ОЛТИН ДАВР ОСТОНАСИДА

Ёшлар овози

ОЛТИН ДАВР ОСТОНАСИДА

    Бир қизнинг билимли бўлиши бутун оиланинг маърифатли бўлиши учун имкон яратади. Нуфузли давраларда бот-бот такрорланадиган бу фикр давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Мамлакатимиз Президентининг қатор Фармон ва қарорлари ҳам айнан шу йўналишга, яъни хотин-қизларнинг таълимини мукаммаллаштиришга қаратилганлиги ҳам, кейинги пайтларда аёлларимиз ҳаётида рўй бераётган маънавий юксалишлар ҳам уларга яратилаётган яхши шароитлар билан боғлиқ эканлигини намоён қилмоқда.
    Кечагина мактабда сўнгги қўнғироққа тайёргарлик кўриб дунёча орзулар билан юрган ёшлар бугун катта ҳаётга қадам қўйиб, талаба деган юксак номга сазовор бўлдилар. Бу даврда инсон мустақил фикрлашни, ўз мақсади сари интилишни, вақтни тўғри тақсимлашни ва масъулиятли бўлишни ўрганади. Янги дўстлар орттиради, устозлардан билим ва ҳаётий сабоқлар олади.
    Талаба бўлиш бахтининг муҳим жиҳати келажак учун мустаҳкам пойдевор яратилишидир. Бугунги талаба эртанги куннинг малакали мутахассиси, жамиятнинг фаол ва билимли аъзосидир.
Саҳифамиз қаҳрамонлари Республика оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси асосида талаба бўлиш саодати насиб этган бахтиёр қизлардир.

    Ёдгора Давлаталиева:
– Ўзим асли Наманган вилоятининг Чуст туманиданман. Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олдим. Ҳали талаба бўлмай туриб ота-онам ва оиламдан олисда яшадим. Уларни жуда соғинардим. Албатта, ўқишга киришим керак, ота-онамнинг менга билдирган ишончини оқлашим зарур, деган қатъий қарорим соғинч изтиробларини енгишимга ёрдам берарди. Тарих фанидан А+, она тили фанидан В+, инглиз тили фанидан олган IELTSларим менга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига давлат гранти асосида талаба бўлиш бахтини ато этди. Мен ўз тақдиримдан миннатдорман.
     Миллий сертификат олиш дегани осон кечадиган жараён эмас. Бу дарсдан ташқарида яна дарс тайёрлаш учун кетадиган энергияни сарфлаш, ўсмирликнинг жозибали қизиқишларидан кечиш, дегани. Мен бу жараёнда вақтни тўғри тақсимлашни, аниқ мақсадга йўналтиришни ўргандим. Назаримда, энди талабалик синовларида ҳам қийналмайман.

 

    Ойжамол Турсунова:
– Онам болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган ва оилавий шароит сабаб ўз орзуларига етолмаган экан. Шунда келажакда фарзандимни шифокор қиламан, деб дилига тугиб қўйган эканлар. Шу сабаб улар мени ўқишга тайёргарлигим учун бор эътиборларини қаратдилар. Барча шароитларни яратди, деб осонгина айтяпман. Кенгроқ қараганда, улар икки кўйлакнинг ўрнига биттасини кийди. Қозонга ўйлаб, режалаб масаллиқ ташлади, мен учун ўз ҳузур-ҳаловатидан кечди.
    Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳриданман. Онам шаҳримиздаги тиббиёт муассасасида тозаликни сақлаш бўйича ёрдамчи кичик тиббий ходим бўлиб ишлайди. Дадам – ҳунарманд, уста. Оилада учта фарзандмиз. Опам педагогика йўналишида таҳсил олади, талаба. Укам мактаб ўқувчиси. Мен Данғара 2-сон политехникумида таҳсил олиб, бу таълим даргоҳини имтиёзли диплом билан тамомладим. Кейин тавсиянома асосида Тошкент давлат стоматология институтига давлат гранти асосида ўқишга кирдим.
    Бугун ўқийман, деб ният қилган, ўқиб изланган ёшлар борки, мақсадлари рўёбини кўрмоқдалар. Мен ана шундай бахтиёр ёшлар қаторида эканимдан фахрланаман.

    Мадина Низомова:
– Оилада тўрт нафар фарзанднинг тўртинчисиман. Отам вафот этган, онам Дилрабохон – шифокор. Ота-онам зиёли бўлганликлари учун ўқишимиз зарур бўладиган барча шарт-шароитларни яратиб берганлар. “Илм – инсонни юксалтиради, жаҳолатдан асрайди”, дердилар дадам раҳматли. Биз – фарзандлар учун доим битта мақсад бўлган: фақат ўқиш, бу учун болалик орзу-ҳавасларидан кечганмиз. Кўча чангитиб ўйнамаганмиз, дугоналар билан сирлашмаганмиз, қувлашмачоқ, бекинмачоқлар бўлмаган. Ҳамиша онамнинг бугун нима ўргандинглар, деган қатъий талаби бўлган. Мен уйда ўзимизнинг кутубхонада улғайдим, десам хато бўлмайди. Болалигимдан кўп китоб ўқидим, китобга дўст бўлдим. Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга кирган бахтиёр талабаман. Мактаб даврида ўқишга эътиборсиз бўлган, бугун афсусланаётган тенгдошларимга ачинаман. Қани, вақтни орқага қайтариб бўлса...

    Хонпошшахон Исломхўжаева:
– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг билим олишлари учун кенг шароитлар яратилган. Бакалавр йўналишини тамомлаган хотин-қизларга магистратурада ўқиш учун имтиёз берилган. Ўзим Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавр йўналишини тамомлаганман. Ушбу имтиёздан фойдаланган ҳолда тавсиянома асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабига ўқишга қабул қилиндим. Миллий сертификатларим ҳамда IELTSдан олган 6,5 балл ютуқларим учун муносиб замин бўлди. Иқтисодиёт йўналишида яхши мутахассис бўлиш учун фақат ўқишнинг ўзи кифоя эмас. Доимо изланиш, янгиликларни кузатиш ва ўз устида ишлаш зарур. Чунки бунда математика, статистика, молия, бухгалтерия ва бошқа мураккаб фанларни ўзлаштиришга тўғри келади. Айрим мавзуларни тушуниш учун кўп машқ қилиш ва масалалар ечиш талаб этилади. Бундан ташқари, иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, рақамлар билан ишлаш ва тўғри хулоса чиқариш ҳам муҳим. Ўзим иқтисодчилар оиласида камол топганман, оилавий суҳбатларимизда доим шу мавзу етакчи бўлган. Бугунги меҳнат, изланиш ва билим эртага малакали мутахассис бўлиш учун мустаҳкам пойдевордир. Билимларимни мустаҳкамлаш, илмий ишлар қилиш ва мамлакатимиз иқтисодий ривожланишига ўзимнинг ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.

    Элнора Каримова:
– Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 289-сонли ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаганман. Хорижий тилларга қизиқаман. Ўқувчилик йилларим инглиз тили фанидан республика олимпиадасида 2-ўринни эгаллаганман. Миллий сертификатларим ҳамда IELTSдан олган 7,5 балли ютуқларим мени Тошкент давлат юридик университетининг Бизнес ҳуқуқ ва суд ҳимояси йўналишига давлат гранти асосида ўқишга киришимга сабаб бўлди.
     Тайёргарлик жараёнларида танловим нафақат касбий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам фойдали эканлигига амин бўлдим. Чунки инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаса, ҳуқуқий маданиятли бўлмаса жамиятда фаолият юритишида қийинчиликлар юзага келиши мумкин, деб ўйлайман.
    Мен мамлакатимизни жаҳон майдонида нуфузини оширишга, юртдошларимизни ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшишни ният қилганман.

     Муниса Қурбоналиева:
– Тошкент шаҳридаги республика ихтисослаштирилган дизайн мактабини тамомлаб, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномаси асосида Тошкент архитектура-қурилиш университетига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Сурхондарё вилоятининг Денов туманиданман. Оддий оила фарзандиман, отам вафот этган, онам тикувчи, оилада икки нафар қизмиз, опам ЎзМУ талабаси.
     Болалигимдан расм чизишга қизиққанман, ноаниқ чизиқлардан мазмун топиш энг севимли машғулотим эди. Кейинчалик архитектор бўлиш истаги туғилди ва шу йўналишда астойдил ўқиб, ўргана бошладим. Бир неча марта ҳаммасидан воз кечиш истаги ҳам бўлган. Чунки бугун бир касбни тез эгаллаб, пул топишнинг йўлларини ҳам топсанг бўлади. Аммо қалбим тубидаги овоз – тўхта, бугун бедорсан, эртага ютуқлардан қувонасан. Тенгдошларинг мазза қилиб ўйнаб-кулиб юрганда сен қоғоз, қалам қучоқлаб фақат югуряпсан. Эртага тўғри йўл тутганингдан хурсанд бўласан, дерди. Ҳаракатларим бесамар кетмади, бугун ўзим орзу қилган олийгоҳ талабасиман. Онамни шартнома ташвишлари билан қийнамаётганимдан суюнаман. Келажакда ироқлик дунёга машҳур афсонавий меъмор аёл Заҳа Ҳадид каби бетакрор лойиҳаларим билан жаҳонга танилган ўзбек меъмор қизи бўлишни орзу қиламан.

    Азиза Айталиева:
– Ёшим 34 да. Катта оиланинг келини, тўрт нафар фарзанднинг онасиман. Турмуш ўртоғим “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ходими. Тошкент шаҳридаги 1-сон перинатал марказида доя бўлиб ишлайман. Тиббиёт коллежини тамомлаганман. Касбимни севаман, чақалоқлар жону дилим. Болалигимдан тиббиёт ходими бўлишни орзу қилардим. Олий маълумот олишни мақсад қилгандим, шу мақсад йўлида тиним билмадим. Кундузлари ишлаб тунлари китоб ўқидим, болаларимнинг ширин ташвишларидан вақт ажратиб, ўрганишга имкон топдим. Қайнона-қайнотамнинг дуоларини олишу умр йўлдошимнинг кўнглига йўл топиш баробарида, қозон бошида, автобусларда ҳам қўлимда доим китоб бўлди. Иш жойимда ҳам мени оиламдагилар каби қўллаб-қувватловчилар кўп. Ниҳоят, беш йиллик стаж бўйича хотин-қизларга ажратилган квота асосида, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига асосан Тошкент давлат тиббиёт университети талабаси бўлиш саодати насиб қилди. Мени қўллаб-қувватлаган барча яқинларимдан, устозларим, ҳамкасбларим, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Президентимдан миннатдорман. Билим олишнинг кечи бўлмайди, ҳаётда ўрнимни топаман, десангиз, дангаса бўлманг. Аёлларга ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган фикрим – шу.
    Бугун талаба деган юксак мақомга эришган бу истеъдодли қизлар чин маънода миллатимиз гавҳарларидир. Ҳали олдинда ўқиш, билим олиш, имтиҳонлар масъулияти бор. Уларни енгиб ўтишда бу матонатли қизларда етарлича сабр-тоқат ҳам бор. Чунки жуда кўпларга орзу бўлган бу олийгоҳларга тайёргарлик даврининг ўзиёқ уларни маълум даражада, машаққатлар чекишга, ғолиб бўлишга ўргатди. Биз мустақил ҳаёт остонасида турган бу қизларимизга ойдин йўллар тилаймиз.

Феруза ОРИПОВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар