МИЛЛАТ ҚАҲРАМОНЛАРИ
МЕНИНГ ТИЛЛОЛАРИМ – ДАЛАЛАРИМ...
Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева ҳамма қишлоқ қизлари каби меҳнат билан тенг улғайди. Болалигини эслаганда гўзал Паросмон маҳалласида шоир, аллома Исҳоқхон Ибратга қўшни бўлганларини ёдга олади.
Қаҳрамонимизнинг онаси Салимахон уч қиз – Халчахон, Ҳалимахон, Марҳаболарни дунёга келтириб, тарбия қилди. Ота-она меҳрига суяниб уч қиз уч дунё бўлиб улғайди. Отаси Меливой ака далада бригадир бўлиб ишларди. Оилада тўнғич қиз бўлгани учун дадасининг ортидан далага кўп борар, кўрганлари кўзида қоларди. Чусткўприкка келин бўлиб тушганидан кейин ҳам дала ишларини тарк этмади. Турмуш ўртоғи ҳунарманд уста эди. Олтмиш-етмишинчи йиллардаги турмуш қийинчиликларини меҳнат билан енгиб, олға интилдилар. Улар қаторасига олти фарзанд кўришди: Мўминжон, Тоҳиржон, Қодиржон, Ёқубжон, Орифжон, Фаридахонлар оила тарихига қувонч, бахт бўлиб ёзилди. У вақтларда фарзанд кўрган аёл боласини йиллаб уйда ўтириб, боқмасди. Уч ойда далага чиқиларди. Ҳусни камоли ўзига ярашган қаҳрамонимиз орқа тўла сочларини чамбарак қилиб, ғўза оралар, чопиқлар қиларди. Чусткўприк қишлоғидаги энг меҳнаткаш келинлардан саналар, ҳурмати шунга яраша эди.
– Оғир йилларни бошдан ўтказдик, – дейди Халчахон ая. – Ҳамиша аёлларнинг елкасига заҳматнинг залворли юки тушган. Вақти келиб пилла бригадирликдан пахта бригадирликка ўтказишди. Ипак қурти боқиш ҳам нозик иш, лекин пахта ундан ўн чандон қийин. Эрта баҳордан то қишгача ерни текислаб, чигит экиб, яганаси, чопиғи, бир жаҳон ишдан кейин пахта йиғим-терими бошланади. Пахта етилса хўп-хўп, кечикса, меҳнаткашнинг ҳолига вой, қиш поёнигача кўсак чувиймиз. Хўжайинимнинг далдаси билан бригадирликка кўниб, тун-кун даладан бери келмай ишлаб юрган пайтда кутилмаганда эрим қазо қилдилар. Энди бригадирликни топшираман, бу дард билан одамларга бош бўла олмайман, деб кўз ёши қилиб раҳбариятга бордим. Орқамдан бригада аъзоларим ҳам боришибди. Бирга ишлаймиз. Сизга қанот бўламиз, дейишганда, қаддим тик бўлди. Уларга суяндим. Аламларимни ишдан олдим. Жуссам кичик бўлгани билан юрагим катта экан. Не машаққатларни кўрдим. Меҳнатдан одам ўлмас экан. Ўлмадим. Болаларим ҳам мен билан далада улғайди.
Унинг серажин, аммо нурли юзига қараб, яхшилик билан кексайган аёлда ўзига хос гўзаллик сақланар экан, деб ўйлайман. Салкам минг ойнинг жамолини кўраётган, миллат қаҳрамоним деб кўкка кўтарган хокисор аёл қаршимда юрагидаги гапларни тўкади. Гоҳ кулиб, гоҳ кўзга ёш олиб тинглайман, саволлар бераман. Академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг "Тақдирин қўл билан яратур одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона", деган сатрларини эслайман. 1997 йил "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган уста пахтакор" унвонини олганда вилоят, республикага номи таралди. 2002 йил "Шуҳрат" медали кўксига тақилганда рағбатдан руҳланди. Янада унумлироқ меҳнат қила бошлади.
Колхозлар тугатилиб, фермерлик ҳаракати бошланганида 13 гектар ер олиб, иш бошлади. Кейин ер майдонини 150 гектарга кенгайтирди. Ярмига пахта, ярмига ғалла экиларди.
– Ўша йиллар яшаш осон эмас эди, – ёдга олади у хўрсиниб. – Арпа нонлар едик. Бошоқ териб кун кечирган кунларимиз эди. Навбатларда туриб 10 та буханка нон олиб шийпонга келсам, ўзимга нон етмаган кунлар бўлган. Ахир, одамлар шу нонни деб далага чиқарди.
2007 йил омадим чопган зафарли йил бўлди. Режалар бажарилди. Болаларимга тўйлар қилдим. Ҳамма нарса бор, кўнглим ярим. Бир четга чиқиб йиғлаб оламан, отаси кўрмади, деб.
Ўша йили навбатим келиб, Ҳаж сафарига бориш учун пул тўлаб қўйгандим. 5 декабрь куни Ҳаж сафарига отландик. Чиптам қўлимда, ҳаяжон минг чандон. Раҳбарият Тошкентга борасиз, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлдингиз, дейишди. Тошкентга жўнадим. Биринчи Президентимиз кўксимга олтин медални тақиб, унвон билан қутладилар. Иймангандан ийманиб, ҳаяжонланиб турибман. "Олти болани ёлғиз тарбиялаб, вояга етказишнинг ўзи ҳам қаҳрамонлик эмасми?" деганларида кўзимдан ёшларим дувиллаб оқди. Ўша кун Наманганга қайтиб келиб, Мадинага учиб кетдим...
Ўша унутилмас кунлар Халчахон аянинг таржимаи ҳолига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.
– Мен дунёга келиб, ота уйим, келин бўлган маҳалламни билардим. Меҳнатдан ортиб, тўйма-тўй юрмаганман. Бозорга қизиқишим йўқ, кийимга ҳам ўчмасман. Тилла тақинчоқларга ружу қўймаганман. Менинг тиллоларим пахтам, ғаллам, азиз фарзандларим эди.
Далаларда терлаб-пишиб ишлаганларимда, ҳеч қаерни кўрмай ўлиб кетарканман, ота-онамга, болаларимнинг отасига ўхшаб, деб ўйлардим. Самолётда учмагандим. Поездга чиқмагандим. Намангандан бошқа жойни кўрмагандим. Меҳнатим туфайли, мустақиллик шарофати билан пойтахтдаги катта анжуманларда қатнашадиган бўлдим.
Яна бир сирни айтай, айнан мен ишлаган бригада даласи юртга уч нафар Меҳнат қаҳрамонини берган, Чусткўприкдан Муҳсиддин Мўминов, Чўлпоной Қудратиллаева ва мен! – деди опа фахру ғурурдан кўзлари ёниб.
Ўн саккиз ёшида келин бўлиб тушган қишлоғининг даласида эллик йил ишлади. Эллик йил пахтам, ғаллам деб югурди. Эллик баҳорни каршилаб кузатди, ёзини севди, кузида ҳосил кўтарди. Эллик йил тўрт фаслни кутиб, кузатди. Бригадир бўлиб сайланган пайтлари қундуз сочлари қоп-қора эди. Ўша қора сочлар пахтазорда оқарди. Буғдойзорларда тўкилди. Аммо чарчадим, дам олишим керак, демади. Унинг даласига байрамлар ўзи келарди. Бригада аъзоларининг усти бутлиги, қозони қайнагани унинг байрами эди.
– Тўрт фарзандим (иккитасини Аллоҳим қайтариб олди), йигирмага яқин неварам, 13 эварам бир уйга йиғилганда, исмларини адашмай айтсам, қувониб кетишади. Худойим кўп суюнтирди, яна кўп йиғлатди ҳам. Эрим ўлганда, ўзим ҳам ўлиб тирилгандим. Далада ғўзаларимга, буғдойларимга йиғлабман. Тўкилган пахтага қараб йиғлабман. Паҳлавондай икки ўғлим – тўнғичим Мўминжонни тўрт йил аввал, бу йил Тоҳиржонимни ерга берганимда ўзимни йўқотдим... Кўз ёшларим дарёдай оқиб, қуриди. Аммо яқинларим, қаҳрамонимиз деб суйган вилоят, туман раҳбарлари доим ҳолимни сўраб туришди. Маҳалла-кўйим, қўшниларим омон бўлишсин. Бир кам дунё экан-да, чидайман. Уларнинг болаларига меҳр бераман. Қош-кўзларида оталарини кўраман.
Ҳозир уч ўғлим ва бир қизим бор. Шуларнинг шукрини қиламан.
Ҳар куним одамлар билан ўтади. Бирининг шодлиги, бирининг ғамига шерик бўламан. Туманимиздаги “Оқила аёллар” гуруҳи сафида юраман. Бутун дунёнинг ғами бўлиб келаётган “ажрашиш” деган сўз юрагимга қаттиқ ботади. Ёш келинчакларга, айланай болам, сабр қилинг, эрингиз шу юртнинг боласи, ярашиб кетасизлар. Болаларни етим қилманглар, отаси кетган бўлса, қайтиб келади, дейман. Аммо ёшлар сал сабрсизроқ-да, йўқчиликларга чидамай ажрашиб кетишяпти. Гапимни олиб, ярашиб кетганлари ҳам бор. Уларни кейин ҳам суриштириб тураман. Тўрақўрғонимизда Барчинсифат полвон аёллар кўп. Ўшалар Алпомиш, Бобурмирзоларни туғиб, тарбиялайди-да. Ёшларга насиҳат қиламан, улар билан гаплашсам ёшлигимни, Исҳоқхон Ибрат гулбоғларида юрган кунларимни эслайман. Фермер бўлиб қонунларни бузмай деб икки гектар ерни боғ қилдирмабман, деган надоматлар ҳам баъзан хаёлимга келади. Фермерлигимда ёнимда юрган ўғлим Ёқубжон ишимни олган эди. Иссиқ-совуқларда юриб оғриб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Фермерликни топширдик. Болаларим омон бўлса бас. Болаларимнинг ҳаммаси шу қишлоғимда, ихчамгина бўлсаям, уй-жойлари бор. Ҳовлилари тўла гул. Бир-бир бориб, гулларини кўриб завқланиб келаман.
Дунёда тинчлик бўлсин! Аёлини ардоқлаган юрт раҳбарини дунё тургунча туринг, деб дуолар қиламан!
Бу – Халчахон опанинг дил изҳорлари! Мен аянинг офтобларда қорайган чеҳраси, ширинсуханлигига мафтун бўламан! Бунчаям яхшисан, ўзбек аёли, миллат фахри деб ҳижрон, заҳмат, оналик юкини кўтариб келаётган елкаларини меҳр билан силайман.
Дилбар ҲАЙДАРОВА,
Наманган вилояти