СУЯНЧ ТОҒЛАРИМ
Меҳру муҳаббатнинг тимсоли
Камтарин, таниш, нотанишларга яхшилик қилиб, қилган ишидан ўзи суюнадиган онам Ҳамрогул Ашурова 1952 йилнинг 15 январида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида уста-косиб Жўра полвон ота оиласида дунёга келган. Бувимиз Фазолат ая маҳалланинг жонкуяр кайвониларидан бўлиб, бор-йўғи бошланғич синфни тугатган бўлса-да, адабиёт ихлосманди экан. Онахоннинг (бувижонимнинг) умри далада пахта териш, ипак қурти боқиш билан ўтиб, тандирда кунора ширмой нонлар ёпиб, барча яқинларига улашган. Онам оиласида ўн иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. Бу таваллудни оила аъзолари катта хурсандлик билан қарши олишган. Чунки бу хонадон бир эмас, икки эмас, нақ ўн бир нафар фарзандларини турли сабаблар билан гўдакликларидаёқ тупроққа қўйишган. Йўқотишлар, айниқса, ота-онанинг қалбларини вайрон қилганлиги учун улар қизчаси оёқлари ерга етгунча бағирларига босиб, елкаларига кўтариб юришган.
Кун ўтиб, етти ёшга етганида, бирпасда эркаликлари билан хайрлашиб: “Мактабга кеч қолмай, бибижон ”, – деб соатга қараб турадиган масъулиятли ўқувчига айланади. Устозлари берган сабоқларни киприк қоқмай тинглар экан. Шу боис, ўзининг ҳам дилига келгусида муаллима бўлиш орзуси тушади. Бошланғич синфни тугатиши арафасида боболарим оиласи билан Қоракўл туманидан Шофиркон туманига кўчиб келишади. Ҳамрогул онажонимнинг китобга ва адабиётга меҳри ўзгача бўлганлигини бувимдан кўп эшитганман. Ҳаттоки, шифокорлар кўп китоб мутолаа қилганлиги учун кўзининг кўриш қобилияти тушиб кетиши мумкин деб бироз муддат китоб ўқишга рухсат бермаган экан...
Китобсеварлик фазилати мен билан бирга улғайган. Эсимни танибманки, онам билан боғлиқ хотираларни эсласам, орасида, албатта, китобга тегишли нимадир бўлади. Отамиз Нурилло Ашуров қишда сандал қурардилар. Кечқурун овқатдан сўнг сандал атрофида ўтириб баҳрибайт айтишардик. Онам ҳам кўп китоб ўқиганлари, айниқса, халқ оғзаки ижодини яхши билганликлари учун биз билан басма-бас шеърлар айтардилар. Биз овлоқроқ бир жойда яшардик. Тунлари чиябўрилар, яна қайсидир ёввойи ҳайвонларнинг увиллаши эшитилиб турарди. Куни билан ишлаб чарчаган онам кечаси ҳам тинмасди. Рўзғор юмушларини кўпинча тунда бажарар эди. Яхши эслайман. Ювилган кирларни ташқарига дорга осаётиб:
– Дилором қизим, ёдлаётган шеърингни баланд овозда ўқи, – дерди. Ўқирдим. Сал нарироқ юргач:
– Овозингни янаям кўтар, – дерди. Биз – опа-укалар галма-гал товушимизнинг борича шеърми, дарсликдаги уйга берилган вазифани ўқирдик. Энди билсам, волидам ҳайвонларнинг увиллашларидан қўрқар, лекин бизни қўрқувга солмаслик учун шу усулни қўллар экан. Отамиз ҳам бизнинг ўқишга бўлган ҳавасимизни қўллаб-қувватларди. Бир гал синфдошим ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” китобини мактабга олиб келди. Ҳарчанд илтимос қилсам ҳам ўқишга бермади. Уйга келганда ҳам аламим тарқамади. Отам бу дилсиёҳлик сабабини билгач, кўчага чиқиб кетиб, кўп ўтмай орзулаган китобимни олиб келди. Эрталаб қарасак, отамнинг пешонаси ғурра. Онам сабабини сўраса:
– Қизимни суюнтирай деб яқин йўлдан боғ оралаб қайтгандим. Қоронғуда дарахтга манглайимни уриб олибман, шекилли. Сезмабман, – деди. Назаримда, китоб топилганига хурсанд бўлганидан оғриқни ҳам сезмаганлар.
