Ўзгаришлар қаердан бошланади? Қонунларданми, қарорларданми ёхуд инсон қалбидаги ишончдан? Аслида уларнинг барчаси бир нуқтада – амалда, ҳаётнинг ўзида кесишади. Айниқса, хотин-қизлар ҳаётида ўзгариш яратиш учун ташаббус, имконият ва эътиборнинг ўзи кифоя эмас – амалиёт керак. Шу маънода, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлигидаги тузилма вакилларининг Хоразм вилоятига қилган сафари мазкур мақсад йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ушбу учрашув хотин-қизларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бераётганини пойтахтдан минглаб чақирим олис ҳудудларда ҳам кўриш, уларнинг ютуқлари, муаммолари ва ташаббусларини бевосита эшитишга қаратилган амалий мулоқот ва таҳлил учун имконият онлари бўлди.
Ўрганишлар Янгибозор туманидан бошланди. Бу ердаги “Lora Tex” хусусий корхонасида хотин-қизлар учун яратилган иш ўринлари, уларни доимий даромадли иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланди. Тадбиркор Хуршида Тиллабоева ташаббуси билан ташкил этилган фаолият ҳам эътиборга молик бўлди. Бу лойиҳа орқали маҳаллий хотин-қизлар тадбиркорликка жалб қилинган, натижада уларнинг иқтисодий фаоллиги ортиб, ўз салоҳиятини намоён этиш имконияти яратилган.
Хонқа туманидаги сафар доирасида эса “Баркамоллик” маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор Доно Ҳожиева томонидан йўлга қўйилган ширинликлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ўрганилди. Бу ташаббус ҳудуддаги хотин-қизларни иш билан таъминлашда самарали воситага айланган. Унинг фаолияти маҳалла ободлиги, фаровонлигига рағбат бериш билан бирга аёллар ўртасида тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шу маҳалланинг ўзида жойлашган “Agarus” хусусий боғча фаолиятини ўрганиш кун тартибидан ўрин олди. Санобар Раҳманова раҳбарлигидаги ушбу муассасада болалар учун яратилаётган таълим ва тарбия муҳити, инновацион ёндашувлар таҳлил қилинди. Тадбиркор аёлнинг бу ташаббуси бошланғич таълим ташкилотларида замонавий ёндашувларни амалиётга жорий қилишга ёрқин намуна сифатида қайд этилди.
Яна бир тўхташ нуқтаси – “Раҳимбой Кучаров” фермер хўжалиги бўлди. Матлуба Исмоилова раҳбарлигидаги ушбу хўжаликда қишлоқ хотин-қизлари учун иш ўринлари яратилган, уларнинг меҳнатга жалб қилиниши орқали турмуш шароитлари яхшиланмоқда. Аёлларнинг бу соҳадаги фаоллиги қишлоқ хўжалигида ҳам янги натижаларга йўл очаётганини кўрсатмоқда.
Янгибозор туманидаги “Олтинкўл” маҳалласида жойлашган 12-сонли мактабда эса ота-оналари меҳнат миграциясида бўлган болаларнинг васий ва ҳомийлари билан учрашув ўтказилди. Мазкур учрашувда болаларнинг таълим сифати, ижтимоий ҳимояси ва тарбияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу мулоқотда жамият ва давлатнинг эртамиз эгалари, бўлажак “Учинчи Ренессанс” бунёдкорлари тақдирига нисбатан масъулиятли муносабати яна бир бор намоён бўлди.
“Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Оила маскани”да амалга оширилаётган ишлар ҳам иштирокчилар эътиборида бўлди. Оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, аёлларни ижтимоий ҳаётга кенгроқ жалб қилиш каби йўналишлардаги ташаббуслар мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Бахмалгул Рўзметова томонидан ташкил этилган “устоз-шогирд” анъанаси асосидаги марказда эса ёш қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни меҳнат бозорига тайёрлаш ишлари самарали йўлга қўйилган. Бу лойиҳа орқали билим ва кўникмаларни авлоддан авлодга ўтказиш анъаналари қайта тикланмоқда.
Сафар доирасида “Мустақиллик”, “Тома”, “Ватанпарвар”, “Истиқлол” ва “Баркамоллик” маҳаллаларида истиқомат қилувчи фаол хотин-қизлар, тадбиркор ва ишбилармон аёллар билан очиқ мулоқотлар ҳам ўтказилди. Бунда аёлларнинг шахсий ташаббуслари, муваффақиятли тадбиркорлик тажрибаси ва ижтимоий фаоллиги юзасидан фикр алмашилди. Улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар келгусидаги ишлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Хоразм вилоятида бўлиб ўтган барча учрашувлар, амалий натижаларга асосланган таҳлиллар истиқболларни белгилаш учун замин яратди. Асосийси, опа-сингилларимизнинг фикри, қалб кечинмалари, орзу-истаклари тингланди ва таклифлари юзасидан мутлақо янгича форматда мулоқот қилинди. Чунки ҳар бир аёл ўзгаришни аввало ўз оиласида ҳис этиши, фарзандларининг фаровон турмуш кечираётганида кўриши керак. Аслида, соҳадаги қатор ислоҳотлардан кутилаётган халқчил мақсад ҳам шу.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот хизмати.