ЖАҲОНГА ЧИҚАЁТГАН ЁШЛАР
Дунёда дунёлар кўраман
Шоҳида Юсупова – Хоразм қизи. У дунёнинг тўрт тарафига бориб-келиб, маданий алоқалар ривожига камарбаста бўлиш иштиёқида. Йўлларингиз ҳамиша равон бўлсин!
Мен 1999 йилда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Дўрмон қишлоғида фермер оиласида туғилганман. Онам уй бекаси бўлган. 6-сонли мактабда ўқидим. Биринчи муаллимим Сайёра Жуманиёзованинг алоҳида эътибори, доимий руҳлантиришлари туфайли адабиётга ҳавас қўйдим. Чунки илк машқларим ҳақида яхши фикрлар айтиб адабиётга иштиёқ уйғотган. Мактабга чиқишим билан дадам ҳафтанинг ҳар жума кунлари мен учун китоб ва журналлар олиб келиб берадиган бўлди. Ишларидан ортиб, нутқим устида ҳам астойдил ишлардилар. Ота-онам жуда кўп шеър ёд олдиришарди. Албатта, билим олишга бўлган иштиёқим отам – Умиджон ака ва онам – Тозагул опанинг эътиборлари туфайли йилдан-йилга ортди.
2010 йилда адабиёт устозим Муборак Юсупова мени ўзи билан Оқтош санаторийсига олиб борди. Тошкентга биринчи боришим эди. Катта йўлнинг бўйидаги баннерда “Янги авлод болалар ижодиёти фестивали” деган ёзувни ўқиб қолдим. Ҳавасимни сезган устозим машқларимни қайта кўриб, хато ва камчиликларини тўғрилаб, талаб этилган жойга жўнатиб берди. Ўша фестивалнинг қуйи танловида қатнашдим, лекин вилоят босқичидан қайтдим. Кейинги йилгисига эса астойдил тайёрландим ва ўн икки ёшимда республикада биринчи ўринни олдим. Бу – менинг муваффақиятларимнинг дебочаси бўлди. Шу билан бутун куч-ғайратимни адабиётга қаратдим. Янаги йили ёзувчиларнинг Дўрмон ижод уйида болалар адабиёти кунларида қатнашдим.
Ўқувчилик йилларим турли танловлар, фестиваллар, тадбирлар билан ўтди. Дадам мени рағбатлантириб шахсий кутубхона ташкил қилиб берди. Кутубхонамда ўша пайт мингдан зиёд китоблар бор эди. Ўтган йили уч мингдан зиёд китобларни ёш қизларга совға қилиб тарқатдим.
2018 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Совриндорлар сафига лойиқ кўрилганимнинг хабарини эшитганимда йиғлаб юборганман. Умримда биринчи марта дадамнинг кўзида қувонч ёшларини кўрганим ҳам шу кун бўлди. Мени яқин биладиганларнинг қўлга киритган ютуғим билан қувонишларини, уларнинг “Менинг қизим”, “Менинг ўқувчим”, дея фахрланишларини ҳис қилар эканман, албатта, бу ютуқда уларнинг ҳам катта ҳиссаси бор эканини англаганман. Давлат мукофотига сазовор бўлиш гарданингга улкан масъулият юклар экан. Чунки шу кунгача қаерга борсам, ким билан кўришсам ҳамма менга “Зулфиячи қиз” , “Давлат мукофоти совриндори”, деб қарашади. Дадам: “Қизим, сен бу ғалабанг билан бир довон ошдинг, бундан кейин унга лойиқ эканингни исбот қиласан,” деб жуда тўғри айтган экан.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Халқаро журналистика факультетига ўқишга кирдим. Мутлақо мустақил ва янги бир ҳаёт бошланди. Бу муҳитга мослашув менда бироз қийин кечди. Олий ўқув юртида таҳсил давомида тил ўрганишга жиддий киришдим. Мактаб пайтимда инглиз ва рус тилларидан репетиторларга борганман, албатта. Университетда бу икки тилга қўшиб, турк ва хитой тилларини ҳам ўзлаштира бошладим. Ҳозирги кунда шу тўрттала тилда таржимонлик билан шуғулланиб келаман. Айни пайтда инглиз ва турк тилларини ўргатиш бўйича ўқув курсларимни ҳам ташкил қилганман. Ўқув курсларимда кўплаб қизлар тил ўрганишади. Ўзи болалик давримданоқ менга янги жойларни, янги маданиятларни кашф қилиш қизиқарли эди. Шу маънода қизларимизнинг ижодий ишларини Озарбайжон, Туркия, Араб мамлакатлари, Ҳиндистон, Америка ва Хитой каби мамлакатларда чоп эттиришга эришдим. Уларнинг халқаро майдонга чиқишига ёрдам бердим.
Айни пайтда Ўзбекистонда биринчи бор ташкил этилган аёл-қизларнинг юксалиши, халқаро майдонларга чиқиши, хорижий тилларни ўрганиши, миллатлараро ютуқларга эришиши, жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашувчи “Shine” қизлар академияси раҳбариман. Яна “Shiny Travels” компаниясининг ҳам асосчисиман. Аёллар либослари бўйича “Şahide”деб номланган дўкончам ҳам бор.
Ҳозир Туркиянинг Бодрум шаҳрида турмуш ўртоғим билан истиқомат қиляпмиз. У билан 2021 йилда совчилар орқали танишдик. Дунё мамлакатларига қизиқишларимизнинг ўхшашлиги бизни яқинлаштирди. 2022 йилнинг ноябрида никоҳ тўйимиз бўлиб ўтди. Саёҳатларга ўч бўлсак-да, саккиз ой Хивада, турмуш ўртоғим – Муҳаммад Ражабовнинг ота уйида яшадик. Айни пайтда иккаламиз ҳам онлайн фаолият билан машғулмиз.
Менга энг кўп қувват берадиган, бахтиёр қиладиган ва дунёқарашимни ўстирадиган машғулот – бу саёҳат. Шу кунгача ўндан ортиқ мамлакатда ижодий сафарларда бўлдим. Бодрумнинг табиати, ҳавоси ва одамлари жудаям ёқди. Туркларнинг маданияти ва ҳаёт тарзи ўзимизникидан деярли фарқ қилмаслиги бу ерда яшашга менга мутлақо қийинчилик туғдирмади. Ҳиндистонга борганимда жуда ғаройиб ҳолга дуч келган эдим. 18 ёшли қиз эдим ҳали. Жуссам ҳам кичкинагина. Адашиб ҳам қолганман. Катта кўчаларида, бозор, ҳаттоки, супермаркетларида ҳиндларнинг ҳе йўқ, бе йўқ рақсга тушиб кетишларидан оғзим очилиб қолган. Катта-катта сигирларнинг бозорларга бемалол кириб келиши, кўчаларда маймунлар, товуслар қафасларсиз, эркин ҳолатда юришларидан жуда ҳайратланганман. Қоҳирани кезиб, араб маданияти, арабий дунёни кўрдим. Бирлашган Араб Амирликларида ҳам бўлдим. Айнан Дубай мени гўзаллиги билан маҳлиё қилди. Кундан пайдо бўлган шаҳар бу. Қорақош қизлар, араб таомлари... Малдив оролларида мени ўзига тортган нарса одамларнинг меҳрибонликлари бўлган. Озарбайжон, Грузия давлатларида табиатининг гўзаллиги ром этди. Саудия эса ўзгача бир сокинлиги билан эсимда қолди. Россия... Қатар... Италия... Умуман олганда, қайси мамлакатга бормай, қадамим етган жойга яхши кўз билан қарадим, яхши томонларини кўрдим.
Бодрумга қайтадиган бўлсам, денгизли шаҳар, сокинлик шаҳри. Қишда бу ерда одамлар кам бўлади. Кунлар исиши билан шаҳар саёҳатчилар билан тўлади. Ҳар куни эрталаб денгизга бориб, тонг отиши, қуёш ботишини томоша қиламан. Соҳилда ўтириб, юртим қизлари учун янги лойиҳалар яратаман. 21-аср янги касблар ва ривожланишлар асри. Мен Гарвард университетининг раҳбарлик ва бошқарув йўналишида, Германиянинг бизнес-Берлин халқаро университетининг бизнес ва маркетинг курсларида қўшимча таҳсил олдим. Магистратура бўйича эса Италиянинг Халқаро Siena университетида халқаро дипломатия йўналиши бўйича ўқишни давом эттирмоқчиман.
Бу ҳаёт ҳозирча ўзимизга жуда ёқмоқда. Бизнинг ҳайратларимиз – ДУНЁ! Бу оламдаги ҳамма мамлакатларда яшаш ниятимиз бор. Ва албатта, борган жойимизда юртимиз истиқболи учун, ватандошларимизга нафи тегадиган нималарнидир амалга оширишга имкониятлар қидирамиз. Муҳими, эзгулик йўлидамиз. Толеимнинг ёруғлигига шукр, дейман.
Муҳайё ПИРНАФАСОВА ёзиб олди.