ҚЎЛИГУЛ АЁЛЛАР

"ВЕЛО ОЛАМ" МАЛИКАСИ
     Олтинкўл Андижон шаҳрига яқин туманлардан бири. Авваллари асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган бу ҳудудда бугун тадбиркорлик турлари кўпайган.
     Биз Азиза Қосимова бошчилигидаги “Вело олам” масъулияти чекланган жамиятининг цехига кириб келганимизда ишлар авжида экан. Опа бирзумда уюм темирлардан бинойидек велосипед бутлади-қўйди. Яна денг, даст кўтариб ерга ташлаяпти. Ҳайронлигимизни кўриб изоҳ берди:
– Шунда бўшроқ қотирилган бўлса, “айби” кўринади. Олган одам дуо қилиб ишлатсин, деймиз.
  Саранжом ҳовли ўртасида фаввора, атроф гулу гулзор. Тартиб ва саришталикдан кўзингиз қувнайди.
– Тижоратни дастлаб тегирмон юргизиб, буғдойни ун қилиб чиқаришдан бошлаганмиз, – дейди Азиза опа. – Кейин кўрпа-тўшаклар тикиб, рўзғор тебратган кунларим ҳам бўлган.
     2012 йилда ўғлим Омадбек билан велосипеднинг эҳтиёт қисмларини сотишни йўлга қўйдик. Қўқон бозоридан маҳсулотларни харид қилардик: олди ўқ, орқа ўқ, камера, шина (покришка), тепки (педаль), велосипед бошқаруви (руль)... Биласизми, қисмларнинг номини ҳам билмасдим. Харидор келиб, “Бунинг нархи қанча?” деб сўраса, бунинг номи нима ўзи, деб саволига савол билан жавоб қилардим. Педаль деса, дафтаримга қараб олиб нархини айтардим.
     Сўнг секин-секин хўжайиним, ўғлим билан ўзимиз велосипедларни бутлашга киришдик. Дастлаб 2 та, 4 та, 6 та... Мана ҳозир шу ернинг ўзида 30 хилдаги велосипеддан 2000 тагача тахт қилиб қўйганмиз.
     Кундан-кун маҳсулотларимизга эҳтиёж ортиб боряпти. Ҳайдаганингизда жисмоний ҳаракатда бўлганингиз учун соғлигингизга кони фойда. Ўтган йили пандемия даврида бир оиладан 7 тагача олиб кетишди.
     Умр йўлдошим Тоҳир ака эски велосипедларни таъмирлаб, бўёқлаб, янгидай қилиб беради. Невараларнинг 10 нафари ўғил, 5 нафари қиз. Ҳаммасини эсини таниганиданоқ меҳнатга ўргатаман. Қизлар супур-сидир, куйдир-пишир билан банд, ўғил болалар ёнимга кириб, ҳунар ўрганишади. 15 нафар шогирдим бор. Ишига қараб даромад топишяпти.
     Чинобод, Оқтепа, Қўштепа бозорларида савдо қиламиз. “Артел” корхонаси билан шартнома асосида ишлаймиз. 7 ёшдан 70 ёшгача мўлжалланган велосипедлар бор. Бир кунда 30-40 тагача созлаймиз. Нархлари бозордагидан 20 фоиз арзон: 450 минг сўмдан бир ярим миллион сўмгача. Шароитга қараб, кредитга ҳам берамиз.
    Оёққа туриб олгунча, роса машаққат чекканмиз. Юк олиб келишга транспорт тополмай, хунобимиз чиққан кунлар бўлди.
    Ҳалоллик бор жойда барака ёғилиб келаверар экан. Аллоҳга шукр, мамлакатимизда чиқаётган автомашиналарни миниш насиб этди. Автомобилнинг ички қисми (салони) кенг-мўллиги ёқиб, яқинда “Kia Carnival” деганларидан ҳам олдик.
    Азиза опа саховатли, қўлиочиқ инсон. Тез-тез эҳтиёжманд оилаларни йўқлаб туради. Бу йил бир нечтасига бузоқчалар олиб беришга қурби етганидан хурсанд.
    Қатъият, ҳалоллик, саховат...
    Бу тадбиркор аёлнинг ўзи ва атрофидагиларга доимий қўядиган талаби. Дарҳақиқат, маълум интизом доирасида яшаб, ишлаган инсоннинг эртаси бугунидан файзлироқ бўлиб бораверади.
