Жаннатим Онам 27.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Қишлоғимизнинг Қумри аяси эди

 

Жаннатим онам

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Замира Бегимқулова юртдошларимиз севиб томоша қиладиган “Гулхан атрофидагилар”,  “Туташ тақдирлар”, “Опа-сингиллар” каби сериалларнинг режиссёри. У тасвирга олган воқеаларда қизлар, аёллар сабр- бардош тимсоли сифатида намоён бўлишади.

Қишлоғимизнинг Қумри аяси эди

  Онам катта ҳарфлар билан ёзилишга муносиб инсон бўлган. Каттаю кичик уларга  Қумри ая, деб мурожаат қиларди.  

     Улар 1924 йил 23 февралда Андижон шаҳрида савдогар оиласида туғилган. Оталари Каримқул бобомнинг савдо дўконлари бўлиб, ўзлари қассобчилик билан шуғулланган. Ўша пайтлари бундай ўзига тўқ оилаларнинг, деярли, ҳаммаси қулоқ қилинган, Бундай аччиқ қисмат сулоламиз бошига ҳам тушган. Бобом, бувимларни  бир этак кичкина болалари билан зах, қоронғу уйга қамаб қўйишган. Онам бу кунларни эс-эс биларди ва ўрни келганда бизга гапириб берарди:

– Дадам қайбир вақтда бир инсонга яхшилик қилиб қўйган экан. Мана шу киши биз қамалиб ўтирган жойда нозирлик вазифасини адо этаркан.  У яхшиликка яхшилик билан жавоб қилиб, ўзини хатарга қўйиб бўлса-да, бизни тунда қочириб юборган.

   Юз-юзлаб хонадонларнинг осуда ҳаётини бузган, болаларини зор қақшатиб, ота-оналарини йиғлатган ўша машъум кунлар ҳақида волидамнинг хотираларини тинглар эканман, қаттол сиёсатга ем бўлган болаликлари учун афсуслар чекаман. Қамоқдан қочган билан осмон узоқ, ер қаттиқ, бобом  чирқиллаган жонлар билан қаердаям осойиш топарди? Болаларини мустабидларнинг тўрига илинмаган қариндошларига тарқатиб беришиб ўзлари қўлларида кичкина чақалоқ билан дарбадар бўлиб юришибди. Онам – сочлари жамалак Қумричанинг гарданига фарғоналик бир қариндошлариникида яшаш тушибди. Табиатан анча эркин, ота-онасининг эркаси бўлган қизалоқ бегона шароитда сиқилиб қолади ва бир куни ҳеч кимга сездирмай уйдан чиқиб кетади. Яхшилар кўмаги билан ота юрти Андижонга етиб олади. Қишлоғини, ҳатто, уйини ҳам топиб боради. Бироқ уйини ҳукумат тортиб олиб, идорага айлантирган экан.

– Сен бу ерда ўралашма, қизиллар сезиб қолса, қамаб қўйишади. Ота-онанг Қўқонқишлоқда бўлса керак, – дейишади уни таниганлар. Яратганим бу муштдек қизчага отнинг калласидек юрак берган эканки, одамлар дараклаган жойни ҳам топиб боради. Аммо излаганлари у ерда ҳам йўқ... Худойимнинг раҳми келибми, яна меҳрибон инсонларга дуч келади.

– Ширингина экан, дарё-парёга тушиб оқиб кетмасин. Рустамбекларга Аллоҳ фарзанд бермади, тирноққа зор. Қизалоқни уларга олиб бориб берайлик. Ота-оналари топилса, топилар. Топилмаса кўчада қолмайди, – дейишади. Шу билан онаизорим Рустам амаки ва Сарвинисо аяларнинг тутинган қизлари бўлиб қолади.

Меҳрибоним кейинчалик бу воқеаларни гапириб берар экан, эртак тинглагандай бўлардик. Қумри Каримқул қизидан Рустам қизига айланиб мактабларга боради, вақт  ўтиб укаларидан бирини ҳам топади. Янги оиласи онамни ўз боласи каби, балки, ундан ҳам зиёдроқ яхши кўради. Аммо ўсмир ёшига етганида унга ҳақиқий ота-онасини топиш бахти насиб этади:

– Рустам дадам овчи эдилар. Нигоҳлари ўткир, қаттиққўл инсон бўлган. Лекин мени ўз оилам олиб кетганида, бағирларига босиб тоза йиғлаганлар... Онам бу гапларни гапириб кексайганларида ҳам кўзларига ёш оларди. Лекин Қўқонқишлоқдаги яқинларини унутмайди, тез-тез бориб туради. Улар ҳам қизларидан бот-бот хабар олишади.Бу пайтда шўро сиёсати анча юмшаб, бобо-бувиларим оқланишган бўлса-да, узоқ вақт уй-жойсиз яшаганликлари, муқим ишлари бўлмаганликлари боис тирикчиликлари оғир экан. Рустам дадалари, Сарвинисо аялари ҳар гал Фарғонага келганларида, фақат тутинган қизларига эмас, бутун оилага кийим-кечак, ҳатто, кўрпа-тўшакларгача олиб келишар экан.

     Онам мактабни тугатгач, қишлоқ хўжалик техникумининг ҳисобчилик бўлимини битирган. Шиддатли, киришимли бўлгани учун иш бошлагач, кўп ўтмай, раҳбарлар назарига тушади. Тошкентга раҳбарлар тайёрлаш курсига ўқишга юборишади. Шу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолади. Эндигина ўн етти баҳорни кўрган онамни хўжаликка раис этиб тайинлайдилар.

– Жуда оғир даврлар эди. Қаҳатчилик, қишлари совуқ.Бунинг устига ҳар кун бир хонадонга “қорахат” келади. Фронтга эса дон керак, пахта керак. Етиммисан, аёлмисан, кексамисан, жонинг бўлса, ишлашинг керак...

Уруш кўрган одамлар баъзан ўша даврларни эслагиси келмайди, онам эса бизга шу тарзда гапириб берарди, хотиралардан қочмасди. Овқатни совуқ, нонни қаттиқ, деб гап топсак, одамлар нон ушоғига ҳам зор бўлган ўша кунларни эслатиб турардилар.

     Дадам Латифжон Исмоилов барча йигитлар қатори фронтга кетган. Қайтиб келганларида ҳам онам хўжалигимизни бошқараётган  шаддод, тутган жойидан кесадиган қиз бўлган.  Дадам институтга ўқишга кирган, ҳар куни онам яшайдиган кўчадан ўтиб, шаҳарга қатнар экан. Баланд бўйли, келишган йигит камолга етиб турган қизнинг диққатини тортган.

– Чиройли инсонларни яхши кўраман, – дерди онам кейинчалик ҳам. 

     Ўша кўчада отамнинг опалари Жаннат аммам ҳам яшаганлар. Раис бўлса-да, юрагига муҳаббат олови тушган расида қиз эмасми, аммамларникига кириб, кўнглини очади. Шу-шу қариндош-уруғлар орага тушиб, 1946 йил тўйлари бўлган. Отам  раҳматли жуда ўқимишли инсон эдилар, бизни шеър билан уйғотганлари эсимда.   

     Ота-онам икки хил табиатли бўлишса-да, жуда аҳил яшашган. Волидам кўчада эр кишининг вазифасини адо этса-да, оилада аёл эди. Биз ёш пайтларимизда ҳам уйимиз доим саришта бўларди. Айниқса, онам ўқишимизга қаттиқ турарди. “Тўрт”  баҳо олсак ҳам койиш эшитардик... Энг муҳими, онамга фақат биз эмас, бутун қишлоқ ишонар эди. Ҳали қуёш кўтарилмай, кўрпамиз совумай сўримизга кимдир маслаҳатга келиб ўтирар эди. Ким ўғли учун қай хонадонга совчиликка боради, қизини кимга унаштирса, тўғри бўлади, аразлашганлар, жанжаллашганлар... Волидам ҳаммани сабр билан тинглар, ҳеч кимга овозини кўтармас, маслаҳат пишгач, келганларнинг чеҳрасидаги мамнунликдан билардимки, қарор адолатли бўлган. Йиллар онамнинг сочларига оқ туширди, давлат ишларидан нафақага чиқди... 

– Қумри ая ҳам терговчи, ҳам оқловчи, қораловчи, қози ҳам ўзлари, – деб гапиришарди ҳамқишлоқларимиз ўша пайтларда ҳам.

      Биз – тўртта фарзанд ҳамиша онамни ўзимиздан баланд, дадил билганмиз. Менинг тақдирим телевидение билан боғланди, режиссёр бўлдим. Волидам хоҳлагандай, касбимга садоқатли бўлдим. Укаларим ва синглим ота касбимиз – ўқитувчиликни танлашди. Эл учун, оила учун чеккан заҳматлари  қадрланди, Президентимиз фармонларига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бир умр меҳнат дунёсида яшаган, гоҳ элга бош бўлган, гоҳ эл кўйида оташ бўлган онам Қумри Исмоилова 84 ёшида дунёдан ўтди. Маййитни қабрга қўйиб қайтишгач, Қуръони карим тиловатидан сўнг марҳума ҳақида гапириша бошладилар. Негадир ҳамманинг юзига табассум қалқди. Ҳатто бағримиз қонаб турган биз ҳам онаизоримизнинг қизиқ сўзлари, кутилмаган ўхшатишлари, одамларга чиппа ёпишадиган лақаблар топишларини ўйлаб, қалбимизда кулгига майл уйғонди.

– Қумри аямизни кўзда ёш билан эслаб бўлмайди, ҳаётсевар инсон эди, – деди отинойи.

Ҳалоллик, меҳнатсеварлик, сабру бардошда бутун умр бизга ўрнак бўлган онажонимнинг жойлари жаннат, охиратлари обод бўлсин!

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар