Долзарб мавзу 28.09.2026 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

АЁЛ ОРЗУСИГА ҚАНОТ БЎЛГАН ЭЪТИБОР

     Шуманай туманининг "Маданият" маҳалласида ҳунарманд Алтинай Навбетова қўй жунидан оёқ кийим ва кигиз маҳсулотлари тайёрлайди. Унинг ҳунари бошқа аёлларга ҳам ишли бўлиш имконини бермоқда: устоз-шогирд анъанаси асосида 30 нафар хотин-қиз касб ўрганиб, бандлиги таъминланган. Ҳозир эса юз нафардан ортиқ шогирд ундан ҳунар сирларини ўрганмоқда. Бир аёлнинг билими ва ташаббуси шу тариқа кўплаб хонадонларнинг рўзғорига наф келтирмоқда.
     2026 йилнинг 8-12 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизларнинг бандлиги, турмуш шароити, саломатлиги ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш давомида ана шундай тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хонадонлардаги суҳбатлар, тадбиркорлар билан мулоқотлар ва сайёр қабулларда аёлларнинг эҳтиёжи билан бирга уларнинг қизиқиши, ҳунари ва ишлаш имкониятлари ҳам ўрганилди.
Аёлга муносиб иш топиш учун унинг қандай касбни билиши, қаерда меҳнат қила олиши, таклиф этилаётган маош оиласи эҳтиёжларига қанчалик мос келишини билиш зарур. Самимий суҳбатда аёл кўнглидаги ниятини айтади: кимдир тикувчиликни йўлга қўймоқчи, яна кимдир билган ҳунарини бошқаларга ўргатмоқчи. Қорақалпоғистонда шакллантирилаётган хотин-қизлар баланси ана шу эҳтиёж ва имкониятларни ўрганиб, ҳар бир аёл билан алоҳида ишлашга асос бўлмоқда.

Ҳунардан бошланган имконият

    Чимбой тумани Бердақ маҳалласида Миваш Туреназарова ўтов учун "Баушыу" безаклари тўқиш билан шуғулланиб, 25 нафар хотин-қизни ишли қилган. "Темиржол" гузарида Азамат Турекеевнинг ўтов жиҳозлари ишлаб чиқариш фаолияти орқали яна 20 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Бу тажрибаларда миллий ҳунармандчиликни асраш билан аёлларнинг даромад топиши бир-бирига уйғунлашган. Ўрганишлар давомида уларнинг ишлаб чиқаришини кенгайтириш бўйича масъулларга кўрсатмалар қилинди.
    Қораўзак туманида тадбиркор Гулбаҳар Ережеповага ишга эҳтиёжи бор хотин-қизларни тикувчиликка ўқитиш ва бандлигини таъминлаш учун 50 та тикув машинаси топширилди. Берунийлик Замира Юсупованинг ҳам тикувчилик қилиши учун тикув машиналари ажратилди. Уч нафар вояга етмаган фарзанди бор бу аёлнинг оиласида доимий даромад етарли эмаслиги аниқланган эди. Энди унинг ўз меҳнати билан рўзғорига ҳисса қўшиши учун шароит яратилди.
    Нукус шаҳрида ўтказилган "Меҳнат ва тадбиркорлик ярмаркаси"да 316 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 385 нафар фуқарога, жумладан, 231 нафар хотин-қизга тадбиркорлик учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилишга ссуда ва кредит ажратилиши учун амалий ёрдам кўрсатилди. Бу натижалар ортида янги иш бошлаш, ўзи билган ҳунарни даромад манбаига айлантириш имконияти турибди.
     Алтинай Навбетованинг ҳунармандчилик фаолиятини кенгайтириш, янги дастгоҳлар харид қилиш орқали яна 15 та иш ўрни яратишга кўмаклашиш таклифи ҳам билдирилди. Унинг тажрибасида қадимий ҳунарнинг бугунги ҳаётга нечоғлиқ кераклиги кўринади. Устоз қўлидан иш ўрганаётган ҳар бир шогирд эртага ўз рўзғорига барака олиб кириши, ўзи ҳам бошқа аёлга ҳунар ўргатиши мумкин. Шундай қилиб, бир инсонга кўрсатилган эътиборнинг самараси яна кўплаб оилалар ҳаётида давом этади.

Бир оиланинг ташвишига ечим

    Чимбой туманида тўрт нафар вояга етмаган фарзандини тарбиялаётган, турмуш ўртоғи вафот этган аёл отасининг таъмирталаб уйида яшаб келаётган эди. Унинг шароити ўрганилгач, туман ҳокимлиги билан Қўштерак ҳудудидаги бўш турган тўрт хонали уйни таъмирлаб, аёл номига расмийлаштириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу келишувнинг рўёбга чиқиши билан она ва болаларнинг ўз уйида хотиржам яшаш орзуси рўёбга чиқади.
     Тахтакўпир туманида 43 нафар хотин-қизнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва бандликка оид масалалари жойида ҳал этилди. Яна 12 нафарининг мурожаати масъул ташкилотларга ўрганиш ва ҳал қилиш учун йўналтирилди. Ўз ташвишини айтиш, саволига жавоб олиш, ечим топишда суянадиган одамлар борлигини билиш инсонга далда беради. Бундай мулоқотларнинг қадри ҳам аёлнинг кўнглида ёлғиз эмаслигига ишонч уйғотишида.
    Хориждаги хотин-қизлар билан мулоқотларда ҳам фарзандлар ҳужжатлари, таълими, Ватанга қайтиш ва иш бошлаш масалалари кўтарилди. Кегейлида ташкил этилган онлайн очиқ мулоқотда юз нафарга яқин хотин-қиз қатнашди. Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида оғир вазиятда қолган беш нафар фуқаро ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари хавфсиз тураржойга жойлаштирилиб, 12 сентябрь куни Ўзбекистонга қайтарилди. Нукусда эса меҳнат миграциясидан қайтган икки нафар фуқарога пишириқ тайёрлаш жиҳозларини олишда кўмак берилди.


Саломатликка ажратилган вақт

    Оила ташвишлари орасида аёлнинг ўз саломатлигига вақт ажратиши ҳам муҳим. Бўзатов ва Кегейли туманларидаги "Саломатлик марафони" доирасида 45–65 ёшдаги 242 нафар хотин-қиз кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди. Онкология шифохонасида даволанаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олиниб, тиббий кўрикларни тизимли ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.
    Амударё тумани Тўлқин овулидаги аёллар соғломлаштириш марказига 50 нафардан зиёд, Бой овулдаги марказга эса юз нафардан ортиқ хотин-қиз мунтазам қатнашмоқда. Бундай масканларнинг маҳаллага яқинлиги аёлларга машғулотларни кундалик ҳаётининг бир қисмига айлантириш имконини беради. Таълим муассасаларида эса болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик ва тўгараклар фаолияти ўрганилди. Мактаб кутубхоналарига 71 номдаги бадиий адабиётлар тақдим этилди.
     Қорақалпоғистондаги учрашувлар аёлларнинг меҳнат қилиш, ўрганиш ва оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиш истаги кучли эканини кўрсатади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳунари, меҳнати ва меҳри билан ҳаётни обод қилишга қодир. Вақтида узатилган ёрдам қўли эса шу кучга ишонч бағишлайди. Алтинайнинг шогирдлари ҳунарли бўлиб, Замира тикувчилигини йўлга қўйиб, уй-жой кутаётган она фарзандлари билан обод хонадонга кўчиб ўтганида эътиборнинг қадри дастурхон баракасида, болалар қувончида, онанинг кўнгил хотиржамлигида намоён бўлади. Аёл орзусига қанот бўлиш унинг ўз бахтини бунёд этишига кўмаклашишдир.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар