УЛУҒ ҲАРАКАТНИНГ МАҚСАДЛАРИ ҲАМ УЛУҒ

   Бугунги замон ота-оналаридан улкан масъулият, кўп меҳнат талаб қилинмоқда. Кун бўйи рўзғор ташвишлари, турмуш югур-югурлари, тирикчилик ўй-хаёли билан овора бўлиб юрарканмиз, баъзан фарзандларимизнинг ҳар қадами, ҳар ҳолатидан мунтазам хабардор бўлишга улгурмай қоламиз.
  Аммо бола улғайгунига қадар унинг атроф-муҳитдан оладиган таъсири беқиёс кучга эга. Айнан шундай пайтларда ота-онанинг “кўзи, қулоғи” бўлиб хизмат қиладиган, фарзанд тарбиясига кўмакдош бўладиган энг яқин инсонлар – бу девор-дармиён қўни-қўшниларимиз, қолаверса, маҳалланинг эътиборли онахонларию тиниб-тинчимас кайвони бувиларидир.
   Бундай нуроний кексалар нафақат кўча-кўйда болага кўз-қулоқ бўладилар, балки тарбиянинг халқона механизмини – огоҳлик, жамоавийлик ва меҳр-мурувват билан уйғунлашган ёндашувни амалда намоён этадилар.
   Пойтахтимизда бўлиб ўтган Республика “Оқила аёллар” ҳаракатининг уч йиллигига бағишлаб ўтказилган муҳташам анжуманда айнан шу каби мақсадларни кўзлаган юртимизнинг фидойи хотин-қизлари жам бўлди.
“Жанжалсиз уй қайда”, деган нақл бор халқимизда. Ҳаракатга аъзо опа-сингиллар маҳалла-кўйда ўзлари ибрат мактаби ўлароқ, томирида қони гупуриб турган ёшларни тўғри йўлга солиш, ҳали у, ҳали буни “олиб берасиз”лаб ер тепсиниб турган қизпошшаларни, келинга аччиқ-чучук гап қилган қайнопаю қайнона онасининг ҳурматини ўрнига қўймаган зардали келинхонимларни одобу вазминлик билан йўлга солиш, муросасозликни мақсад қилган.
  Пировардида ўз фаолиятларини оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш, зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш, ёшлар онгида масъулият ва маънавий бағрикенглик туйғусини шакллантириш каби муҳим йўналишларга қаратишмоқда.
   Республика “Оқила аёллар” ҳаракати 2022 йилда давлатимиз раҳбарининг маърифатпарвар ғоялари асосида ташкил этилган бўлиб, қисқа фурсат ичида 200 минг нафар фаол аёлни атрофига бирлаштирган йирик жамоатчилик тузилмасига айланди.
– “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топган илк йилларда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик, – дейди ушбу ҳаракатнинг фаол аъзоси жиззахлик Дурдона Абдуалиева. – Оилалардаги низоларни, ажримларни бартараф этиш, ёшлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида маҳалла вакиллари билан хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни ўргандик. Аммо афсуски, баъзи хонадонларда бизнинг ҳаракатимизга қарши чиқиб: “Сизлар кимсиз ўзи? Нега оилавий ишларимизга аралашяпсиз? Ким сизга ҳуқуқ берди? Устингиздан шикоят қиламан...” деган важ-корсонлар келтирганларни ҳам эшитдик. Бундай қийинчиликлар олдида ҳам биз ортга чекинмадик. Президентимиз таъкидлаганидек, “Оқила аёллар” ҳаракати том маънода маҳалланинг виждони бўлиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди”...
– Шу ишончни оқлашни ўз олдимизга бурч деб билдик. Бугунги кунда тарғиботчи "Оқила аёллар"имиз кириб бормаган хонадон, маҳалла қолмади десак, муболаға бўлмайди. Ўтган давр мобайнида ҳаракатимиз вакиллари оила ва маҳалланинг виждонига, жамиятнинг иноқлик тимсолига айланди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, хотин-қизларга ҳуқуқий, психологик ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ёшларимизни миллий қадриятлар руҳида оилавий ҳаётга тайёрлаш, улар билан очиқ мулоқот, семинар ва суҳбатлар ўтказиш, касб-ҳунарга йўналтириш – бугунги куннинг асосий вазифаларига айланган.
   Жорий йилнинг аввалги 6 ойи давомида битта Жиззах вилоятида ажрим ёқасига келган 665 хонадондан 425 таси яраштирилди, 309 та низоли оила муаммолари ҳал этилди. Бу – катта меҳнат, бағрикенглик ва инсонпарварлик асосида қилинган тарғибот ишларининг натижасидир. Биз бу эзгу ишларни давом эттириш, янада яхшилаш, ҳар бир хонадонга тинчлик ва тотувлик олиб кириш учун бор билим, малака ва кўникмаларимизни сафарбар этамиз, – дейди Республика “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Ойниса Мусурмонова.
   Юртимиздаги энг кайвони, маърифатли ва зиёли оқила онахонлар жам бўлган анжуманда ҳаракат фаолиятини ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий такомиллаштириш, уни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан аниқ амалий таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.
   Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Мукаррам Нурматова ўртага ташланган таклиф ва тавсияларни бир қадар умумлаштириб, анжуман аҳлининг диққатини қуйидаги фикрларга қаратди:
– Жойларда фаол ишлаётган “Оила мактаблари”нинг ибратли ишларини оммалаштириш зарур. Давр билан ҳамнафас қадам ташлаш асосий вазифаларимиздан бири. Шу боис медиа фаолликни кучайтириш талаб этилади.
Тадбир якунида Республика “Оқила аёллар” ҳаракатининг келгуси йўналишлари, миллий қадриятлар воситасида хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш борасидаги вазифалар ўз ифодасини топган Форум резолюцияси қабул қилинди.
   Шоир айтганидек, “Уйида бахти борлар – ҳар ерда бахтиёрдир”. Чиндан ҳам, аёл бахти – оила бахти, оила бахти жамият осойишталигининг асосидир. Ана шу осойишталик йўлида меҳнат қилаётган ҳар қайси оқила аёл борки, ўзи бир мактаб, ўзи бир дарсхонадир. Таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари, аниқ таҳлиллар, манфаатли таклифлар билан қизғин ўтган сарҳисоб анжуманида Республика Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди ва маъруза қилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот хизмати

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар