ИБРАТ МАКТАБИ

 

Келажак эгалари

ИБРАТ МАКТАБИ

     Тўрақўрғон шундай муборак гўшаки, бир келган одам яна соғинади. Қадим Фарғонанинг пойтахти, таърифи узоқ-узоқларга кетган Ахси, темурий саркарда Умаршайх Мирзо ошён тутган манзил. Ўтган асрларда дунёга "Дамашқ қиличи"  номи билан машҳур пўлат қиличлар Ахсида тайёрлангани яна бир достон.

Аммо бугун ёзарларимиз улар эмас, айнан шу машҳур маконда жойлашган  Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби ҳақида.

 

     Асрлар бўйи унутилишга маҳкум этилган Ибрат номи яна давримизга келиб  юксалди. Президентимиз Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда етти тилни мукаммал ўрганган аллома номидаги боғ, ёдгорлик ва мактабни ташкил этиш фикрини ўртага ташлади. Қисқа фурсатда  икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган мемориал мажмуада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хиёбонда турли мамлакатлардан келтирилган дарахтлар, гуллар чирой очди. Мажмуа Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали, босмахона, мусиқали фаввора, музей, қурилиши кўзда тутилган таълим масканини ўз ичига олди.

      Мактаб 2017 йилда ишга тушди.

      Ўқийман, илм оламан, кўпроқ тил ўрганаман деган ёшлар мақсадлари сари йўлга тушди. Директор Зафаржон Шовриков мактаб фаолияти, жонкуяр устозлар ҳақида шундай фахр билан гапирдики, раҳбар ўз ходимларини шундай севса бўлар экан, деб ўйладик.

– Бизда кучли мутахассислар ишлайди. Она тили фанидан Муяссархон Боқихонова, Роҳилахон Воҳидова, хорижий тил устозларимиз Дилафрўз Исоқова (немис тили), Барнохон Неъматова (инглиз тили)ларсиз мактабимиз ҳаётини тасаввур қила олмаймиз. Математика фани ўқитувчиси Муборакхон Шарипова бу йил устозлар байрамида “Меҳнат  шуҳрати”  ордени  билан тақдирланди. Ўтган етти йил мобайнида 100 дан зиёд битирувчиларимиз турли мамлакатларда, шунингдек, диёримизда олий таълим олмоқдалар. Минг эшитгандан бир кўрган яхши, дейдилар.

      Директор шундай дея таклиф қилмаса ҳам ўзимиз  мактаб ичкарисига ошиқиб тургандик. Синфхоналар, кутубхона, ётоқхоналарни айлана бошладик. Дарслар тугаса ҳам  кетмай, ўқувчиси билан дарс тайёрлаб ўтирган устозларни, тарбиячиларни кўрдик.  

     Озода Боқихонова – бош тарбиячи: – Қатор қалдирғочларимизни мустақил ҳаёт йўлига кузатдик. Ўқувчиларнинг  машғулотлардан кейинги вақтлари тарбиячилар билан ўтади, уларга ота-она ёки опасидай меҳрибонмиз. Ўзлаштиролмаётган фанларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам берамиз. Дунёқарашларининг кенгайиши, мустақил фикрлай олиши, ижодий қобилиятлари шаклланиши учун бадиий адабиётлар билан ошно қиламиз.

     Ўзим биология-кимё ўқитувчиси бўлсам ҳам, адабиёт ва санъатга қизиқаман. Мактаб ва университетда аъло баҳоларга ўқиганим иш фаолиятимда қўл келмоқда. Улар ёзган шеърлари, ёдлаган саҳна асарларида таҳрирбоп жойлари бўлса, дарров чизиб ташламайман. Ўзларини фикрлашга ундайман. Спорт тўгараклари  машғулотлари давомида  улар билан ёнма-ён шуғулланаман. Тарбиячи руҳшунос ҳам бўлиши керак. Мени  мактабимизнинг руҳшуноси дейишса, бир қувониб қўяман. Йигирма йиллаб таълим соҳасида ишлаганларим бир тараф бўлса, бу ердаги олти йиллик фаолиятим  бир тараф бўлди. Ажойиб жамоам, иқтидорли ўқувчиларим, биз учун яратилган зўр шароитлар  кучимга куч  қўшади.

     Ўғил-қизларимизнинг дунёқарашларини кенгайтириш, бир-бирлари билан фикр алмашиб, салоҳиятларини юксалтириб боришлари учун турли хил лойиҳалару мусобақалар устида ишлаймиз. Навбатдаги таассуротларга бой лойиҳа мактаблар  ўртасида академик мобиллик дастури бўлди. 

Исҳоқхон Ибрат ҳамда Муҳаммад Юсуф ижод мактаблари ўқувчилари бир ҳафта давомида ўрин алмашиб таълим олдилар.

     Ўқитувчиларимиз учун ҳам янги ўқувчилар билан ишлаш ўзгача оламларни кашф этишдай қизиқарли кечди. Уларга бир неча кун давомида ўз фарзандларидек меҳрлари  тушиб қолди. Ижодкор, зукко, тиллари бийрон меҳмон ёшлар ҳам  кунлик сафланишларда, заковат мусобақалари ва мушоираларда иштироклари билан тадбирларимизга бошқача кайфият бағишладилар. Дарсдан ташқари вақтларда Тўрақўрғоннинг диққатга сазовор жойларига янги синфдошлару устозлари билан саёҳатларга бордилар. Айниқса, кўҳна Ахсикент – очиқ осмон остидаги музей ҳамда Исҳоқхон Ибрат мажмуасига саёҳатлар ёшларда ё рқин ва унутилмас таассуротлар қолдирди.

      Улар улуғ аллома сулоласининг давомчилари билан ҳам яқиндан танишиб олдилар. 

     Биздан Андижонга кетган 10 нафар ўқувчи ҳам бир умр эсда қоларли хотиралар билан қайтишди. 

Муборак Шарипова – математика фани ўқитувчиси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси:

– Мен математика фанларнинг шоҳи, дейдиганларданман. Ўқувчиларим 5 йилда  SEAMO халқаро олимпиадасида 1 та олтин, 4 та кумуш, 3та бронза медаллари соҳиби бўлишди.

     Уч нафар ўқувчим SAT халқаро сертификатига эга бўлди. Улардан умидим катта.

     Муяссар Боқихонова – тил-адабиёт ўқитувчиси: – Фаолиятим давомида ўзимга ҳам талабларим ортиб бормоқда. Болаларимиз "Ёш китобхон", "Билим доирасида", "Зулфияхоним қизлари" танловларида фаол иштирок этиб келмоқдалар. Дилобар Маҳмудова "Мумтоз луғат лойиҳаси" учун 400 миллион грант лойиҳаси ютиб олди. Гулёра Тўйчиева тенгдошлари билан ҳамкорликда "Турли тиллар" луғатини тайёрлади.

     Тиниб-тинчимас бу муаллима 2021 йил "Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш сифатини ошириш, такомиллаштириш" мавзусида илмий иш бошлади. 20 дан кўпроқ илмий мақоласи халқаро ва миллий конференцияларнинг махсус журналларида чоп этилган. Унинг тинимсиз изланишларининг ниҳояси йўқ.

     Аслида бу илм масканига боришга баҳона изламайдиган ж урналист ёки ижодкор бўлмаса керак, деб ўйлайман. Бу сафар ҳам севимли журналимиз йўлланмаси билан бориб, бир олам таассуротлардан тўлиб-тошиб қайтдим. Ибрат домла ўз замонасида таҳқирланиб, китоблари ёндирилиб, босмахоналари кул бўлганида ҳам сўзларидан қайтмагани учун ўлимга маҳкум этилган эди. Бугун Янги Ўзбекистоннинг нурли манзилларидан бири саналмиш бу мўътабар даргоҳда турли тилларни ўрганаётган, ижод қилаётган, дунё мамлакатларининг нуфузли олийгоҳларида ўқиётган қатор ёшлар камолга етмоқда. Демак, улуғ алломанинг орзулари тупроққа кўмилиб кетмади. Куйдирилган китоблари билан куймади. Орадан 80 йил ўтиб, озодлик шарофати, яхшилар шарофати билан юзага чиқмоқда. 

 

Дилбар Ҳайдарова,

Наманган вилояти

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар