ҚИЗИНГИЗНИ ЧЕМПИОН ҚИЛАМАН

 СПОРТ... СПОРТ... СПОРТ...


ҚИЗИНГИЗНИ ЧЕМПИОН ҚИЛАМАН


     Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани нафақат сўлим, мафтункор табиати, балки билимли, салоҳиятли ёшларининг кўплиги, айниқса, мактаб битирувчиларининг олийгоҳларга кириш рейтинги юқорилиги билан ҳам тилларга тушган.
     Бир пайтнинг ўзида 44-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси ва тумандаги 2-сонли спорт мактаби қошидаги “Бадиий гимнастика” тўгараги раҳбари сифатида фаолият олиб бораётган Севара Махсудова ҳам Бешариқнинг иқтидорли ёшларидан бири.
     Қаҳрамонимиз билан бундан тўрт йил аввал Фарғона вилоятига қилган ижодий сафаримиз чоғида танишгандик. Мактаб фойесида спортнинг нафис турларидан бири бўлган гимнастика билан шуғулланаётган қизалоқлар суратига ҳавас билан узоқ тикилдик. Спортчи қизлар шу мактаб ўқувчилари, 2-сонли спорт мактаби қошидаги “Бадиий гимнастика” тўгараги аъзолари экан. Улардан уч-тўрт нафари спорт залида чиройли чиқишлар намойиш этишди. Жажжи қизалоқларнинг мураккаб машқларни нафис ҳаракатлар орқали бажаришларини ҳайрат билан кузатар эканмиз, уларни шу даражага етказган мураббий билан яқиндан танишиш истаги пайдо бўлди.
– Спортнинг бу турига бўлган қобилиятим 10 ёшимда, жисмоний тарбия фанидан бўлган имтиҳон жараёнида намоён бўлган эди. Бўш вақтимни асосан мактабимизнинг спорт залида ўтказар эдим. Баскетбол ўйнардим, югурардим. Мактаб, туман, вилоят миқёсида ўтадиган мусобақаларда қатнашиб, доим фахрли ўринларни эгаллаб келардим. Мактабни битириш арафасида директоримиз Ғуломжон ака Розиқов шу мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси – онам Ҳадича Турдиева ва мени ўз хонасига чақириб, спортга бўлган иштиёқим кучлилигини таъкидлаб, ҳужжатларимни жисмоний тарбия йўналишига топширишимни маслаҳат берди. Аввалига ота-онам қиз бола спорт йўналишида ўқиса, қандай бўларкин, дея иккиланишди. Шунда директоримиз: “Қизим, ўқишни битириб келсанг, сени ўзим ишга оламан, яна 20 йиллардан кейин хотин-қизлар спортига жуда катта эътибор қаратилади”, деганди. Шу маслаҳатга амал қилиб ўқишга кирганман ва таҳсилни имтиёзли тамомлаб, ўзим ўқиган мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Ўша йилиёқ мактабда бадиий гимнастика тўгарагини очиб, қизларни қизиқтира бошладим. 2011 йилда болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам тўгарак фаолиятини йўлга қўйдим. Коллеждаги устозим Бахтиёр Назиров жуда қаттиққўл эди. Жисмоний машқларни ҳаммадан яхши, бехато бажарсам-да ортиқча мақтамасди. Ўзим ҳам устозлик фаолиятимни бошлаганимдан кейин: “Сенга атайлаб қаттиққўллик қилганман, машқларда тобланиб, ҳақиқий спортчи бўлишингни истаганман”, деганди. Аммо мен қаттиққўл мураббий эмасман. Шунчаки, шогирд қизларимга дугона, онадек меҳрибонман. Баъзиларининг оналари: “Қизим сизнинг гапингизга қулоқ солади, илтимос, шу муаммонинг ечимини топишга ёрдам беринг”, деб илтимос қилишади. Қизларимни онажонларини ҳурмат қилишга, уларнинг маслаҳатларига қулоқ солишга одатлантирдим ва кўплаб миннатдорлик сўзларини эшитдим.
     Бир гал Фарғона вилояти биринчилигида иштирок этган шогирдим Шаҳзода Абдуназарованинг 3-ўринни эгаллаганидан ранжиган онаси, бундан кейин қизим гимнастикага қатнашмайди, деб туриб олди. Мен эса унга ишонч билан қизингизни, албатта, чемпион қиламан, деб сўз берганман. Чунки Шаҳзода тез-тез шамоллаб, хасталаниб қолавергани учун чиниқтириш мақсадида гимнастикага беришганидан хабарим бор эди. Ҳозирда Шаҳзода Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2-босқич талабаси. У яқинда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро турнирда 2-ўрин соҳибаси бўлди. Мусобақадан мусобақага муваффақиятлари кўпайиб боряпти...
     Севаранинг келгусидаги режалари жуда улкан: университетни тамомлаб келган шогирдларини иш билан таъминлаш мақсадида аёллар ва қизлар учун гимнастика мактабини очиш нияти бор. Унинг уч нафар қизлари ҳам гўдаклигиданоқ спортга иштиёқманд.
     Севарадек ҳамқишлоқлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилаётган, шогирдларининг чемпион бўлиши учун бор кучи, маҳорати, тажрибасини аямаётган, янгиликларни ўз фаолиятига татбиқ этишдан чўчимайдиган, интилувчан, изланувчан қизларимиз борлиги Ўзбекистон спортининг ёрқин келажагига катта ишонч уйғотади.

Нодира НАЗАРОВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар