Чечаклар чайқалиб чалар қўнғироқ

 

ШЕЪРИЯТ

Чечаклар чайқалиб чалар қўнғироқ

      Таниқли шоир Ориф ТЎХТАШ 1976 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган.
     “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф”, “Ватан атри”, “Ажабтовур арзномалар” ва “Бахтиёр болалик” номли шеърий тўпламлар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” Кенгаши раиси. Шоирнинг ижод намуналаридан бошланғич таълим дарсликларига киритилган. Бу шеърлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик руҳини уйғотиши билан катта аҳамият касб этади.

КЕТМА, БАҲОР!

Кунларимиз ёғдуланар қордай бугун,
Ўрикларнинг бошида қор бордай бугун,
Қўлимдаги қалам чертсам тордай бугун,
Замин – назм, сен навосан дилга ёқар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

Бармоқларинг шохларга гул қадаб бўлди,
Ҳайратларим ҳаётимга мадад бўлди,
Ҳар баҳорда севиш – урфу одат бўлди,
Томирдаги қоним яшил рангда оқар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

Сен юртимнинг осмонига камалак бўл,
Сингилларим сочларига жамалак бўл,
Учиб-қўнган шойиқанот капалак бўл,
Афсус, у ҳам бир кунгина қанот қоқар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

Бошимиздан соч, сочавер найсонларинг,
Товонимиз қитиқласин майсаларинг,
Шу элдадир сени кутган инсонларинг,
Наврўзим, деб қошу қабоғингдан ўпар,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

Изҳор этсак, соғинчимиз жонлар қадар,
Майсаларинг чопиб чиқмиш томлар қадар,
Ёйил, эркам, кез Ўзбекистонлар қадар,
Бу ўлкада поёнингга етма, баҳор,
Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

К А Й Ф И Я Т

Баҳор ёмғирлари - соғинч ёшлари.
Шу юртни қўмсаган қалдирғочлари –
Айвонимга келиб қўшиқ бошлади,
Муборак пайғомлар тўкилди кўкдан,
Келдингми, кўклам?!

Бир сафда тизилиб турналар келди,
Тоғлардан сизилиб жилғалар келди,
Тонгда майсаларга сирғалар келди,
Шудринглар - қуёшга ширин бир ҳўплам,
Келдингми, кўклам?!

Яшил қон югурди ернинг юзига,
Бойчечак бош урди тоғлар тизига,
Ўхшаб бу оламнинг дилбар қизига -
Соллона пойингга гуллардан тўплам,
Келдингми, кўклам?!

Қай тараф қарама, мўъжиза содир,
Сенсиз ҳар бир новда чўпдир, асодир,
Борсан - табиат ҳам ҳусни расодир,
Кўкни ерга боғла, ерни кўк билан,
Келдингми, кўклам?!

Новдадаги гуллар ифор таратган,
Ҳуснига суқ билан такрор қаратган.
Сен қизни Худойим кимга яратган?
Баҳорим, атасам ранжима, руҳлан!
Келдингми, кўклам?!

Б А Х Т

Ҳар йили баҳорни кутардим интиқ,
Соғинчда ўтарди ёз, куз, қишларим.
Майса ахтарардим хазонни тинтиб,
Қорни эритарди хўрсинишларим.

Бесамар кечарди сабрим-да, бироқ
Йилдай судраларди ҳатто ҳар дамим.
Кузги боғда сени кўрдим-у ногоҳ –
Сарғайган япроқлар кетди зарланиб.

Бу кун ҳаётимга кириб келдинг сен,
Не тонгки, оламда биздан бахтли йўқ.
Ўтган ҳар лаҳзамиз баҳорларга тенг,
Энди фаслларнинг бизга дахли йўқ!

ЭЗГУЛИКЛАР ВАТАНИ

Сўзим аввалида келтирай нақл –
“Яхшидан боғ қолар...”
Бизда ёмон йўқ.
Турфа миллат-элат аҳоли аҳил –
Тотув яшайдилар.
Бунга гумон йўқ.

Ҳар битта кўнгилда тилаклар қат-қат,
Орзулар йўлида дадил қадамлар.
Эзгулик ярашар бизларга фақат,
Шу юртда туғилган азиз одамлар!

Бу юртнинг боғлари ҳар лаҳза кўркам,
Фасллар келгайдир зеб улашмоққа.
Қуёшдан сачраниб йўл олган нур ҳам -
Таъзим бажо айлар азиз тупроққа.

Ахир бизникидир шу қутлуғ Ватан,
Уни яшнатайлик, боғ-роғ этайлик!
Кўксига нишондай ниҳоллар қаданг,
Чоғ бағрин янада чоғроқ этайлик!

“Бу юртни дунёга боғ деб танитай!”
Шу мақсад ҳеч ором бермайди жонга.
Яхшилик дилларга ярашганидай,
Яшиллик ярашар Ўзбекистонга!

АЙНИ БАҲОР ЭДИ

Мен сени кўриб,
Бегона бўлганим ақлу ҳушимдан.
Кўнглим кўзгусида сочингни ўриб,
Тонгда чиқиб кетар эдинг тушимдан.

Мен эса... тушларим таъбирида маст,
(Ўзим – башоратчи, ўзим – мунажжим).
Юрардим, дунёлар товонимдан паст,
Ер узра етгудай ёзсам қулочим.

Осмонлар меники эди ўшанда,
Унга исминг ёзсам умидлар билан,
Ғаши келмасин деб, кўзи тушганда -
Ёпиб қўяр эдим булутлар билан.

Йиллар йилдиримдай ярқ этди - кетди,
Олов ёшлигимдан қолгани бир чўғ.
Васлингмас, ҳажрингга ғарқ этди - кетди,
Аммо туш кўришдан чарчаганим йўқ.

Умрим тунлари – бахт, кунлар – малолдай,
(Келганга ўхшайман бироз ҳушимга).
Ишидан уйига қайтган аёлдай –
Сен кириб келасан ҳар кеч тушимга!

Р О З И М А Н

Соғинчи ўртайди.
О, нечук дамки –
Болалик қолдирган издан розиман.
Келар кўкламларга кўз тутсам ҳамки,
Ўтган баҳорларим, Сиздан розиман!

Етишдим умримнинг чорак асрига,
Хотира қайтарар дилни аслига,
Томирларим туташ ҳар бир фаслига –
Югурган ёзу қиш, куздан розиман.

Бепоён ўлкамнинг бағирларида,
Тоғни елкалаган адирларида,
Ҳислар териб ўсдим ёмғирларида,
Пойим ўпган дала-туздан розиман.

Нимадир ялт этди тафаккуримда,
Унга бўлсин меҳрим, ташаккурим-да!
Сўзлар билан қолдим яшаб, умримда,
Кўнглимни қуршаган сўздан розиман.

… Билмам, қанча фурсат бўлолдик ҳамдам,
Сўнг юзим сарғайтди фироқдан, ғамдан.
Майли, қалбим, яна минг бора алдан,
Ўша…
алдаб кетган қиздан розиман!

* * *
"Кел", десанг етарди.
Ёнингда ўзим,
Менинг шиддатимдан орқада хаёл.
Лек барча илдизни келганман узиб –
"Кет" десанг пойингда ўламан, АЁЛ!

* * *
Дунёга иддао қилурман ҳар дам:
Қовурдинг-ку дея ўтрикларингда.
Мени эслаганда келса йиғлагинг –
Демак, яшаяпман киприкларингда!

* * *
Бир ён – ақл, бир ёнда юрак,
Остонангни ўпар икки йўл.
Сен ақлингга дил уфқин кўрсат,
Юракка ҳам оқил ҳамроҳ бўл!

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар