"Оқила аёллар" ҳаракати
Ҳаётни ҳикматга айлантириш – сабрда
Аёл – эзгулик меҳроби, – деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов. – Аёлнинг улуғ хизматларига ҳар қандай тузум, ҳар қандай жамият доимо муҳтож.
Башарият яралибдики, тараққиётни ҳаракатга келтирувчи кучни, оталарнинг хизматларини инкор этмаган ҳолда айтишимиз мумкин, оналар оёққа қўйиб, оналар тарбиялайдилар. Зеро, жамиятнинг тенг ярми аёл бўлса, унинг қолган ярмини ҳам Аллоҳнинг иродаси билан аёл дунёга келтириб, бағрида ўстириб, жамиятга қўшади.
Бугун жамиятимизда яна бир эзгу куч сифатида тан олинаётган “Оқила аёллар” ҳаракати зиммасига жамиятда, унинг негизи ҳисобланмиш оилада янги маънавий макон, маърифатли она, одобли қиз қиёфасини яратиш, ёшларни қадриятлар ва анъаналарни эъзозлашга ўргатиш, фарзанд тарбиясида ота-оналар масъулиятини оширишдек олижаноб вазифалар юклатилди.
Югурик замон, интернет асри, керак-нокерак ахборотлар таъсирида айрим оилаларнинг маънавий иқлими қадриятларимиз мезонларидан маълум даражада чекинганидан кўз юмиб бўлмайди. Ёшлар, ҳатто ўрта авлод вакилларининг айримларида оиладек муқаддас даргоҳга беписанд қараш, ҳаёт-мамот иши бўлган ўғил-қиз тарбиясига бепарволик, кийиниш, юриш-туришда миллий ўзликни унутиш, дабдабабозликка берилиш ва ҳоказо салбий кўринишларда намоён бўлиб қолди.
Мана шундай бир вазиятда юқоридаги эзгу мақсадлар билан майдонга олиб чиқилган “Оқила аёллар” ҳаракати ўз олдига қўйган мақсадларига эриша оляптими? Эришаётган бўлса, самара нималарда кўринади? Шу саволлар асносида ҳаракатнинг Фарғонадаги жамоат тузилмаси фаолиятига назар ташлаймиз.
Бу жамоатчилик ҳаракатига маҳалла, туман, шаҳар, вилоят миқёсида жами 16 мингдан зиёд фаол, ҳаёт тажрибасига эга бўлган, ўзи ҳам, сўзи ҳам ибрат аёллар жалб этилди. Бу, албатта, жуда катта куч.
Ҳаракатнинг вилоятдаги тузилмасига давлат идораларида узоқ йиллар фаолият кўрсатган, ҳозирда ҳам “Қизил ярим ой” жамияти вилоят бўлими раҳбари, ҳар қандай инсоннинг дунёқарашини икки оғиз суҳбатдаёқ англаб, вазиятга тўғри баҳо бера оладиган Юлдузхон Раҳимова етакчилик қилади.
– Сафимизга зиммасидаги жамоат юкини виждон тарозисида тортиб, унга масъулият билан ёндашадиган Турғуной Эгамбердиева, Мастурахон Сайфуддинова, Шаҳнозахон Ғаниева, Зуҳрахон Алиева, Ўктамхон Солиева, Ҳилолахон Комилова сингари эллик нафар олима, тадбиркор, депутат, ижодкор, педагог, шифокор, ҳуқуқшунос аёллар жам бўлганки, улар гарданига олган эзгу юмушлар учун ҳамиша вақт топадилар.
Ҳар уч ойда ўтадиган таҳлилий машваратларимизда ҳаракат самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклифлар киритадилар. Мақсадимиз битта: у ҳам бўлса жамиятда маънавий макон яратиш, – дейди Юлдуз Раҳимова. – Энг аввало, намунали оилаларнинг тажрибасини оммалаштиришга эътибор қаратилмоқда. Режа асосида ўтган йил, деярли, барча туман-шаҳарларда ҳудудлардаги “Оқила аёллар” ҳаракати етакчилари ташкилотчилигида бир неча юзлаб оила аъзолари, жумладан, муаммоли оила вакиллари ҳам иштирок этган маънавий-маърифий давралар уюштирилди. “Мустаҳкам оила – мустаҳкам жамият”, “Қадриятлар – мустаҳкам оила асоси”, “Она кўриб, қиз ол”, “Ибратли келин тарбиячиси – маърифатли она”, “Либос – маънавият кўзгуси”, “Менинг қайнонам энг адолатли она” ва бошқа мавзуларда уюштирилган давралар, танловлар шулар жумласидандир.
Қўштепада ташкил этилган, бевосита ўзим иштирок этган “Тарбиянинг бош мактаби – ота-она ибрати” мавзуидаги маърифий даврага униб-ўсган ибратли оила вакиллари, маҳаллалар аҳли қаторида ажрим остонасида турган эр-хотинлар ҳам таклиф этилди. Тўққиз келиннинг қайнонаси Патилахон Эргашева, кўзга кўринган тадбиркор Давлатжон Саъдуллаев ва бошқаларнинг мустаҳкам оила шаклланишида ота-онанинг ибрати, келинга, умр йўлдошига муносабат, ҳаётни ҳикматга айлантириш – сабрда, ғурбат гирдобига отиш – қаҳрда эканлиги ҳақидаги сўзлари барчага сабоқ бўлди.
Даврада ҳозир бўлган вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комилахон Кавлонова ибратли оилаларни рағбатлантириб, “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари тақдим этди. Ҳа, оиласида тинчи, ҳаловати бўлган одамнинг ишида унум, ҳаётида мазмун бўлади.
Қизлар тарбияси, одоби, уларни мустақил оилага тайёрлаш, билимга интилишини қўллаб-қувватлашдек масалалар ҳам ҳаракатнинг дастурий режасида алоҳида белгиланган. Айни шу мақсадда ҳудудлардаги етакчилар, барча жонкуяр фаоллар билан вилоятнинг бир неча олийгоҳларида, шунингдек, Ёзёвон, Бағдод, Бешариқ туманлари маҳаллаларида уюштирилган суҳбатлар таъсирчанлиги билан ёдда қоларли бўлди. Вилоятда эрта турмуш кузатилмагани, олий таълим даргоҳларига кираётган қизлар сафи аввалги йилдагидан сезиларли ошгани, уларнинг китобхонлик даражаси кўтарилгани, оналарнинг қизларни оилага тайёрлашга муносабати ўзгариб бораётгани мақсад сари қўйилган қадамлар натижасидир, албатта. Бу жараёнда олий таълим муассасаларидаги “Оқила қизлар” ҳаракатининг ҳам ҳиссаси борлигини тилга олмоқ жоиз, деб ўйлайман.
Тузилма фаолиятининг яна бир асосий йўналиши оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган. Вилоят ҳокимининг тавсиясига кўра, маҳаллалардаги “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси”га оилавий низолар бўйича келиб тушган аризалар ўрганилиб, ҳар ойнинг 26-санасида “Биз оилавий ажримга қаршимиз!” акциясини ўтказиш йўлга қўйилди. Акция доирасида ҳаракат иштирокчилари хотин-қизлар тизимидаги ташкилотлар, шунингдек, ҳамкор давлат, нодавлат ташкилотлари вакиллари билан баҳамжиҳат уюштирилаётган суҳбатлар асносида ўтган йилнинг ўзида ажрим ёқасига келиб қолган 1742 та оила муросага келтирилди. Натижада Фарғонада ажримлар аввалги йилдагига нисбатан 800дан зиёдга камайди. Рақамлар ортида бутун бир оила, гўдаклар тақдири турганини ўйлаганингда, бу қанчалар хайрли иш эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Тошлоқ туманида йигирма йилдан ортиқ умргузаронлик қилиб, вояга етиб қолган икки фарзанди бор оила ажрашиш остонасида тургани, онаси ўғлини ноқонуний уйлантирмоқчи экани, тўй куни ҳам белгилаб қўйилгани ҳақида хабар келди. Ишни пайсалга солиб бўлмасди. Вилоят ҳаракати етакчиси Юлдузхон Раҳимова, маънавий-маърифий тарғибот гуруҳи раҳбари Сайёрахон Алимова, туманнинг оила ва хотин-қизлар бўлими, ҳуқуқшунос, маҳалла вакиллари ҳамкорликда хонадонга етиб бордилар. Олиб борилган чора, маърифий-ҳуқуқий профилактик суҳбат натижасида тўй тўхтатилди. Қонуний эр-хотинга ярашиб олиш учун муддат берилди. Натижада оила муросага келди, болалар тирик етимлик гирдобидан асраб қолинди. Ҳозир ушбу оила турмушини рисоладагидек давом эттирмоқда.
Тан олиш керак, низомда бир қатор имтиёзлар берилган аъзоларнинг айримлари жамоат ишига беэътиборроқ ёндашаётгани ҳам бор гап. Етакчининг айтишича, навбатдаги йиғилишда уларнинг фаолиятини таҳлил қилиш, зарур бўлса, ўринларига фидойи аъзоларни киритиш режалаштириб турилибди. Ҳамма ҳам жамоат ишига шу юртнинг ОНАСИ, ОҚИЛАСИ сифатида ёндашса, натижалар бундан ҳам самаралироқ бўлишига ишончимиз комил.
Ҳадичахон КАРИМОВА,
журналист.