БОЛҒАЧАСИ ҚЎЛИДА...
    Туманнинг Шаҳрихонга туташ чегарасидаги Кўтармачек қишлоғида яшовчи Муҳаббат Беркиновани “Уста опа” дейишади. У 16 йилдан буён электр асбобларини таъмирлайди. Дори сепадиган, ўт ўрадиган, сигир соғадиган мослама (аппарат)лар, ҳаракатлантирувчи восита (движок), сувни босим билан етказиб берувчи мослама(насос)ларнинг “тили”ни билади. Ҳатто таниш-билишлар машинаси сал “инжиқлик” қилса: “Опа, манавини болғачайизда бир пўписа қилиб қўйинг”, – дейишади. Уста машина қопқоғи (капот)ни очиб, у ёқ-бу ёқни бурагандай бўлади. “Энди “тиқ” этиб кўрсин-чи”, – дейди ҳазиллашиб. Машина бинойидай юриб кетади.
– Маҳалла-кўйдаги йигитларга ҳунаримни ўргатгим келади. Мусофирликда сарсон-саргардон юрганлар қанча? Устачилик билан бемалол рўзғор тебратса бўлади. Ахир, шу ҳунар орқали 4 нафар қизимизни тарбиялаб, узатдик. Хўжайинимнинг асли касби – ҳисобчилик. Молия тизимида анча йиллар ишлаган. Кейинроқ колхозда устачилик қилди. Фермерлик, боғдорчилик ривожланиб, экинларга дори сепадиган қурилмалар кела бошлагач, ёнларида дастёрлик қилиб, анча нарса ўргандим. Кейин ўзим мустақил ишга киришдим. “Сиз тезроқ ва пухтароқ қилар экансиз”, дегани сари ғайратим жўшарди.
    Кимдир бирор иш асбоби ишламаётганидан арз қилиб келса, шогирдим Аъзамжонга палон ерини қараб юбор,дейман. “Опа, кўрмай туриб, дардини биласиз-а”, дейишади. Ахир, қарийб 20 йилдан буён шуларнинг ичидаман-у, билмайман дейиш уят-да.
    Дори ишлаб чиқарадиган қурилмалар дастлаб Италия давлатидан келтирилиб, Тошкент авиация заводининг битта цехида териларди. Ўша ерда ўқиб, ўрганиб келдим. Кейинчалик бу жиҳознинг бир неча турлари Хитойдан олиб келинадиган бўлди. Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида Алишер деган шогирдим бўларди. Кичкина, катта ҳаракатлантирувчи воситаларни, бензин арра, сувни босим билан етказиб берувчи қурилмаларни таъмирлай бошладик. Жуда уқувли йигит экан. Устозидан ўтадиган шогирд бўлди. Орада чегара ёпилиб қолди. Телефон орқали гоҳ у, гоҳ мен бир-биримиздан маслаҳат олиб, темир-терсакларни тузатган пайтларимиз бўлган.
     Муҳаббат опанинг исмини айтса, Қува, Қўқон, Фарғона, бу ёғи Пахтаобод, Избоскангача танишади. Фарғонадан, Шаҳрихондан шогирдлар келиб, опадан кўп нарсани ўрганиб кетишган.
– Бир гал умр йўлдошим оғайнилари билан Сурхондарёнинг Деновига саёҳат қилишди. Меҳмонларга илтифот кўрсатган мезбонлар гап орасида: “Андижоннинг Олтинкўлиданмисизлар? У ерда уста опа бор, танийсизларми?”– деб сўраб қолишибди. Суриштиришса, бир вақтлар насосларини, движокларини тузатиб берган эканман. “Ишини пухта қилади. “Мендан кейин “тиқ” этиб бузилмайди”, деганди. Мана 15 йил бўляпти, айтганларидай бехато хизмат қиляпти”, – дейишибди.
     Муҳаббат опанинг чоғроққина боғи ҳам бор.
– Эрта баҳорда гилосдан яхшигина даромад қилдим. Кейин 20 туп шафтоли, узум, бодом кетма-кет пишди. Энди навбат хурмо, ёнғоққа. Хуллас, ҳаракат қилган одам кам бўлмайди, – дейди опа.
     Биз темир билан тиллашаётган опалар билан самимий хайрлашар эканмиз, “Аёлнинг қўли гул”, деган қадимий таърифни яна бир эслаб қўямиз.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА,
“Саодат”журналининг Андижон вилоятидаги вакили.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар