ЖАҲОН АДАБИЁТИ
Муxаббат мактублари
Ҳикоя
Рашод Нури Гунтекин (1892-1956) — турк ёзувчиси, драматург, таржимон, адабиётшунос. Ёзувчининг машҳур асарларидан бири “Чолиқуши” дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган. “Тамға”, “Шафқат қилинг”, “Яшил тун”, “Хазонрезги” романларида замонасининг ўткир ижтимоий масалаларини кўтариб чиқади. Гунтекиннинг 24 та романи, 7 та ҳикоялар тўплами, қатор пьесалари нашр этилган.
Расим кечки пайт мактабдан қайтгач, стол устидаги конвертга кўзи тушди. Ажабланиб очди. Қоғозга шундай сатрлар битилган эди: “Расимбей, мен ҳали ёш қизман, жуда гўзалман, буни иккиланмасдан айта оламан. Билсангиз, сизнинг рафиқангиз бўлиш – менинг энг эзгу орзуйим. Фақат ёшларимиз орасидаги фарқ катта. Шу сабабли бироз муддат кутишимизга тўғри келади. Ҳозир учраша олмаймиз. Мактубларингизни қуйидаги манзилга жўнатишингиз мумкин. Дадам жуда жаҳлдор. Кўчага чиқишимга рухсат бермайдилар. Балки, бирор кун қисқа фурсатга учрашишимиз мумкин бўлиб қолар. Ўзимни ҳозирдан сиз билан унаштирилгандек ҳис этяпман. Уйда зерикканимдан диққинафас бўламан. Ёзсангиз, мактубларингиз менга юпанч бўлар эди”.
Мактубни ўқигач, ўн олти яшар Расимнинг юрагига оташ тушди. Шу кундан эътиборан йигитча кўрмаган-билмаган бу қизга чинакам кўнгил қўйди. У кечқурун кинога бормоқчи эди, фикридан қайтди. Хонасига кириб қизга узундан-узун мактуб ёзди. Хатни почта қутисига ташлагач, ўзини бирдан ўн ёшга катта бўлиб қолгандек ҳис этди. Қизнинг исми Бедиа экан. У Расимнинг мактубларига сабр билан жавоб қайтарар эди. Жавоб мактублари бироз кечикса, йигитчанинг жаҳли чиқарди: “Нега ҳанузгача жавоб ёзмаяпсан? Хатларинг бирам қисқаки... Сендан илтимос, бироз кўпроқ ёз!” тарзида кайфиятини аён этарди.
У мактабда ўқийди, кечалари барвақт хонасига қамалиб олганича, азбаройи қизнинг кўнглини олай, дея соатлаб қоғоз қоралайди, худди китобларда тасвирланганидек узундан-узоқ мактублар битади. Айни замонда Бедиа жуда қизиқувчан чиқиб қолди. Баъзан ғалати-ғалати саволларга тутади: “Тўйдан сўнг асал ойимизда Италияга борамизми ёки Швециягами? Қизиқ, бу мамлакатлар қандай экан-а? Халқлари қандай яшаркин, нима ишлар қиларкин? Қандай борамиз? Ёки “Қайси шоирларни ўқигансан? Қайси шеърларни яхши кўрасан? Сен ҳам шеър ёзсанг, ўқирдим…”
Расим қизнинг олдида ўзини билимсиз кўрсатмаслик учун география ва адабиёт фанларини ўқир, кўпроқ маълумотлар тўплай, дея бўш қолди дегунча китоб варақларди. Бедиа бир мактубида ундан хафа бўлиб қолгандек туюлди. “Сен билан кўришмоқчи бўлиб, кеча мактабдан чиқишингни кутиб турдим. Ахир, гўзал бир қизнинг севгилиси бўлсанг, буни унутгансан чоғи, кўринишинг ғашимга тегди, пала-партиш кийинган эдинг. Худди ёш болаларга ўхшаб, пойабзалинг лойга ботган. Шу турқи тароватингни кўриб, ёнингга боргим келмади”.
Расим бу гаплардан жуда хижолат бўлди. У шу кундан эътиборан диққат-эътибор билан кийина бошлади. Бедиа яна бир сафар унинг мактабдан чиққач, тўғри уйга бормаслигидан, кечгача кўчада дайдиб юришидан нолиди. “Тағин бошқа қизларнинг орқасидан юрган бўлмагин-а...” дея писанда ҳам қилибди.
Расим қизга шундай жавоб ёзди: Унинг ёзганлари худди онт ичган йигитнинг сўзларини эслатарди. “Ишон, сендан бошқа бир қизга қарамайман ҳам, севмайман ҳам!” Бир оқшом онаси Недимахоним эри Аҳмадбейни хавотир билан қарши олди:
– Оҳ бей, нималар бўляпти-я, хабаринг йўқ. Бедиа деган бир қиз ўғлимизни тинч қўймаётганга ўхшайди. Бугун хонасини йиғиштираётган эдим, бир даста хат топиб олдим. Фарзандимизни қўлдан чиқараётганга ўхшаймиз. Бир чора топмасак бўлмайди.
Аҳмадбейнинг юзида ҳеч қандай хавотир ифодаси кўринмади, аксинча, мамнун жилмайди:
– Қўрқма, хоним, – деди у овозини пастлатиб. – Ўғлингга севги мактубларини мен ёзяпман! Болада зарарли одатлар кўпайиб кетди. Хатосиз, тузукроқ ёзишни ҳам билмайди, ўқишгаям ҳафсаласи йўқ. Ниҳоят, бунинг чорасини топдим. Расим бу йил ана шу хатлар туфайлигина синфдан-синфга яхши баҳолар билан ўтади, бунга ишончим комил. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам ҳуснихатни ана шу усулда ўрганган эдим.
Турк тилидан
Озода Аҳмедова таржимаси.