Талабалигимда гуруҳ сардори бўлганман. Кассадан барча гуруҳдошларимнинг стипендиясини ўзим олиб тарқатардим. Бир гал стипендия тарқатиш пайтида йўқ бўлган (сабабли дарсга келмаган) ўнтача курсдошларимга тегишли пулни сумкамга солиб қўйдим. Келганларида бермоқчи эдим. Шу сумка билан бозорга борган эдим. Қайтиб келиб қарасам пул йўқ, ўғирлатибман. Йиғлаб онамга қўнғироқ қилдим. Койимадилар, фақат:
– Омонат пулларни ўзинг билан олиб юрма бундан кейин. Йиғлама, эртага отанг олиб бориб беради, – деди.
Отам қўлигул дурадгор бўлиб, “Қалмоқон” маҳалла аҳолисининг ёшу қариси унинг ҳалол меҳнатидан баҳраманд эди. Ўшанда отам дарвоза қуриш учун ҳозирлаб қўйган тахталарини арзонга сотиб, менга пулларни келтириб берган. Ҳолбуки, ўша пайтда биз бир оиладан уч нафар талаба турли институтларда ўқирдик. Ҳаммамиз еб-ичарман эдик. Аммо на онам, на отам бизга оғзиларидаги ошни олганимни миннат қилмаган. Кунларни тунларга улаб меҳнат қилишарди. Топганларини полапонига урвоқ илинган қумри қушдек бизга илинишарди. Ипак қурти боққанмиз. Ўзимиз битта хонага кўчиб ўтардик қурт даҳага кирганида. Қайнона, қайнота хизматидан ортиб, биз олти нафар фарзандларнинг каму кўстини қилиб, яна тумандаги машҳур пиллакорлардан саналган онам элда эъзоз топди.
Волидамни таниганлар: “Мактабга борса замонавий кийимлардаги муаллима, уйига келса, бир қарасанг деҳқон, бир қарасанг, пиллакор, яна унинг устига ўғил-қизларига гард юқтирмайдиган она”, деб таърифлашарди. Ўқитувчиликдан ўринбосар, мактаб директори лавозимигача кўтарилди. Масъулияти, мансаби баландласа ҳам бир умр қўлларини жисмоний меҳнатдан узмай яшаб келяпти.
Отамиз ҳам кўплаб шогирдлар етиштириб, элнинг дуосини олиб, уй-рўзғор буюмлари, сўри-чорпоя, эшик-ром, нақшинкор безакли дарвозалар ясаб ўз даврининг инновацион ҳунарманди сифатида танилган.
Мактабни олтин, кумуш медалларга тугатганимиз талабалигимиздаги аъло ўқишимизга пойдевор бўлди.
Опам Гулбаҳор Ашурова ҳозир Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари доктори. Синглим Зулфия Ашурова Шофиркон туманидаги “Қалмоқон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси. Оиламизнинг таянчи бўлган укаларим Баҳодиржон ва Ботиржон Ашуровлар ички ишлар тизимида халқ тинчлиги ва фаровонлиги учун фидойилик билан хизмат қилмоқда.
Отамиз вафот этганига етти йил бўлди. Бу айрилиққа энди кўна бошлаганимизда гулрухсорли Лола синглимизни бевақт ўлим орамиздан олиб кетди. Онаизор изида уч фарзандни қолдириб, эрта хазон бўлган қизи учун куйди, куйди-ей. Бу оғир йўқотиш эди.
Лекин кетганнинг ортидан кетиб бўлмас экан. Бояқиш бизнинг кўнглимизни ўйлаб яна тикка бўлди.
– Ўлим Аллоҳнинг иродаси, бўйсунинглар, исён қилманглар, – деди. Яна эл орасига кирди.
Бугунги кунда “Кексалар маслаҳат Кенгаши раиси”, “Бувижонлар мактаби” ва “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари сафида ўз маҳалла ҳудудидаги нотинч оилаларни яраштириш, тўй-маъракаларини ихчам ўтказиш каби савоб ишларга бош-қош бўлиб юрибди.
Онажоним “Энг намунали оила” кўрик-танловида иштирок этиб, республикада биринчи ўринни олиб, ғолиблардан бири бўлди.
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган пайтларида ҳомийлар ёрдамида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари каби зарур буюмларни олишда ёрдам кўрсатган.
“Халқ таълими аълочиси”, “Мўътабар аёл”, “Маҳалла ифтихори”, “Биринчи даражали меҳнат фахрийси” каби эсдалик ва кўкрак нишонлари онамиз босиб ўтган меҳнат йўлларида ўзига яраша қадр топганини далиллайди. Бу йил етмиш икки ёшга кирдилар. Борликлари, маслаҳатгўйликлари, бизни синч бўлиб бирлаштириб яшаётганликлари учун тақдирдан миннатдормиз. “Онаси борлар бахтлидир”, дейилади шеърда. Толе бизни яна кўп йиллар шу саодатдан айирмасин.
Дилором АДИЛОВА,
Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика университети доценти,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.