Жаннатим Онам 15.05.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ШУНДАЙ ОНАМ БОР ЭДИ

 

ЖАННАТИМ ОНАМ

ШУНДАЙ ОНАМ БОР ЭДИ

     Онам Шарофатхон Аббосхон қизи 1931 йили Кумушбиби юрти Марғилонда, ўзига тўқ, тақводор оилада дунёга келган экан. Афсуски, икки ёшлигида дадаси тўсатдан вафот этиб, онаси Руфаатхон ая ва тўрт яшарлик опаси Халичахон билан Ўш областининг Аравон районига, тоғаси, донгдор хўжалик раиси Аъзамхон Саидаҳмедовлар хонадонига кўчиб келишади.
    Кейинчалик Руфаатхон бувимизни ҳали ёш бўлганлиги учун Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғига Шожалилхон исмли кишига турмушга узатишади. У кичик қизи (яъни онам)ни ўзи билан бирга олиб кетиб, каттасини акасиникида қолдиради. Онасиз қолган уч норасида бувимизни ўз онасидек қабул қилади. Уч ўғил, икки қизнинг онаси бўлган ёшгина бувимиз умр йўлдошига ҳар ишда елкадош бўлади.
Онам раҳматли болалиги уруш йилларига тўғри келганлигини кўп эсларди. Қорни тўйиб овқат емаганлигини, болалик гаштини суролмаганлигини, ўн-ўн тўрт ёшларида урушнинг аччиқ “мевалари”ни катталар билан тенгма-тенг баҳам кўрганликларини ҳикоя қиларди:
– Уруш тугаганлигини Аравонда туриб эшитганмиз, – дерди волидам. – Хушхабарни эшитдигу йўлга отландик. Қўқон аравада уйимизга – Қорақўрғонга кетаётиб, онам йўл бўйида, далада ишлаётган аёлларга қараб: “Ҳой яхшилар, эшитдингларми, уруш тугабди”, - дея бор овози билан ҳайқирар, қиз-жувонлар бу хабардан аввалига турган жойларида донг қотишар, сўнг қўлидаги кетмонларини ҳар ён улоқтиришиб, қий-чув билан бир-бирларини қучоқлашиб, қутлашар, қувончдан сакрашарди. Онам эса уларга қараб, илоҳим, урушнинг номи ўчсин энди, дея юзига фотиҳа тортар экан.
    Афсуски, бу қувончларнинг бир чеккаси кемтик бўлиб қолди. Чунки онамнинг урушга кетган норғулдек уч акасидан иккитаси қайтмади. Учинчиси эса ногирон бўлиб келди.
Онам кексалик нафақасига чиққунга қадар жамоа хўжалигида ишлади. Кетмон чопди, пахта терди, ипак қурти боқди.
     Ўқувчилик пайтларимни яхши эслайман: тўрт хонали уйимиз қолиб, айвонда, ҳатто, ёрдамчи биноларда ҳам ипак қурти боқар эдик.
    “Ўн беш-йигирма кунлик қаттиқ меҳнатдан қочмасак, баракалигина даромад оламиз. Яхши еб, яхши кийинамиз, тўй-томошаларимизни бировдан қарз олмай ўтказамиз”, - дерди онам бизни ҳалол меҳнатга даъват қилиб.
    Дадам, уч опам ва мен тонг қоронғусида туриб, юк машинасида барг кесиб келиш учун далага жўнар эдик. Дадам нарвон ёрдамида баланд-баланд тутларга чиқиб, барг кесар, биз ерга тушган новдаларни бир текис қилиб боғлаб, машинага ортиш учун тайёрлардик. Қуртлар “катта даҳа”дан уйғонишгач, кунига 40-50 боғдан барг кесишга тўғри келарди.
     Уйга келтирилган баргларни бутаб бўлгач, дадам ишга, биз мактабга жўнаб кетардик. Ишнинг асосий қисми, албатта, онамга қолар эди. Эрталабдан кечгача ипак қуртига қараш: вақтида уларга барг солиш, ғонаш, полга тўкилган қуртларни териб олиш, қурт боқилаётган хоналарнинг об-ҳавосини бир хилда ушлаб туриш, бундан ташқари, уй юмушларини бажариш, қўрадаги қўй, қозиқдаги мол-ҳолга қарашнинг ўзи бўладими? Тонгда шам тушган баргларни қучоқлаганидан уст-бошлари шалаббо бўлиб кетарди, кўпинча кечга бориб шўрликнинг гапиришга ҳам мадори қолмасди. Тўғри, онамнинг бу меҳнатлари муносиб баҳоланди, “Меҳнат Қизил Байроқ ордени” берилди. Бироқ, камтарликни қарангки, онам уни умрининг охиригача бирон марта, ҳатто эсдалик учун суратга тушганида ҳам тақмабди.
    Онам уруш туфайли ёлчитиб мактабга бормаган бўлса ҳам жуда сўзамол аёл эди. Халқ мақоллари, ибораларидан ўринли фойдаланар эди.
    Баъзан шундай мақолларни ишлатар эдики, ҳайратланганимдан: “Ўзи бор-йўғи уч синф маълумотингиз бўлса, бундай чиройли гапиришни қаердан ўргангансиз?” деб сўрасам: “Эй, ўғлим, ўқиш бошқа, уқиш бошқа, ўзингдан катталар ва билимли кишилар суҳбатини берилиб тингласанг, кўп нарса ўрганиб оласан, қолаверса, кимсан Лазокат отинбига келин бўлганман-а”, - дерди кулиб.Тўғрисини айтсам, “Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, “Зўрға топган боламни эчки тепиб ўлдирди”, “Яхши бўлсанг ошингни ейсан, ёмон бўлсанг бошингни”, “Ёмондан ёрти, сичқондан пайшанбалик қолибди”, “Ҳар ошиққа беш кун давр”, “Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади” сингари халқ мақолларини, аввало, онажонимдан эшитганман.
     Волидам жудаям сахий, очиққўл, меҳрибон аёл эди. Бир девор қўшниникига шунчаки кирса ҳам болаларига деб чўнтагига бир сиқим ўрик қоқи, қанд ёки ёнғоқ солиб олар эди. Ҳовлимиздаги мевалар пишиши билан қўни-қўшни, қариндош-уруғларга “кўз ҳақи” улаша бошларди. Ён-атрофдаги экинзорларда ишловчиларга эса челаклаб мева-чева чиқариш одатлари бор эди.
- Ойижон, ҳаммага мева улашишдан нима фойда, ундан кўра териб, бозорга олиб чиқсак, ўзимизга фойдалироқ эмасми, – дердик биз норози қиёфада.
- Қўни-қўшни, бола-чақадан ошгани бозорга-да, болам, Яратган эгамнинг: “Бировга бирни берсанг, сенга ўнни бераман”, деган гапи бор. Худойим ҳеч вақт хонадонимиздан баракани кўтармасин. Ҳосилимизга кўпчиликнинг оғзи тегса, савоб бўлади, - дерди мулойимлик билан.
    Онам довруғи етти маҳаллага кетган пазанда ва қўлигул чевар эди. Узоқ тунларни кунга улаб, опаларимнинг сепига чорсию қўшқийиқлар тикарди. Хамир овқатнинг бир неча турини тайёрлар эди. Ҳар гал нон ёпганда тандир “жағи”га 5-6 та сомса ёпиб, 2 та иссиқ нон билан бирга бобом ва бувимларни йўқлашни канда қилмас, бемор ётган кекса қўшнилардан ҳам хабар оларди.
    Онам тозаликни, саранжомликни, гулни яхши кўрарди. Ҳовлимизда биргина райҳоннинг уч-тўрт хилидан ўсарди. Бўш қолди дегунча қўлига кичкинагина теша олиб, гулзорларни бегона ўтлардан тозалаб юрарди. Жамбил ва бошқа ошкўклардан қишга қуритиб қўярди. Бировникида биронта янги гул навини кўрса, унинг уруғидан сўраб олиб, эрта баҳорда ҳовлимизга экарди. “Гул яхши нарса-да, баҳри-дилингни очади, кўзингни қувнатади, қани энди юрган йўлларинг чаманзор бўлса. Наманганликлар гул ўстиришга ишқибоз бўлишар экан. Боғларидаги гулларни кўриб, ҳавасинг келади”, - дерди. Буни қарангки, бугун онажонимнинг орзуси ушалиб, Андижон ҳам бетакрор гуллар масканига айланди.
    Оилапарвар аёл эди. Аввало, дадамнинг ҳурматини жойига қўярди. Яқин қариндошлари, жумладан, опа-укаларидан доимо хабардор бўлиб турар, дадамнинг яқинларига ҳам бирдек меҳр улашарди. Қариндош-уруғларимиз тўй-тўркин қилгудек бўлишса, аёллар бажарадиган ташкилий масалаларни ўз назоратига олар, ёш-ялангларнинг ҳар бирига ўзига яраша иш топиб берарди.
     Эр-хотин биргаликда беш қиз, икки ўғилга тарбия беришди, ҳаётда ҳар хил – оғир-енгил кунлар бўлади, нолиганларини билмайман. “Сенлар деб, ундоқ бўлдим, бундоқ бўлдим”, тарзидаги иддаолар қилмаган. Сўзидан бол томар, енгилгина койишларида ҳам малҳам бор эди. Худога шукур, ҳаммамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Афсуски, онажоним ҳаётдан анча эрта кетди. 1994 йил олтмиш уч ёшида вафот этди.Турли тадбирларда, учрашувларда хизмат юзасидан қатнаша туриб, нуроний онахонларга рўбарў бўлсам, уйимизнинг тўри онамсиз ҳувиллаб қолганидан ўкинаман. Илойим, охиратингиз обод бўлсин, дейман.

Шукрулло НЕЪМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар