ҲАЛОЛЛИКДА БАРАКА БОР

     Мирзачўллик ёш тадбиркорлардан бири Гавҳар Холмирзаевани “Дўстлик” маҳалласида сандиқчи аёл дейишади. У сандиқ ясайди, эскиларини янгилайди. Бу касб бир қараганда аёлларбоп эмасдай, лекин...
    1979 йили Сирдарё вилоятида туғилган қиз Жиззахнинг Зарбдор туманига келин бўлиб тушди. Тақдир тақозосига кўра турмуши бўлмагач, салкам икки йил болалари билан Арнасойда, ота-онасининг уйидан паноҳ топди. Кўп ўтмай, укасининг кўмаги, бир синфдошининг тавсияси билан Гавҳар Мирзачўлдан арзонроққа уй олмоқчи бўлди. Танлаган уйида Бобуржон исмли йигит онаси ва аёли билан яшарди.
     “Майли, опа, болаларингиз учун арзонроқ бераман, фақат қураётган иморатим ҳали битмади. Сизга сотаётган уйимнинг битта хонасида биз уч ойча яшаб турамиз”, – деди. Бобуржон сандиқ ясар экан. Гавҳар уй ишларидан ортиб, кечқурун уй эгасига ёрдам бера бошлади.
    Унга бу ҳунар жуда қизиқ туюларди. Ҳеч бир нарса бесабаб бўлмас экан, у ўша пайтда мана шу ҳунар орқасидан ҳалол ризқ топишни хаёлига ҳам келтирмаган эди.
– Сандиқчи уста Бобур ҳунаримни олиб қолинг, дея қайта-қайта таъкидларди, – эслайди Гавҳар. "Бу ерда яқинларингиз йўқ бўлса, ҳунарсиз қийналиб қоласиз", - дерди. Қизиқишим борлигини, эплаётганимни кўриб, “Опа, уддалаб кетасиз”, - дея далда берарди.
    То улар кўчиб кетгунларича, сандиқчилик ҳунарини ўрганиб олдим. Бугун Гавҳар Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайди. Тўнғич фарзанди Шодияни турмушга узатди, битта ўғил невараси бор. Иккинчи қизи Нигина уйда унга сандиқ ясашга кўмаклашади. Ўғли Бахтиёржон ҳали мактаб ўқувчиси.
– Қийналган пайтларимда маҳалла раиси Қалдирғоч опанинг ёнига иш топиб беринг, деб бордим, – дейди у. – Опа ўз қаноти остига олди, йўл кўрсатди, қўллаб-қувватлади. Тадбиркор бўлиб шаклландим. Маҳаллада Мақсуда опа, ҳокимликдан Фарида опалар ёрдам беришди. Туман, вилоят бўйлаб ўтказиладиган кўплаб тадбирлар, танловларда қатнашдим. Ярим тунгача сандиқ ясаб, сўнг нон цехида навбатчиликда турардим. Тонгга яқин бозорга фаррошлик қилиш учун кетардим. Шу ишларимдан ортиб, пардалар, қўни-қўшниларим учун тўйга кўрпалар тикдим.
    Гавҳаройнинг жуда ширали овози бор: қўшиқ айтиб юриб, иш қилади. Куй билан, қўшиқ билан кўнглининг камларини тўлдиради. У ҳунарининг ортидан кўплаб танловларда иштирок этди, ўзи каби тадбиркорлар билан танишиб дўстлар орттирди. “Ташаббус-2018” танловининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритди. “Энг яхши тадбиркор” йўналишида эътироф этилиб, телевизор билан тақдирланди. Янги телевизорни кўриб болаларининг кўзлари чақнаб кетганини ҳали-ҳануз унутмайди...
      Гавҳар бугун қўшнилари фойдаланмай қўйган кичиккина тандирхонада устачилик билан шуғулланади. Агар ўз устахонаси бўлганида эди, янада куч-қувватга тўлиб ишларди.
– Болаларим улғайиб қолишди, ҳадемай ёнимга киришади, – дейди Гавҳар. – Катта қизим сандиқларни жуда чиройли бўяйди. Мен унга уйда ўтириб қилинадиган меҳнат керак бўлади, деб ҳунаримни ўргатдим. Баъзида фарзандларимни ухлатиб, ўзим то тонггача ухламай сандиқ тузатиб чиққан пайтларим бўлади. Аслида биттасини бир ҳафтада ясайман.
     Гавҳар болалари билан бирга ногирон укасига ҳам қарайди. Ота-онасига енгилроқ бўлсин деб ўйлаб, уни уйидан олиб келди, оқ ювиб, оқ тарайди. У уйидан чиқаётганида отасига: “Ҳалол нон топиб яшайман”, деб ваъда берган эди. Вақтлар ўтиб, отаси келиб, унинг турмушини, яшашини кўриб: “Ваъдангни оқладинг, қизим, эркаклардек бардошли экансан!” дея йиғлаб юборди...
    Тадбиркор аёл болаларининг ўқимишли, ҳунарли бўлишини истайди. Ажаб эмас, Гавҳар Холмирзаеванинг ўғли ҳам улғайиб, ўқиб она касбини ўзи яшаётган замонга мослаштирса...
     Энг тезкор техникада яратган буюмлари ҳақида маълумот бераётиб: “...Менинг онам сандиқсоз бўлган...” дея фахр билан сўзласа...
 
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,
“Саодат”нинг Жиззах вилоятидаги вакили.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар