ҲАРАКАТДА БАРАКАТ
БУХОРОНИНГ ШОИРАСИ
Шоира Германиядан қайтар экан, юртини жуда соғинганини ҳис қилди. Айниқса, кенжатой неварасининг шўхликлари тинмай кўзидан ўтарди. Лекин, тўғрисини айтиш керак, бу сафар унинг учун хайрли бўлди.
Германиялик ҳамкорлар билан тил топишди.
Уларга:
– Бухороданман, Баҳоуддин Нақшбанд юртиданман! – деганида кўзларида чақмоқ чаққандай бўлди, демак, бу табаррук ном ғарблик дўстларга нотаниш эмас. Шундай бўлса-да, ўзининг қалбида жўш ураётган фахру ғурурни суҳбатдошларига ҳам юқтиргиси келди.
– Нақшбанд бобокалонимиз тўқувчи бўлган, матога нақш солган... – Шоиранинг немис тилида қилган бехато тушунтиришлари суҳбатдошларини яна бир ҳайратга солди.
Шоиранинг немис, рус, хитой тилларини мукаммал эгаллагани тадбиркорлик фаолиятида жуда қўл келади: ҳамкорлари билан воситачисиз тўғридан-тўғри шартномалар имзолайверади.
Оддийгина қилиб Шоира деб атаётганимиз расмий доираларда Шоира Бўлдиева сифатида танилган бу аёл Ромитан туманининг Чандир қишлоғида туғилган. Оилада етти ака-сингилнинг учинчиси. Отаси – ер илмининг билимдони агроном Ражаббой ака Бўлдиев ишбилармонлиги билан дунёга чиққан тадбиркор фарзандларининг бугунги камолини бир кўрса эди! Афсуски, Ражаббой акага, раҳматли онажониси Тўхтагул опага ҳам бу кунларни кўриш насиб этмади. Лекин ўқитувчиликни ишбилармонлик билан уйғунлаштириб юборган бу аёлга қадамлаб келаётган ҳаёт йўлларида ота-онасида кўрган иш, рўзғор тутумлари катта ибрат мактабини ўтади.
У Бухоро давлат университети хориж тиллари факультетини битиргач, бир муддат ўзи ўқиган олий даргоҳда ўқитувчилик қилди. Мамлакатимизда тадбиркорликка бўлган эътибор унинг ҳам диққатини тортди. “Пахта ўзимизда етиштирилса, ота-боболаримизга тўқувчилик, тикувчилик ҳунарлари бегона бўлмаса, мўъжазгина бир корхона очиб, мерос касбимизни ривожлантирсак бўлмайдими?” Шоира Бўлдиеванинг шундай ният билан фаолият бошлаганига, мана, йигирма йил тўлибди. Нурли умидлар билан “Рухшона” деб атаган оилавий – хусусий корхонада иш аввалида бор-йўғи иккита дастгоҳда уч нафар ишчи пахта толаларидан ип йигира бошлаган эдилар.
Айни кунда юз нафардан зиёд ишчи юзта дастгоҳда фаолият олиб бормоқда. Корхона ҳузуридаги "Эко" фабрикасида эса, асосан, шароит тақозоси билан жисмида бирор нуқсони бўлган йигит-қизлар ишлайди.
– Аслида уларни ногирон дегим келмайди, – дейди Шоира. – Мана, Акмалжон Икромовни олайлик. Онаси Нилуфархондан тўқувчи, тикувчиликни пухта ўрганган. Жуда сифатли ишлайди.
Самия, Шаҳло, Гўзалхонларни ҳам биров кўринишида нуқсон бор, дея камситолмайди, қўллари чаққон ишлайди.
“Рухшона”нинг раҳбари ишчилари ҳақида гапиряпти-ю, овози, сўзида меҳр...
Аввалги йиллари пахта толаларини ип калаваларга, матоларга айлантирган бўлса, кейин уларга нақш солинди, табиий газламалар тўқилди. Бугун эса улардан чиройли бичимдаги кийим-кечаклар, коржомалар,чойшаб ва бошқа буюмлар тикилиб, Россия, Болтиқбўйи республикалари, Германия, Чехословакия, Туркия, Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда.
Яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, Шоира Бўлдиева турмуш ўртоғи, бўёқчи Улуғбек Неъматов билан оилавий тўқувчилар мактабини ҳам яратди.
Тўнғичи – Шерзод Неъматов, Тошкент давлат молия институтини битириб, корхонасида бош маркетолог бўлиб ишламоқда.
Нодирбек Москвадаги Плеханов номидаги университетни битирган, бош молиячи.
Қизи Мадина Тошкент давлат тўқимачилик ва енгил саноати институтининг дизайн факультетини битирган, корхонасида бош дизайнерлик қилиш баробарида илмий фаолиятини ҳам олиб бормоқда.
Кенжатойи Рухшона ҳам шу йўналишда таълим оляпти.
Ўзбекистон пахтаси қуёшдан нур эмган, толаси пишиқ, сифатли, харидоргир. Уларни қайта ишлаш учун билимли мутахассислар керак.
Шоира оиласида ана шундай мутахассисларни тайёрлаб бермоқчи.
Бухорода енгил саноатнинг бўёқ ишлаб чиқариш соҳасини тиклаш яна бир орзуси. Республикамиздаги барча енгил саноат корхоналари билан бу борада ҳамкорлик қилиш тараддудига тушган.
Оддий бир қишлоқ оиласида туғилиб, бугун Ўзбекистон енгил саноати тараққиётида ўз ўрнига эга ишбилармон аёл тақдирида 2022 йил нурли излар қолдирди.
Унга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қўлидан "Дўстлик" орденини олиш насиб этди.
Ҳаяжон, қувончдан Шоиранинг юзлари лоларанг тус олди.
Уни шу туришда “Чандир” адирларида унган алвон лолага қиёсласак ярашади.
Махфират АТОЕВА,
Бухоро вилояти.