Саҳнадаги ҳаётим "Дийдор"дан бошланган...

 
     Ўзбекистон Давлат драма театрининг актрисаси, севимли санъаткоримиз - Доно Бобохонова билан суҳбатлашдик. 
– Доно опа, санъаткор ҳаётида муҳим аҳамиятга эга дебют ролингизни эслай оласизми?
– Нега эсламайин? Санъат институтининг 2-курсида ўқиб юрганимда-ёқ мана шу қадрдон даргоҳимга келганман. Рус мактабида ўқиганлигим учун дастлаб менга нуқул эпизодлардаги ролларни беришарди. “Дийдор” спектаклида Ширин Азизова бош қаҳрамонни ижро этар, мен киприк қоқмай томоша қилардим. Ўшанда 21 ёшда эдим. Қаҳрамоним спектакль учун у қадар катта аҳамият касб этмаса-да, менда истеъдодимга бўлган ишончни уйғотган. Эргаш Масофаев, Наби Абдураҳмонов, Баҳодир Йўлдошевдек кучли режиссёрлар билан ишлаганимдан жуда бахтлиман.
– Одатда, ўсмир ёшдагилар романтик касбларга қизиқишади. Сизда бошқачароқ бўлган эканми...
– Ёшлигимда ҳеч қачон артист бўламан, деб ўйламаганман. Балетга қатнашардим, тил ўрганишга қизиқардим. Мактабни битиргач, чет тиллар институтининг роман-герман факультетига ўқишга кирганман. Бир куни дугонам ўша пайтдаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига эргаштириб борди. Мени ташқарида қолдириб, ўзи ичкарига кириб кетган. Ҳовлида уни пойлаб ўтирган эдим, Раҳим Сайфуддинов деган домла келиб қолди. Қисқа савол-жавобдан сўнг репетиция бўлаётган жойга бошлади. Бутун вужудим кўзга айланди. Кўринмас бир ришта билан саҳнага боғландим. Энди шу институтда ўқийман, деб туриб олдим. Лекин домлаларимиз: “Кетма, чет тилларини ўрганасан, бу ерда ўқитиш жараёни кучли. Таржимон бўласан, чет элма чет эл юрасан”, деб олиб қолишга уринишган. Чунки қишки сессияни фақат “аъло” баҳоларга топширган эдим-да (кулади). Кўнмадим. Шундай қилиб, Тошкент театр ва рассомлик санъати институти талабаси бўлиб қолдим.
– Фарзандларингизнинг биронтаси ҳам касбингизни танламаган, шекилли...
– Мен бир нарсага тушунмайман, ота-она санъаткор бўлса, боласи ҳам санъаткор бўлиши шартми? Ахир, атрофимизда қанчадан-қанча санъаткор ота-оналар истеъдоди ҳаминқадар бўлган болаларини ўз оламига етаклаб киришяпти. Отаси ёки онаси дунёдан ўтиб кетишгандан кейин иқтидори бўлмаган бола қандай қилиб ўзлигини топа олади? Ўзини ўзи адо қилади-ку! Қизим Москвада, шифокор, катта ўғлим биласиз, бир неча йил олдин оламдан ўтди, учинчи фарзандим Жайхун – хореограф. Лекин келиним Людмила ўзим билан театрда, ҳисоб-китоб бўлимида фаолият юритади. Камила ва Сония исмли қизлари бор. Уч набирамни турмушга узатдим. 9 набира, 4 эваранинг бувиси бўлдим. Москвадаги қизим доим: “Ойи, биз билан яшанг, ёнимга келинг”, деб чақиради. Москва, умуман, барча чет эллар мен учун саёҳат қилишга яхши.
  Ўзбекистондан бошқа жойда яшашни тасаввур қила олмайман. Чунки шу ерда униб, ўсдим. Дўсту қадрдон орттирдим. Эсласангиз, Ўзбек Миллий академик драма театрида Георгий Брим деган рассом бўларди. Ўғли отасини Германияга олиб кетди. Ижодсиз ҳаётини тасаввур қила олмайдиган рассом бегона жойда аввалгидек илҳом билан чиза олмай қолди.
  Чунки унга она Ўзбекистон табиати мавзу берарди-да. Юртдан олисда узоқ яшай олмади ҳам. Ҳар бир ижодкор ўз юртининг бир парчаси. У ана шу юрт билан тирик, ҳаракатда.
– Доно опа, сизни томошабин кўпроқ комик актриса сифатида яхши танийди. Ҳолбуки, театрда сизнинг жиддий ролларингиз ҳам бор...
– Маркеснинг “Ёзилмаган мактублар” асарида Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов билан эру хотин ролларини ўйнаганмиз. Камбағаллик, фақирликнинг бир оила мисолидаги фожиаси...
  Мар Байжиевнинг “Дуэль” драмасида Нози ролини саҳнага олиб чиққанман, у ҳам жиддий асар.
  Журналистлар мендан сиз комик актрисамисиз, деб сўрашади. Мен ҳамма нарсада табассумни кўраман, балки, шунинг учун ҳам режиссёрлар менга кўпроқ, айниқса, телевидениеда комик ролларни беришади. Томошабин бу спектаклни кўрганида ҳам кулсин, ҳам йиғласин, охиригача фақат йиғлаб ўтириши унга оғирлик қилиши мумкин ахир. Ҳаёт фақат кулгу ёки фақат йиғидан иборат эмас-ку.
– “Бахт эшик қоққанда” спектаклида бош ролни маҳорат билан ижро этгансиз. Сизнингча, бахт инсоннинг эшигини қачон қоқиб келади?
– Бахт бизнинг эшигимизни қоқиб келмайди, унга ўзимиз борамиз, кириб келиши ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимизга, ниятларимизга боғлиқ. Бу спектаклда нафақат томошабин, балки актёрнинг ўзи ҳам ўзгаради.
  Илгари уним, буним кам, деб юрардим, нолирдим. Шу спектакль мени тарбиялади. Иккита болали оила тор уйда яшашади, бирлари икки бўлмайди. Болаларининг бўйи етиб қолган. Эркакни бир бойваччанинг қизи севиб қолади. Қизнинг отаси эркакка: “Қизимга уйлан, хотинингга, болаларингга уй олиб бераман”, дейди. Хотини олдинига рози бўлади. Лекин вақт ўтиб, борига қаноат қилиб яшаш миннатли бойликдан афзал эканлигини сезиб қолади.
  Эрига: “Дадаси, нолимай мен ўлай, илгари қандоқ тинч яшаган эканмиз-а, камчиликлари бўлса-да, ўзимизнинг ҳаётимиз яхши экан”, - дейди.
– Ҳамон саҳнадасиз. Орзу қаримайди, деган гап бор...
– Шу ёшимда ҳам саҳнада эканлигимдан қувонаман. Кўп йиллардан бери томошабинлар меҳрини қозониб келаётган “Отасининг қизи”, “Минг йиллик ҳангома”, “Аяжонларим”, “Бахт эшик қоққанда” спектаклларида ҳамиша бандман.
  Театримизнинг бош режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов саҳналаштираётган Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” драмасида энага ролини ижро этяпман. Шоира Жаҳон отин Увайсий ролини саҳнага олиб чиқиш – энг катта орзуйим. Шу инсонга қалбимда бир яқинлик бордай.
 
Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди,
Баҳодир ЭРГАШЕВ фотоси.
ҚИСҚА САТРЛАРДА:
– Сиз ўзингизга қандай баҳо берасиз?
– Ўзимни жуда-а-а зўр санъаткор деб ўйламайман, лекин эл меҳрини қозонганман, дея оламан.
– Севимли машғулотингиз?
– Набираларим билан суҳбат қуриш.
– Қайси актрисага ҳавас қилгансиз?
– Яйра Абдуллаевага! О, унинг ижросидаги “Ўғирланган умр” спектакли мени ўзига батамом маҳлиё қилиб қўйган.
2022 йил.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар