БУГУННИНГ НАФАСИ
ҚИЙИН, ЛЕКИН ЗАВҚЛИ МЕҲНАТ
Сифатли пилла етиштириш ва хом ипак ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиз жаҳонда етакчи ўринларда туради. Шунингдек, ипак қурти боқиш, пилла етиштириш мажмуи ҳисобланган ва қишлоқ хўжалигининг ипакчилик саноати учун хомашё етказиб берадиган асосий тармоқларидан бири бўлган пиллачилик соҳаси айни водий вилоятларида ривожланган. Манбалардан бизга маълумки, ипак қуртининг боқилиши тарихи жуда қадим замонларга, яъни, милодий IV асрларга бориб тақалади. Айнан шу даврда у Хитойдан Ўрта Осиёга тарқалган. Пиллачилик соҳаси ривожига неча йиллардан буён ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Агропилла” МЧЖ агрономи Озодахон Азимовани бу борадаги иш фаолияти тўғрисида мулоқот қилиш учун суҳбатга чорладик.
– Иш фаолиятимни бошлаганимга 39 йил бўлди. Дастлабки йилларда Андижон ипак қурти уруғи заводида оддий ишчи бўлиб ишлар эдим. Кейинчалик катта ишчи, агроном, цех бошлиғи, бош муҳандис, уруғхона мудири лавозимларида фаолият юритдим. Ҳозирда эса Олтинкўл туманида пилла қурти, уруғини тайёрлаш билан шуғулланиб келяпман.
Ишлаётган корхонам республика бўйлаб барча вилоятларга сифатли ипак қурти уруғини етказиб бериш билан шуғулланади.
Болалик уйимда ипак қурти боқилгани учун бу соҳага киришиб кетишим у қадар қийин кечмади. Хонадонимиздаги жараённи назорат қилиш учун агроном опалар уйимизга тез-тез келиб туришарди. Уларга ҳавасим келган, ота-онамнинг ризоликлари билан мен ҳам шу йўналишни ўзимга касб қилиб олдим.
Юртимизда ипак қурти уруғини тайёрлаш, боқиш, пиллага дастлабки ишлов бериш (димлаш ва қуритиш), янги қурт уруғлари ва дурагайларини яратиш ва тутчиликни ўз ичига олган мукаммал мажмуа аллақачон яратилган. Ва бугунги кунда тут ипак қурти республикамизнинг барча ҳудудларида етиштирилади, водий вилоятлари бу борада илғорроқ.
Бизда мавсум эрта баҳорда бошланади. Туманларга бўлиниб, режадаги уруғ инкубаторга қўйилади, хона ҳарорати 24-25 даража бўлиши керак ва уруғ 8 кун деганда чирсилламай қўяди. Ва 10 кун деганда жонланиб, 1-1.5 қутидан хўжаликларга тарқатилади. Аслини олганда бир ой давом этадиган бу жараён бутун бошли бир илмдир.
Қуртлар 4 марта ухлайди. 5 ёшга тўлганда, катта даҳага киради. Бу жараён 10 кун давом этади. Хорижий қурт маҳаллийсидан кўпроқ баргни истеъмол қилади. Қурт оғзидан ипак сочила бошлагач, даста қўйилади. Ғумбак ҳолига келганда эса пилла тайёр бўлади. Иш шу жойда ниҳояланмайди, яна давом этади.
Пилладан капалаклар тешиб чиқади. У терилиб, 2 соат мобайнида чатиштириб, 5 донадан халтачаларга солинади. Улар эркак капалакдан ажратилгач, уруғ қўйилади. Бу жараёнда ниҳоятда эътиборли бўлиш керак. Акс ҳолда чатишмаган капалак пуч уруғ қўйиши мумкин. Сўнгра барча капалаклар халтачаларга солиниб, оғзи тикилиб, салқин омборга илиб чиқилади. Ва ҳар бири махсус туйилиб, атала ҳолига келтирилади. Агрономлар эса микроскопда касалликларини текширадилар. Тоза уруғлар халтачадан тўкилиб, шўр ва тоза сувда ювилади. Якунида эса қутиларга солиниб, рақам ва зоти ёзилиб, музлаткичга 2 даража совуқ ҳароратга қўйилади. Шу тарзда қиш мавсумини ўтказиб, кейинги баҳоргача сақланади. Баҳор келгач, уруғларни режага кўра туманларга ажратиб, тарқатилади ва яна инкубаторга қўйилади. Биз элита уруғидан маҳаллий уруғ тайёрлаймиз.
Ҳа, ишимиз бирмунча мураккаб, шу билан бирга қизиқ ҳам. Ўз касбимни яхши кўрганим боис, унга сидқидилдан киришаман. Одатда бўш вақтим кам бўлади. Аммо вақт топилди, дегунча китоблар мутолаа қиламан. Агар ортга қайтиш имкониятим бўлганида ҳам яна шу касбни танлаган бўлардим. Нимадир ўрганиш учун менда қўшимча имконият ва фурсат бўлганида, албатта, олийгоҳда ўқишни танлаган бўлардим. Ўзимда армон бўлгани учунми, айни кунларда набираларимнинг ўқишига катта эътибор қаратяпман. 10 яшар набирам Умрбекни инглиз ва рус тили тўгарагига берганмиз. 9 ёшли набирам Заҳрохонни ҳам инглиз тили ва гимнастика тўгаракларига бориб-келишини ўзим назорат қиламан. Улардан умидим катта.
Ўзимни аёллик саодатига тўкис эришганман, дея оламан. Чунки оилада севимли ёр, меҳрибон она, буви, ишда яхши ходимман. Шунинг учун ҳам ўтган умримдан, бугунимдан, қўлимда боридан розиман, Яратганга фақат шукроналар келтираман.
Моҳинур ҲАЗРАТУЛЛО қизи ёзиб олди.