ҲАРБИЙ ЛИБОСДАГИ ГАВҲАР
ёхуд аёл бўла туриб ҳам юртни ҳимоя қила олиш бахти
"Мен йўғимда Кобулни сиз идора этгайсиз, бегим! ...Кобул менинг хос шаҳрим, — деб давом этди Бобур. — Уни ҳаргиз ўғил- ларга бермасмен, фақат сизга топшириб кетгаймен!”
Устоз адибимиз Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарини ўқиётиб, ўтлиғ жумлаларга келганда, тўхтайман. Титраб кетаман. Ўйланаман. Шоҳ Бобур Ҳиндистон сари отланаётганда аллақачон бўйга етган Ҳумоюн Мирзо, балоғат ёшидаги Комрон Мирзо ва Аскарий каби фарзандлари, Қосимбек қавчиндек ишончли саркар- далари туриб, Кобулнинг бошқарувини айнан Моҳимбегимга ишониб топшириши камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Бу муҳаббатнинг белгисимикин? Йўқ. Зийрак подшо давлат ишларини ҳиссиётларга таяниб амалга оширмаслиги аниқ. Бу аёлни нафақат ёр, балки адолатли сиёсатдон ва оқила раҳбар сифатида тан олиш, аслида. Малика унинг қарорини рад қилдими, ўз кучидан иштибоҳ сездими, деган хавотирда яна асарга юзланаман. Хайрият, жавоб кутилганидек:
– Ҳазратим, сизнинг улуғ ишончингиз менинг танимга янги бир жон ато қилди!
Воажаб, эй халқим, қандай буюк аждодларинг бор-а?! Тарих гувоҳ, Амир Темурнинг рафиқаси Бибихонимнинг салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда фаол қатнашганлиги ҳам бор гап. Соҳибқирон Бибихонимнинг оқилона маслаҳатларига вақти-вақти билан қулоқ тутган.
Катта лейтенант Гавҳарой Тўлқинова каби аёлларни кўриб, темурий маликаларнинг авлоди давом этаётганлигига ишонасан киши. У умрини юрт ҳимоясига тиккан жасур қизлардан. Гавҳарой ҳозир Миллий гвардия Фарғона вилоят бошқармасида гуруҳ командири лавозимида хизмат қилади.
Ҳали 30 ёшга ҳам кирмаган тенгдошимни қийинчиликлар чиниқтиргани, маънавий зарбалар нишонга олган қалбига жисмоний машқлар малҳам бўлгани, онасидан етим қолганда, ҳатто, тили чиқмаган, бир пайтлар ўзи ҳимояга муҳтож бўлган гўдакнинг бугун она юрт хизматига азму жаҳд қилганини жасорат, матонат деб атагим келади. Бўйлари баланд, келишган, довюрак, сўзларию кўзлари ўткир, бир сўзли қизга қараб, бизга неча асрлардан буён фахру ғурур бағишлаб келаётган Тўмарислар Гавҳаройга ўхшаган бўлса керак, деб хулоса қиламан.
– Она дуоси билан совутсиз жангга кирган одам яраланмаслиги мумкин, бироқ онаси йўққа минг зирҳланса ҳам ўқ тегади, деганлари рост экан, – дейди қаҳрамонимиз. – Ёнингда сенга қалқон бўладиган онанг бўлмаса, отанг бўлмаса, ўзингни ўзинг ҳимоя қилишга, кучли бўлишга мажбурсан. Мен фақат ўзимга ишониб улғайдим. Аёл жоним билан ҳам Ватанни ҳимоя қила олиш – бахт, – дейди у. – Ҳар гал саҳар қоронғусида ишга йўл оламан. Ҳамма ором олаётган палла. Гўдакларнинг тўйиб ухлашига, ёши улуғларнинг хотиржам яшашига ҳисса қўшаётганимдан роҳатланаман. Тинч ухлаётган қўшниларимни кўриб, уйқум очилади.
Совуқ нима, иссиқ нима, кечаю кундуз нима баъзан билмасам ҳам, шу тинч ҳаёт учун ҳамма нарсага тайёрман.
Гавҳарой суҳбат сўнгида қуйидаги фикрларни, албатта, ёзишимни илтимос қилди.
Ҳар душанба, тонг қоронғуси, одатга кўра, Ватан ҳимоячилари саф йиғинида бўлади. Шунда бир шиор жимжит сукунатни енгиб, кенгликлар узра жаранг сочиб ёйилади:
БУРЧ... САДОҚАТ... ЖАСОРАТ...
Бу Миллий гвардия хизматчиларининг – шиори. Бу – Гавҳаройнинг шиори. Оддий аёлни ҳимоячига айлантирадиган, жисмию руҳига енгилмас куч берадиган муқаддас шиор бу.
Кўчаларни тўлдириб ўйнаб юрган болаларим, ризқини териб, оиласига шошилаётган ака-укаларим учун, ҳар куни тўй, байрам қилаётган қадрдонларим, эрта тонгни осуда қарши олган ота-оналарим учун сенга таъзим қиламан, Гавҳарой!
Гўзал ОХУНОВА, “Саодат”нинг Фарғона вилояти мухбири.