МАРДЛИК МАКТАБИ

 

АСКАР ОНАЛАРИНИ ШАРАФЛАЙМИЗ


МАРДЛИК МАКТАБИ


       Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ота-оналари ҳам иштирок этди.
       Ҳарбий либоси ўзига ярашиқли забардаст ўғлонларнинг оналари жигарбандларининг бугун Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этаётганини кўриб бениҳоя севиндилар. Уларнинг дил сўзларига қулоқ тутдик.
– Бир қиз, уч ўғилнинг онасиман. Ҳозирда кенжа фарзандларим Ҳасан ва Ҳусанлар ҳарбий хизмат ўтамоқда, — дейди чустлик Зулхумор Усвалиева. — Уларни шу пайтга қадар кўздан йироққа жўнатган эмасмиз. Аммо гўдаклик чоғидаёқ болаларимни ҳарбий кийимда кўришни орзу қилардим. Бир эмас, икки аскар ўғлимнинг бугун виқор билан турганини кўриб, орзуйим ушалганига шукур қилдим. Эгизаклари бор сулолага яна қўшалоқ фарзанд беради, деган гап бор-у халқда ҳам, тиббиётда ҳам. Аллоҳдан сўраб турибмиз, ўша муборак кунларга етказса, набираларим ҳам улғайиб, амакиларидек аскар либосини кийиб кўзимни қувонтирса, она юртимиз ҳимоясига доим шай турса, дейман. Бугун кўнглимни кўтарган яна бир жиҳат шу бўлдики, муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскар йигитларга қилинган шароит – ёруғ ва шинам хоналар, мазали ва фойдали таомлар, илм олиши учун кутубхоналар, чиниқишлари учун замонавий спорт заллари – эҳ-ҳе, имкониятларни санасам адоғи йўқ. Кўриб ҳавасим келди, очиғи. Эгизакларим армияда тўлишиб, Алпомишдек келбатли йигитлар бўлганини пайқадим. Келгусида ҳам шу соҳада хизматда қоламан дейишса, бажонидил дуо бераман.
       Тадбир чинакам дийдорлашув даврасига айланиб кетди. Турли вилоятларда хизмат бурчини ўтаётган аскар йигитлар саҳнадаги улкан экран орқали яқинлари билан дийдорлашди. Бир йигит экран орқали кимнидир излаётгандай туюлди. Ёнимизда ўтирган аёл ўрнидан секин туриб саҳна томон йўналди ва микрофонга яқин келиб: “Ахбор, болам, мен шу ердаман, мени кўряпсанми?” деди. Наманганлик аскар йигитлар Ахборга микрофон тутишди. У дил изҳори ва соғинчини шеър орқали ифода этганда зал яна бир қалқди... Она-бола суҳбатидан сўнг биз ҳам Ахборнинг онасига яқин бордик:
– Ўғлимнинг болалиги пойтахти азимда ўтди. Кичкиналигидан ниҳоятда шўх эди. Эслайман: беш ёшлигидаёқ ишдан қайтганимда биринчи қиладиган ишим уни излаш бўлар эди. Бувисининг кўзини шамғалат қилиб, ҳали нариги маҳалладаги болалар билан ўйнагани кетар, ҳали ўзидан катта ўртоқлар топиб, тўп тепгани узоқ-яқиндаги майдонларга боришарди. Хуллас, ўғил бола, майли кўзи пишсин, кўча кўрсин, ҳадеб тергайвериб синдириб қўймайлик, деган ўй-хаёл билан яшардик. Отасининг бевақт ўлими оиламизга катта зарба бўлди. Бу хабарни эшитганимизда Ахбор 12 ёшни қаршилаган, ўсмирлик остонасида турган йигитча эди. Иккита фарзандни вояга етказиш, моддий таъминлаш, табиийки, менинг чекимга тушди. Моддий таъминотини-ку амалладим, яқинлар қараб туришмади. Аммо оилада фарзанд, айниқса, ўғил боланинг тарбиясида отанинг ўрнини биров босолмас экан. Ёшликдан шўх ўғлимнинг хулқ-атворида ўзгаришлар сезила бошлагач, бу ҳақиқатни янаям чуқур англаб етдим. Армия ёшига етса, уни биринчилар қаторида юборишни ният қилиб қўйдим. Вақти келганда, кутганимдек, армияга чақирув қоғози келганда ўғлим рўйхушлик бермади. Ҳарбий комиссариатга ўзим бордим: ҳолатни тушунтирдим. Уларга катта раҳмат, вазиятни тўғри баҳолаб, ёрдам беришди. Ўғлим билан суҳбатлар ўтказиб, унга тўғри йўлни кўрсатишди. Қасамёд маросимига борганимда эса ўғлим буткул ўзгарганини, ўзим кутганимдек интизомли, қатъиятли йигитга айланганини кўриб қувондим. Бунинг учун унинг командирларига раҳмат айтаман, – дейди Гулноза Машарипова.
      Ҳа, чиндан ҳам армия – ҳақиқий ҳаёт мактаби. Бу мактабда сабоқ олганлар мардлик, жасорат дарсларида тобланадилар. Ўзини Ватан ҳимояси учун бурчли, масъул ҳисоблайдилар. Бундай ўғлонларни вояга етказаётган миллат оналари эса ҳар қанча эъзоз ва шарафга лойиқдирлар!


Наргиза ЮНУСОВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар