Биласизми?
АЁЛЛАР НИМАГА КЎП ГАПИРАДИ?
Аёлларнинг эр кишиларга қараганда кўп гапириши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Кузатувларга кўра, бу зариф жинс вакилалари бир кеча-кундузда беш соат давомида турли олди-қочдилар ҳақида ғийбат қилишлари мумкин экан. Бу тасодиф эмас, ўзига хос сабаблари бор эканлигини тадқиқотчилар аниқлашган.
Эр кишиларнинг кўнгли тўлиб кетса, бу ҳақида яхшироқ ўйлаб олишлари учун ёлғиз қолишни афзал билишар экан. Аёллар эса дарров кимгадир айтишга, айтганлари ҳақида суҳбатдошидан ҳамдардлик маъносидаги сўзларни эшитиб, тасалли топишга мойил бўлишар экан. Улар дилидан кечаётганларини айта бошлаганда тўхтатиб қўйиш, эшитмаслик, аёлни шунчаки ранжитибгина қўймас экан. Балки асабийлашишига сабабчи бўлар, ҳатто, у ҳолатдан жазавага тушиши ҳам мумкин экан.
Барибир эркаклар кўп гапирган хотин-қизларни унча хуш кўрмайдилар. Бу уларнинг инжиқликлари эмас, шунчаки миялари аёллар қабул қиладиган ҳажмдаги катта ахборот (агар бу ахборот “айтди-деди”лардан иборат бўлса, албатта)ни қабул қилмас экан. Шунинг учун, азиз опа-сингиллар, турмуш ўртоғингиз ёнида ишдаги ҳамкасбларга тегишли яхши-ёмон гаплардан сўз очмаганингиз маъқул. Чунки бу айтганларингизнинг улар учун мутлақо қизиғи йўқ, ёқмаётганини билиб ҳам гапираверсангиз, зардаси қайнаб, сизни ранжитиб қўйиши мумкин.
Яна шуни ҳам хотирдан фаромуш қилмаслик керакки, аёллар бош миясининг иккала ярим шарида ҳам нутқ марказлари мавжуд. Қарама-қарши жинс вакилларида эса нутқ зонаси қатъий белгиланмаган бўлиб, миянинг чап ярим шар қисми нутқ функцияси учун жавоб беради. Шунинг учун ўқувчилик даврларида қизлар тил маҳорати бўйича пешқадамлик қиладилар, ўғил болалар эса табиий фанларда кўпроқ ўзларини намоён қилишади.
Шуниси таажжубки, аёллар гапираётганларида эшита оладилар ҳам. Эркаклар, аксинча, сўз бошлаганда бошқалардан жимликни талаб қилади. “Гапимни бўлмай, эшит!” деган хитоб дунёдаги барча тилларда кўпроқ кучли жинс вакиллари тарафидан айтилади.
Айтилганлардан хулоса шуки, муҳтарама аёллар, рафиғингиз, бошлиғингиз (агар у эр киши бўлса), ҳатто, ўғлингиз гап бошласа, ичингиздан гап қайнаб келса-да, сўз тугашини кутинг. Ҳурматли эркаклар онангиз, хонимингиз, опа-синглингиз, ҳатто, қизингиз ўзига сиғмай кетиб, сизга нималарнидир айта бошласа, тингланг, тўкилиб олишига имкон беринг. Шунда уларда хуш кайфият уйғонишига ёрдам берган бўласиз.
Интернет материаллари
асосида тайёрланди.