Ҳамкорликнинг ёрқин уфқлари

    Икки инсон дўст бўлса, бир-бирига суяниб яшайди. Оғирини енгил қилади. Хурсандчилигини бўлишади. Икки оила иноқ бўлса, ҳаёт мураккабликлари қаршисида саросимага тушмайди. Шодлиги ҳам икки баробар кўп бўлади. Мамлакатлар биродар бўлса, бу эзгулик самарасини миллатлар, халқлар кўради.
   Ўтган йилда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси вакиллари томонидан “COVID-19” пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича меморандум имзоланган эди. Мазкур келишув меморандуми асосида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари очилди.
  Бу ерда ҳам касб-ҳунарга ўқитилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бирламчи кўникмалар шакллантирилади. Жами 460 нафар хотин-қизларни ўқитиш назарда тутилган. Албатта, фақат инсоният саломатлигига эмас, оила бюджети, иш кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатаётган пандемия даврида ҳокимликлар, маҳалла раҳбарлари, ҳомийлар тарафидан бўлган ижтимоий муҳофаза ҳам аҳоли ҳаётига хотиржамлик индиргани, шубҳасиз. Лекин касб-ҳунарга ўргатиш, ўқитиш, бунинг учун шароит ҳозирлаш аёлларимизга бир умрга асқатади. 
    Шу маънода Бухоро вилоятининг бир неча туманларида барпо этилган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари”- нинг очилиши ижтимоий ҳаёти миздаги ёрқин воқеалардан бири бўлди. Қоракўл тумани “Хўжалар” маҳалласида ишга тушган шундай масканларнинг бирида хотин-қизларни сартарошлик, тикувчилик, бухгалтерия ҳисоби, компьютер графикаси йўналиши ҳамда пазандачилик, уй ҳамширалиги каби касбларга ўқитилади. Замонавий жиҳозланган, касб сирларини тўла эгаллаш учун барча қулайликларга эга бу масканнинг очилиши маҳалла аҳолиси учун ҳам, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари, пойтахтдан борган журналистлар учун катта тантанага айланиб кетди. Шофиркон туманидаги “Қалмоқон” маҳалласида худди шундай тантана доирасида аёлларнинг қўл меҳнатлари кўргазмалари намойиш этилди. Фаолияти давомида катта муваффақиятларга эришган ишбилармонларнинг ўтган маҳорат дарслари тингловчиларга манзур бўлди. Ҳамкорликнинг халқимиз ҳаётидаги ёрқин саҳифаларга айланган тадбирлар Когон туманининг “Хўжа-Якшаба” маҳалласида давом этди.
    Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги офиси директори Пак Сун Жин хоним, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳтарама Бўриева, Когон туман ҳокими Муҳиддин Эсанов, Шофиркон тумани ҳокими Жамшид Шароповлар сўзга чиқиб, иш бошлаётган марказларнинг бугунги кундаги аҳамияти, билими ва малакасини ошираётган ёшларимиз ҳаётида тутган муҳим ўрни ҳақида фикр билдиришди. Маҳалла фаоллари бу савоб иш бошида турганларга миннатдорлик билдиришди.
Маҳмуда САЪДУЛЛАЕВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар