МАҲАЛЛА ҲАЁТИ
ҚОРАСУВ БЎЙИДАГИ МАСКАН
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғини шаҳримизнинг энг кўзга кўринган, кўрса ҳавас қилгудек маҳаллаларидан бири ҳисобланади. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Наима ЖАББОРОВА ушбу маҳаллага раҳбарлик қилади.
Опа ҳалол меҳнати орқали ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган шижоатли аёлларимиздан бири. Қадамлари шахдам, овози дадил, сўзлари ўткир бу аёлнинг қалбан шу юртга, шу тупроққа, шу элга бўлган меҳр-муҳаббати чексиз эканлиги юз-кўзларидан билиниб туради.
– Кўпдан буён ҳаётим мана шу маҳалла билан боғлиқ, турли лавозимларда ишладим. Кенгашли тўй тарқамас, деган нақл бор. Биз ҳам бирор ишни бемаслаҳат қилмаймиз. 75 нафар фаолларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашамиз.
Маҳаллада кўмакка муҳтож бирор оила эътибордан четда қолмайди. Болаларнинг спортга бўлган қизиқиши
ижобий ишларимизга рағбат берди. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида футбол жамоасини туздик. “Ракурс” рақс тўгараги мунтазам ишлаб турибди. Хоналаримиз компьютер, мусиқа асбоблари билан жиҳозланган. Маҳалла кутубхонасини яратдик, 2 мингдан ортиқ китобимиз бор. Кўчат экиш, кўп қаватли уйлар атрофларини тозалаш, обод қилиш каби ҳашар-юмушларимиз ҳам кўп б ўлади. Наврўз байрами, сумалак сайли ва бошқа т адбирларни маҳалла қошида ўтказамиз. Аҳолимиз аҳил, ҳамма фаол, – дейди Наима Жабборова.
– Шўртепа маҳалласида туғилганман, – дея гапини давом эттиради маҳалла фаоли. – Оилада 7 фарзанд бўлганмиз. 5 ўғилнинг ичида жуда эрка ўсганман. Мактабда ерга урса кўкка сапчийдиган қиз бўлганман. “Аъло” баҳоларга ўқидим...
Суҳбатимиз тугамай, Наима опани оилавий масалалар бўйича бир хонадонга чақириб қолишди.
Узилган суҳбатимизни ҳоким ёрдамчиси Акмал Абдуваҳобов билан давом эттирдик.
– 2022 йил давомида “Темир дафтар”га 22 нафар фуқаро киритилган эди, ҳаммасининг муаммоси ижобий ҳал қилинди. Икки нафар бемор маҳалладошимизга жарроҳлик амалиёти учун маблағ ажратилди. Бугун улар соғлом, оила даврасида. 5 та тадбиркорлик субъекти очилиб, 18 иш ўрни яратилди. 43 нафар ёшлар касб-ҳунар
ўрганишга йўлланди. Ким ёрдам сўраб келмасин, албатта, муаммосини ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Масалалар, деярли, маҳалланинг ўзида ечилмоқда.
Юртдошлари ишонч билдириб, Тошкент шаҳар депутатлигига сайланган Наима Жабборова маҳалла ишларидан ташқари, депутатлик фаолиятини ҳам олиб бормоқда.
Президентимизнинг маҳалламизга ташрифи чоғида Наима опа билдирган таклифига биноан сув ҳавзаси бунёд этилди. Ушбу ҳавза бугунги кунда болалар саломатлиги учун хизмат қилиб келмоқда.
Суҳбатимизга ёшлар етакчиси Раҳматилла Қушназаров ҳам қўшилди:
- Маҳалла қошида очилган спорт тўгараклари, гимнастика, шахмат-шашка, шунингдек, кутубхона ҳамиша ёшлар билан гавжум. Опа 2022 йил туманимизда ўтказилган танловда “Йилнинг энг фаол маҳалла раиси” деган номга сазовор бўлди.
Ўтган йилда эҳтиёжманд оила фарзандларига мактаб формаси олиб берилди, олий таълимда ўқиши учун шартнома пуллари тўлаб берилди.
Ёшларимиз ичида адашиб, хато йўлларга кирганлар йўқ, бизда бошқа жиноятлар ҳам қайд қилинмаган.
Қайтаётганимизда оилавий муаммони ҳал қилиб келаётган маҳалла хотин-қизлар фаоли Севара Мамажоновага рўбарў бўлдик.
– Турли миллат, элат вакиллари бир оиладек тотувлик, хотиржамликда яшаймиз. Оилавий ажримлар, деярли, йўқ. Асосан аёлларга психологик, ҳуқуқий, маънавий маслаҳатлар бериб борамиз. Ҳудудимизда 4 та мактаб бор. Мактаб раҳбарияти билан ҳамкорлигимиз мустаҳкам, юқори синф қизларининг давомати, одоб-ахлоқи масалалари ҳам эътиборимизда туради. Маҳаллада юздан ортиқ ишсиз, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, тиббий ёрдамга муҳтож аёллар бор. Ўтган йили “Аёллар дафтари”даги 108 нафар аёлларга 120 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу маблағлар дори-дармонларга, беморлар соғлигини тиклаш учун ишлатилди, – деди Севарахон.
Давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла жамиятнинг бир бўлаги, у қанчалик тараққий этса, жамият ҳам шунчалик ривож топади”, деган сўзларининг амалий ифодасини “Катта Қорасув” маҳалласи мисолида кўриб ишонч ҳосил қилдик.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА,
Тошкент шаҳри.