
Санъатимиз фидойилари
ЮЛДУЗДАН ТАРАЛГАН НАВО...
Бухородан бошланган йўл...
Бухоро – тарихини фақат обидаларида эмас, оҳангларида ҳам асраб келаётган замин. Бу ерда мақом оддий мусиқа эмас, авлодлар хотираси, устоз-шогирд анъанаси, юксак дид ва маънавият билан уйғунлашган катта бир мактаб. Бухоронинг ҳавосида ҳам қадимий бир оҳанг бордек: уни фақат эшитиш эмас, шунчаки ҳис қилиш керак бўлади.
Шу муҳитда туғилиб ўсган Юлдуз Турдиева сулоласида санъаткорлар йўқ. Аммо болаликдан мусиқага, айниқса, мақомга меҳри бор эди. Бугун у “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвони соҳиби. Лекин бугунги Юлдузни англаш учун аввал унинг Бухородаги оддий болалигига қайтишни истадик.
– Болалигингизда қандай қиз эдингиз?
– Жуда эрка қиз бўлганман. Уйда кенжа бўлганим учунми, ота-онам истакларимга деярли “йўқ” дейишмасди. Бироз дангаса ҳам бўлганман. Агар ҳозир ёш Юлдузга маслаҳат бериш имкони бўлганида, кўп ухлама, кўп ҳаракат қил. Имконингдаги вақтдан унумли фойдалан, ҳаёт Яратганим бизга тортиқ қилган омонат, омонатга хиёнат қилма, деган бўлардим. Болалигимдан яна бир нарса эсда қолган: жуда таъсирчан эдим. Қишлоқда ўсганим билан турли жониворлардан чўчирдим. Ҳатто мактабга кетаётганда йўлимдан мушук чиқиб қолса, ортга қайтиб кетган пайтларим бўлган. Кечаси ҳам чироқни ёқиб ухлардим. Катта кўчаларни дадам ёки акамнинг кўмаги билангина кесиб ўтиб, манзилга етардим. Кейин ҳаётнинг ўзи одамни ўзгартирар, ўз измига солар экан.
Юлдузнинг ўша пайтдаги эркалиги, таъсирчанлиги, онасининг меҳри билан қоришиб кетган ширин йиллар эди.
Онаси кичикроқ дўконча юритар, унда шоколад, печенье каби ширинликлар сотиларди. Юлдуз эса синфдошларига уларни улашишни яхши кўрарди.
– Болалигимда онамнинг тили билан айтганда, жуда қўлиочиқ қизалоқ эканман. Дўкончамиздаги ширинликларни синфдошларимга ташийверганимдан сийраклашиб қолган маҳсулотларни кўриб онам: “Қизим, шунча шоколад қаёққа кетди. Мен рўзғорга бир фойда келтирай, деб жоним ҳалак юрганим билан бу ёқда сен ҳаммасини текислаб турган экансан-да”, деди бироз ранжиб. Кейин қўрқиб турганимни кўриб кулиб юборганлари, майли, савобига шерик қилсанг бўлди, болам, деганлари кечагидек эсимда.
Отаси Чори ака, онаси Шоҳиста ая ҳам қизининг санъатга қизиқишини кўриб, уни қўллади. Санъаткорлар ҳақидаги турли гап-сўзлардан ҳам иложи борича узоқ тутди. Юлдуз ўн беш ёшга киргунича онаси тадбир ва танловларга бирга борди. Кейин бу вазифани акаси Шаҳобга юклади.
Ўсмирлик даврида эса ҳаётига унга азиз бўлган яна бир инсон кириб келди. Улуғбек ўша пайтда Бухоро санъат коллежида бирга ўқиган синфдоши. Унинг отаси Толибжон Темиров эса икковининг ҳам устози эди. Тенгдошлар Тошкентга ҳам бирга келишди. Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳужжат топширишди. Юлдуз хонандалик, Улуғбек доира ва довул чолғусида ўқиди.
– Аввалига унинг менга бошқача қарашини сезмаганман. Иккинчи курсда ўқиб юрган кезларда муносабати ўзгариб қолди. Гуруҳимиздаги йигитлардан қизғана бошлади. Ёзги таътил пайти у отаси билан Бухорога тўй хизматларига кетди. Мен эса Тошкентда қолдим. Икки ойнинг ўтиши мен учун жуда қийин бўлди. Чунки у энг яқин сирдошим, энг яқин одамларимдан бирига айланиб бўлган эди.
Кейинчалик у бу муносабатни бир оғиз гап билан ифодалайди:
– Хуллас, устозимнинг ўғлига кўнгил қўйганман.
Бу муҳаббат ҳам баландпарвоз сўзлар билан эмас, бирга ўқиш, бирга йўл босиш, бир-бирини асраш каби оддий ва бебаҳо муносабатлардан бошланган. Тошкентдаги дастлабки йиллар ҳозирги Юлдуз тасаввуридаги ёруғ саҳналардан жуда узоқ эди. Ёш оила бир йилда бир нечта ижара уйини алмаштиришди. Айримларининг нархи арзон, аммо шароити оғир. Баъзиларининг нархи осмонда бўлганидан уни тарк этишга мажбур эдилар.
Янги туғилган ўғлини ҳам дарров Тошкентга олиб келишга юраги дов бермай, қайнонасига қолдирди. У пайтда таниш-билишсиз, доимий рўйхатдан ўтиш муаммолари билан иш топиш ҳам осон эмасди. Ўша кунларини хотирлаётган қаҳрамонимизнинг кўзларида ўкинч ёки надомат эмас, меҳр балқиганини кўриб ҳайрон бўламиз.
– Кўпчиликдан ёрдам сўрадик. Ҳамма ҳам қўлини чўзмади. Лекин бир оила бор эди. Саккиз жон саккизинчи қаватда яшарди. Бизга ҳам уйидан жой беришди. Ўн киши бўлиб яшадик, бир қозондан таомландик.
Ўша оиладаги қадрдонлари исмларини ҳамон меҳр билан тилга олади: Баҳодир ака, онахон ва уларнинг фарзандлари.
– Ўша уйнинг дастурхонидан тотган насибаларимизнинг мазаси ҳали ҳам ёдимда. Ҳозир қанча довруқли емакхоналарда олдимизга қўйилган турфа ноз-неъматларда ўша пайтдаги меҳр билан пиширилган егуликларнинг таъмини тополмайман. Ҳали ҳам улардан хабар олиб турамиз. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Ўша кунларда Юлдузнинг хаёли Бухорода қолган гўдагида, унинг соғинчи билан яшарди. Кунларнинг бирида Озарбайжонда ўтказиладиган Халқаро "Муғом олами" мусиқий фестивали ҳақида хабар топди. Бош мукофотга 15 минг АҚШ доллари қўйилган экан. Бу рақамлар унга маблағ миқдори бўлиб эмас, уй бўлиб кўринди. Ҳаракатни бошлаб юборди. “Қора бахши” қўшиғи Озарбайжон юраги дейилар экан.
Консерваторияда сабоқ берадиган устози Очил Матжоновдан “Қора бахши”ни ўргатишини сўради. Ўн икки кун шу асар устида жиддий ишлади. Кейин Озарбайжонга борди. “Интилганга толе ёр...”деганларидай 2009 йилда у фестиваль ғолиби бўлди. Қўлга киритган мукофотига Тошкент шаҳар марказидан икки хонали уй сотиб олишди.
Ўша пайтдаги Юлдуз учун бу оддий мукофот эмасди. Қисқарган соғинч йўллари, ижара уй сарсонгарчиликлари, хавотирли тунлардан халос бўлиш бахти, ўз уйи, ўз Ватанига эга бўлиш саодати эди бу мукофот.
Аммо синовлар, ижод йўлидаги заҳмат бу билан тугаб қолмади. Фарзандининг илк қадамини кўрмади, ота-онаси бемор бўлиб унинг йўлига қараган кезлар ўзи истаган пайтида уларнинг ҳузурида бўлолмади. Саҳнада бор вужуди билан қўшиққа, оҳангга айланса, саҳна чироқлари ўчиши билан она қалби уйғонар эди. Уйида болалари кутиб турганини ҳис этиб, қадамини каттароқ ташлай бошларди.
Гоҳида олқишлар орасида қизалоғининг “Ойижооон”, деган ширин овози эшитилгандек бўлади, шу сўзгинанинг кучи билан сўзлари, оҳангларининг авжини оларди.
Юлдуз Турдиева ҳақида томошабиннинг ўз тасаввури бор. Телевизорда жиддий, салобатли кўринади. Аммо ўзи бу тасаввурларга сиғмасди.
– Аслида, мен жуда ҳам хушчақчақман. Жуда ҳам содда ва оддийман. Негадир кўпчилик мени бошқача – боши осмонда деб ўйлашади. Ўзимни кўриб суҳбатлашгач, фикрлари ўзгара бошлайди. Тўғрисини айтиш керак, инсонлар билан муносабат масаласида ҳозир анча эҳтиёткорман. Ишонч кўп синовлардан сўнг келадиган ҳиссиёт эканлигини ҳис қила бошлаганман.
Ҳа, халқимизда ўз бошидан ўтказган табиб, деган нақл бежиз эмас.
Бир куни у ҳақида яқинларидан бири: “Юлдуз Турдиева яккахон концерт қиляпти экан. Концертига кимдир кирадими? “Она, мен келдим” дегандан бошқа қўшиғи йўқ-ку бунинг”, деган гапини эшитиб, вужуди музлаб кетди. Аммо унга қарши бир сўз демади. Фақат ўзига-ўзи: “Майли, гапирган гапираверсин, шундай концерт бўлсинки, ҳар бир ашулам билиб-билмай гапириб юрганларнинг ёдида қолсин” дея астойдил тайёргарлик бошлади.
Зал тўла концертдаги олқишлар, кўзида ёш билан қилинган дуолар, анвойи гуллар ифоридан маст бўлган лаҳзалари – ҳаммаси ўша гапирганнинг кўз олдида кечди. Концертдан олдин хонанданинг юрагига тушган муз ҳам эриб меҳрга айланаёзди.
У учун қўшиқ шунчаки ижро эмас.
– Қўшиқ – айтиб бўлмайдиган туйғуларни одамларнинг қалбига етказишнинг бир йўли. Масалан, Юлдуз Усмонованинг “Девоналармиз” қўшиғини жуда яхши кўраман. Унда хонанда ҳамма ҳам айта олмайдиган ҳақиқатларни оҳангга солган, чунки санъаткор баъзан ўзини эмас, тингловчининг юрагида қатланиб ётган қувончу ташвишларга овоз беради. Балки, шунинг учун ҳам қўшиқ инсоннинг дардига малҳам бўлади.
Ҳа, санъаткорнинг ўзи билан бирга улғайиб бораётган, унга доимий ҳамроҳ бўладиган қўшиғи бор, бу “Она, мен келдим” қўшиғидир. Бу қўшиқни қаерда ижро этса, севиб тинглашади. Такрор-такрор сўрашади. Истаклари ижобат бўлмагунча қўйиб юборишмайди. Концертнинг охирими, тадбирнинг сўнггими, ҳатто энди кетаман, деган пайтми, томошабинга фарқи йўқ. Хонанда бундай пайтларда қўшиқсеварлар учун Оналар мадҳиясига айланган бу таронани оғринмасдан жону дили билан куйлаб беради.
Халқ дилидан ўрин олган тароналари бисёр бўлса-да, Юлдуз Турдиеванинг ҳали айтилмаган қўшиқлари жуда кўп.
– Дилимда бир дунё қўшиқлар бор. Ҳали айтилиши керак бўлган мавзулар, ўз куйини кутиб ётган фикрлар бор. Кўпроқ ўзим хоҳлаган, сўзларнинг илдизи юрагимда бўлган қўшиқларни айтгим келади.
Юлдуз Турдиевага “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвони берилган фараҳбахш кун ҳақида сўз кетганда у шундай дейди:
– Ўша кунлари давлат тадбирига тайёргарлик билан банд, телефоним ҳам қўлимда эмас эди. Вазирлик вакилларидан бири: “Сизга хушхабаримиз бор”, деганида, Озарбайжон Республикасининг қандайдир мукофотига муносиб кўрилибман-да, деб ўйладим. Кейин муҳтарам Президентимизнинг Фармонини эшитиб бутун вужудимга титроқ кирди. Йиғлаб юбордим. Биринчи бўлиб ота-онам хаёлимга келди. "Шу кунларни кўриш ота-онамга насиб этди, Аллоҳга шукур", дедим. Уларга қўнғироқ қилдим. Онамнинг овози ҳам торлардаги садолардек титраб келди. “Болам, сени яхши кўрамиз, биз сен билан фахрланамиз”, дедилар. Халқ артисти бўлиш жуда катта масъулият. Бу юксак унвонга буюк устозлар, катта санъаткорлар муяссар бўлишган. Давлатимиз раҳбари менга ҳам ишонч билдириб, шу юксак унвонни бердилар. Энди мен бу ишончга муносиб бўлишим керак. Яна кўпроқ ишлашим, яхши асарлар яратишим, халқимизга муносиб хизмат қилишим керак, – дейди қаҳрамонимиз.
Юлдузнинг кейинги орзулари фақатгина яккахон концертлар билан томошабинларни хурсанд қилиш эмас. У Ўзбекистон давлат консерваториясининг Шарқ мусиқаси факультетида, мақом ва анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олган. Шунинг учун унинг қалбида мақом билан боғлиқ бир катта мақсад бор: устозлари билан бирга “Сарахбор”, “Бузрук”, “Наводугоҳ” сингари авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мумтоз мақом намуналарини ёзиб қолдириш.
– Яна бир орзуйим бор. Бухорода, Минораи Калон қаршисида яккахон концерт беришни ният қилганман. Бу менинг шу шариф шаҳарни бунёд қилган, миноралари билан уни юксалтирган улуғ аждодларимиз олдидаги ҳисоботим бўлади.
Суҳбатимиз охирида яна ўша Бухорога қайтамиз.
Чунки Юлдуз Турдиеванинг барча йўллари Бухородан бошланади. Бу йўллар Тошкентнинг ижара уйларига олиб борадими, ё танловлар ўтадиган нуфузли минбарларгами, ёхуд катта концертлар ўтадиган муҳташам саҳналаргами, барибир, аввали ўша зарзамин бағрида.
Балки, саҳнадаги олқишлар бир кун тинади. Аслида санъаткорнинг баҳоси қандай овозда куйлагани эмас, унинг қандай инсон бўлиб яшагани, авлодларга қандай маънавий мерос қолдиргани билан ўлчанади...
Санъаткорнинг қалбида ҳали айтилмаган қўшиқлар бисёр. Демак, бошлаган ҳикоямиз ҳали тугамаган. Қадим Бухородан келаётган сеҳрли овозга қулоқ тутамиз...
Мунаввара УСМОНОВА


