СУЯНЧ ТОҒЛАРИМИЗ
ОЛИС АДИРЛАРДА ЮГУРГАН БОЛА
Севимли шоиримиз Ғайрат Мажид камтарин, дарёдил инсон. У кишининг кўп ва хўб гўзал суҳбатларини эшитганмиз, беминнат яхшиликларига гувоҳмиз. Ва табиийки, шундай инсонни дунёга келтирган, вояга етказиб, эл-юртга қўшган волидаи муҳтарамаси ҳақида билгимиз келди.
– Болалик қайтиб келмас тушдек, гўё. Бу мунаввар тушни киши бир умр соғиниб яшаса керак. Воҳада кечган ўша маъсум дамларни эсласак.
– Айтганингиздек, болалик даври туш каби ўтди-кетди. Устоз Абдулла Ориф ёзганларидек: “Ўтган бир онингни қайтара олмас, На афсус, на йиғи ва на баҳона”... Имконимизда битта нарса қолди, у ҳам бўлса, ўша файзга тўла дамларни эслашдир. Сиз савол беряпсиз, хаёлимда кино тасмалари каби нурга чўмган беғубор болалик дамлари жонланмоқда. Боболарим, момоларим, ота-онам, устозларим... Уларнинг эртак ва ҳикоялари, сабоқлари... Дўстларимиз билан эрка жайронлар каби тоғу тош, қир-адирларда қувалашиб, "оқ теракми-кўк терак" ўйнаб юрган пайтларни эслаш ҳам кишига завқ беради. Мен Китоб туманидаги Хўжаилмкони қишлоғида туғилганман. Қишлоғимизнинг бир томони қирлару тоғлардан, яна бир томони кенг дала-даштлардан иборат. Ўн беш кишининг ҳам қучоғига сиғмайдиган минг ёшга кирган бобо чинорлар ва ўз вақтида болалар таълим олган кекса чинор бағридаги хонаи ҳужра, Абдуллохон II даврида бунёд этилган тарихий обида, боболаримизнинг илму маърифати самараси бўлмиш сув йўли – коризлар, нақшбандия тариқатининг улуғ муршидлари Ҳазрати Муҳаммад Дарвеш, Ҳазрати Хожаги Имканагий ҳақидаги ривоятлар, пири комил, кароматлари зоҳир аллома Мирзо Камол Охунд билан боғлиқ ҳаётий ҳикоятлар унутилмас болалик пайтларимдан бери мен билан бирга, десам ишонинг.
Болалик дамларим билан боғлиқ бир ҳолатни айтиб берсам. Акам мендан икки ёш катта. Унга қўшилиб салкам олти ой мактабга борганман. Албатта, хат-саводим ҳам чиққан. Буни кўриб ота-онам бизларга болаларбоп эртак китоблари олиб келиб беришган. Акам иккимиз биримиз қўйиб, биримиз китоблар оламига шўнғиб кетар эдик. Бобом кўпинча мени олдига чақириб олиб, сен менинг кўзимсан, қўлингдаги китобларни ўқий олмайман, кўзим ўтмайди, сен ўқиб бера қол, дер эди. Аввалига ҳижжалаб, кейинчалик бинойидек ўқийдиган бўлганман. Баъзи ҳолларда ўқиган эртакларингдан сўзлаб бергин, деб қолардилар. Айтиб берганимдан кейин эса, баракалла ўғлим, дея бошимни силаб қўяр, ёстиқлари тагидан тансиқроқ бир ширинликми, музқаймоққа етадиган пулми олиб берардилар. Кейин яна нималарнидир қўлимга тутқазардилар-да, буларни ака-уканг, сингилларинг билан бўлишиб енглар, дер эдилар. Кейинчалик билдимки, бобом шу йўл билан бизни китобхонликка ундаган, аҳиллик ва саховатга ўргатган эканлар. Александр Пушкиннинг бир шеърида (Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таржимасида) шундай мисра бор, “ўтган эса ҳамиша тотли”. Болалик даври, айтганимиздек, ўтди-кетди. Эҳтимол, уни эслаш тотли эканлигининг боиси шудир.
Қирққиз тепаларда лолақизғалдоқ,
Менинг юрагимдан сачраган нола.
Йўлингга кўз тикиб турибман муштоқ,
Олис адирларда югурган бола.
Тоғнинг бағрин ёриб чиққан эй булоқ,
Шилдираб оқишинг мунис шалола.
Эсимда тим қора, кўзлари мунчоқ,
Олис адирларда югурган бола.
Сочига толбаргак ярашган, ҳой қиз,
Намунча чиройли қизингиз, хола.
Кўнглимни чулғаган бирам тотли ҳис,
Олис адирларда югурган бола.
Менинг ўжар синглим – орзуси осмон,
Кумуш кулгулари нурдан зилола.
Юрагим энг тоза ўйларга макон,
Олис адирларда югурган бола.
Онажон, қалбимни мен кимга айтай,
Бирдан ёндирсаму сочимдан тола.
Пайдо бўлиб қолса эртакдагидай,
Олис адирларда югурган бола.
– Ҳар кимнинг улғайгунга қадар бўлган машаққатли йўли онанинг ёруғ заҳматлари, фидойиликлари билан боғлиқ. Сизнинг кўнгил одамига айланиб, шоир ўлароқ диллардан жой олишингизда волидангизнинг кўпдан-кўп дуолари билан бирга, улардаги адабиётга – китобга меҳр ҳам сабаб бўлган бўлса, ажабмас.
– Онам Гулсара ая бор-йўғи саккиз синфни битирганлар. Умрлари далаларда ўтган. Икки кун оралатиб бир тандир нон ёпардилар. Бизларга қўшилиб мол-ҳолга қарар, ҳовли ишлари – анор-анжир, токларнинг тагини чопиш, қишда кўмиш, эрта баҳорда очиш. Ипак қурти боқиш... Дарвоқе, ипак қурти билан боғлиқ бир воқеа эсимга тушди. Нимадир бўлиб, қурт даҳага кирган пайтда бир сўкичакдаги қуртлар нобуд бўла бошлади. Бир маҳал онам оппоқ бўлиб чўзилиб ётган қуртларни қоғозга териб, йиғлаб ўтирибдилар.
– Нега йиғлайсиз, онажон? – десам:
– Болам, буларни омон асраганимизда бир этак пилла бўларди. Пилла эмас, тилла деявер... Мендай аёлнинг эгнига кўйлак бўларди, – деганлар. Мен ҳам уларга қўшилиб йиғлагим келганди шунда. Устоз шоиримиз айтганидек, онам – миллион эгатларга эгилган халқимнинг битта вакиласи бўлган. Шунча ташвишлардан ортиб олти жонни оқ ювиб, оқ тараган бу заҳматкаш, меҳрибон, мушфиқ аёл онажоним ҳаётим мазмуни, бахту саодатимдир.
Ҳазрати Бобур ибораси билан айтсам, дадам Аҳад Мажидов Тангри раҳматига борди. Охиратлари обод бўлсин. Шифокор бўлганлар. Дадамнинг кўнгиллари кийган кийими каби оппоқ эди. Китобни, адабиётни теран тушунар, уйга кўп китоб, газета-журналлар олиб келар, ўқиб бўлгач, авайлаб токчага қўйиб қўярдилар. Бизга китоб ўқи, газет ўқи, демаганлар, бироқ токчага қўйилган китоб-журналларни қизиқиб ўқирдик. Энди шундай одамнинг умр йўлдоши ҳам зиёли бўлади-да. Бундан ташқари онамнинг отаси – бобом муаллим бўлганлар. Бобомнинг кутубхонасидаги нодир китоблар бугунги кунда менинг мулкимга айланган. Шу китоблар орасида араб имлосида ёзилган Бедил, Навоий, Фузулий, Машрабнинг девонлари бор. Онам шу китобларни ўқиб катта бўлганлар. Раҳматли дадам онамга меҳр ва ҳурмат билан муаллимнинг қизи, деб мурожаат қилар эдилар. Муаллимнинг қизи – волидамни чин маънода маърифатли аёл, деб биламан. Тан олиб айтаман, мендек шоир ўғлидан ҳам кўп китоб ўқиганлар. Ҳозир ҳам ўқишни канда қилмайдилар. Керак бўлса, менга у-бу китобни олиб кел, деб ҳам қўядилар. Мен онамнинг қуруқ гапларини эшитмаганман. Ҳар бир мулоҳазасига бир мақол, бир ибора, бир ҳикоят ёки бир-икки мисра шеър билан ўзгача маъно-мазмун бағишлаб гапирадилар. Гапларининг таъсирчан чиқиши учун образли қилиб ифодалайдилар.
– Ижодингизни кузатарканмиз, бир зариф ҳузун бор. Бу ёруғ ғуссанинг илдизлари болаликка, ёшликка бориб етармикан. Онангиз ҳақида, кўнглингизда борини айта олдим, деб ўйлайсизми?
– Аждодларим ҳаётининг кўп йиллари шўролар замонига тўғри келган. Улар машаққат тўла умрлари ҳақида кўп сўзлаб беришган. Кейин бобомнинг уруш хотираларини эшитганман. Юракнинг бир жойларини узиб оладиган бу фожиаларга тўла тақдирлар кўзимни ёшга тўлдирган. Улар менинг кўнглимга қанча ғам-қайғу берганини ўзим биламан ва Худо билади. “Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига, Қандай чидай олган экан одамзод”, деганларидай, уларнинг чеккан азобларини эшитиб кўнглим оғир изтиробда қолган. Энди бу кўргуликларни кўрган бошларнинг ҳолини бир тасаввур этинг. Менинг нолаларимга, куйларимга маҳзунлик берган ҳолатлардан бири – шу.
– Шайх Али Тантовийнинг “Эй, қизим” номли китобида “Жаҳолатнинг ягона қўрқуви аёлдир. Чунки аёл ўрганса, фарзандига ҳам ўргатади”, деган фикри бор. Бугун ҳаётимизда тўкинлик ортиб бораётган паллада, кўнглимиз, маънавиятимиз бироз қашшоқлашиб бораётгандек, назаримда.
– Бу эслатмангиз, “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ нарса ҳадя қила олмайди”, мазмунидаги муборак ҳадисни ёдимга солди. Гарчи ҳадисда ота дейилган бўлса-да, фарзанд тарбиясига она ҳам ота каби масъулдир. Ҳамма оилаларда ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлайман. Ишдан қайтгач, эшик очган фарзандларимдан, ҳаммадан аввал онасини сўрайман. Демоқчиманки, умр йўлдошларимиз болалар билан кўпроқ машғул бўлишади. Шу маънода фарзандларнинг тарбияси кўп жиҳатлардан оналарга боғлиқ.
Бугунги кунда ёшлар қолиб, катталар ҳам телефон, интернет деган нарсаларга ружу қўйишган. Барча нарсанинг меъёри бўлади. Биз, аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Ўзимиз китобхон бўлсак, болалар ҳам улгу олишади. Барча замонларда ҳам мураккабликлар бўлган. Пок иймон, пок ахлоқ, катта билим ва тафаккур соҳибигина маънавий етук бўлади. Абдурауф Фитрат домла, "Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”, деган эди. Бугуннинг одамлари бу ҳикматни чуқур англаб етишган ва оилага, фарзанд тарбиясига, илму маърифат эгаси бўлишга интилиб яшаяптилар.
– Журналимиз орқали жами юртдошларимизга, онажонларимизга тилакларингиз...
– Онамнинг шундай дуолари бор: "Осмонимиз мусаффо бўлсин, юртимиз тинч ва обод бўлсин, халқимизнинг дастурхони тўкин-сочин, ҳаёти фаровон бўлсин. Кўпга берсин, кўпга қўшиб менинг ҳам болаларимга берсин, қиёматга қадар келадиган зурёдларимни иймонда, исломда собит қилсин”. Бир куни ҳазиллашиб, “Онажон, сизга ўзим бир нарса ёзиб бераман. Ахир, сиз шоирнинг онасисиз. Дуоларингиз ҳам бошқача, шоирона бўлиши керак”, дебман. Волидам майингина кулимсираб “Ҳа, майли болам”, деб қўйдилар.
Кўп ўтмай Озарбайжонга сафар қилдим. Қардош мамлакатнинг Шуша шаҳрига йўл олдик. Қорабоғ ҳудудидан ўтарканмиз, яқиндагина урушдан чиққан, вайроналар изи кетмаган кентнинг манзараларини кўриб дилим эзилди. Бирорта соғ бино, бузилмаган мактаб, уй йўқ эди. Ишонсангиз, одамзоднинг қилмишидан инсон ўлароқ уялдим. Юрагимдан такрор-такрор: “Сенга нима керак , ўзи? Шунчалик ҳам ёвузликка борасанми?” деган ҳайқириқ келди. Ва англадимки, дунёда энг катта бойлик бу – тинчлик экан!
Юртимизга қайтганимиздан сўнг энг биринчи ишим онамни зиёрат қилиш бўлди. Волидам билан кўришарканман:
– Сиз ҳақ экансиз, осмонимизнинг мусаффолиги, юртимизнинг тинчлиги бебаҳо бойлигимиз экан. Мен билмай сизга бироз эркалик қилиб қўйибман. Кечиринг, – дедим. Улар эса: – Ҳа, болам, тинчлик бу дунёнинг энг улуғ неъмати. Ҳамманинг омонлиги, сиз – фарзанд , набираларимнинг омонлиги учун ҳам Яратган эгамдан эмин-эркин кунлар тилаймиз-да, – дедилар.
Мен ҳам фурсатдан фойдаланиб "Саодат" журналини севиб ўқийдиган барча оналаримиз, опа-сингилларимизга онамнинг шу гўзал тилакларини такрорлагим келади.
... Онажон – шу сўздир энг гўзал назм,
Пойингизни ўпай, сиз гўзал – шеърнинг.
Онажон, онажон, онажонгинам,
Ёмон ёлғонлардан кўп бўлдим озор.
Сизнинг сўзларингиз ҳақ экан,
Дунё –
Ҳамма ўзин ўйлар бир катта бозор.
Бошингиз оғритдим бари зўр, тинчлик,
Ўпкам тўлиб кетди шунчаки, тамом!
Сизни жуда қаттиқ соғинганимдан,
Кўнглимдан тўкилиб кетди-да пайғом.
Онажон, бор бўлинг,
Кўп яшанг, она!
Дуолар жаннатдан хуш насим, сабо.
Шоиргина кўнглим сўрайди йиғлаб,
Барча оналарни асрагин, Худо!
Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.