиллар давомида ўзига обрў, шон-шуҳрат келтирган анъаналарга садоқат билан ҳаёт кечирмоқда.
Интернет материаллари асосида Наргис тайёрлади.