УМИД БИЛАН ЭКИЛГАН НИҲОЛ

 ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС


УМИД БИЛАН ЭКИЛГАН НИҲОЛ 


     “Охир бир кун бўлади дарахт”, деган бир ҳаётий нақл бор. Дарҳақиқат, инсон бу ёруғ оламда умид билан яшайди, эзгуликлар қилишга, ортидан яхши ном  қолдиришга интилади. Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида жойлашган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги   ихтисослаштирилган 71-ёрдамчи  мактаб-интернатда бўлганимизда мана шу фикрлар хаёлимиздан кечди.

      Мактаб-интернатда таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш (қиз болалар учун тикувчилик, каштачилик, сартарошлик, ўғил болалар учун дурадгорлик, чилангарлик, пойабзалдўзлик касблари) ишлари амалга оширилади. Биринчи синфга қабул қилинган бола мактабни битириш, яъни 9-синфни тамомлаш арафасида  соғлом тенгқурлари даврасига қўшилади.

– Бугунги кунда бизда 240 нафар бола тарбияланади, – дейди суҳбат чоғида ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари, тажрибали математика ўқитувчиси Алишер Келдиев. – Жамоамизда 59 нафар ўқитувчи, 44 нафар тарбиячи бир оила фарзандидек аҳил ва иноқ фаолият кўрсатиб келмоқда. Махсус дастурлар асосида ўқув машғулотлари ўтилади. Фанларни яхши ўзлаштиришлари ва жисмоний машғулотлар билан мунтазам шуғулланишлари учун алоҳида эътибор берамиз. Ўқувчиларимиз орасида иқтидорлилари талайгина.

     Устозлар нафақат касб-ҳунар ўргатишади, балки соғлом ҳаёт тарзига қайтишлари учун маънавий, руҳий кўмак ва мадад ҳам  беришади.

– Ўтган йили бизда илк бора савдо ярмаркаси ташкил этилди, – дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Азиз Сулаймонов. – Туман ҳокими Ботир Мирзақулов ташаббуси билан ўтказилган бу тадбирда болалар томонидан ясалган турли  буюмлар сотувга қўйилди. Аҳоли томонидан улар ясаган турли дурадгорлик буюмлари, жумладан, куракча, ўқлов, курсилар, кичкинтойлар учун тикилган ва тўқилган буюмлар, ранг-баранг сунъий гуллар  катта қизиқиш билан харид қилинди. Тушган маблағ ҳисобига уларнинг ижодкорлик имконларини яна ҳам кенгайтириш учун хомашё сотиб олинди, ўзларига ҳам мукофот тариқасида берилди. Бу тадбирлар болаларнинг кайфиятини кўтаргани аниқ. Ўзига ишончини ҳам оширади, албатта.

     Мовий кўз Люба Натина  табиат манзарасини, гуллар суратини чизишни  севар экан. Акаси Денис шу мактабни тамомлаб соғлом ҳаётга қайтибди, айни пайтда  қурилишда хизмат қилаётган экан. Тасвирий санъат  фани устозлари Гулчеҳра Умарова ҳамда  Шаҳзод Файзиевнинг  айтишича,  тасвирий санъат ихлосмандлари кўпроқ экан.

– Ёш мўйқалам соҳибларининг вилоят кўрик-танловида қатнашиб муносиб ўрин олганман, – дейди 8-синф ўқувчиси Абдишукур Шаматов. – Тенгдошларим Озодбек Ғафуров ва Тўлқин Ҳасанов, Роман Левченколар ҳам қобилиятли ёш рассомлардан. Устозларимизга катта раҳмат, эскизларимизни кўриб, камчиликларини айтиб туришади.

– Мен  мунчоқлардан буюмлар ясайман, – дейди  Евгения Исаева қўлидаги  тақинчоқни айлантириб кўз-кўзлаб. – Нилуфар Ашуралиева устозимиздан миннатдормиз.

Чиройли пайпоқлар, кофталар тўқишга анча моҳир бўлиб қолган Райҳона Қўшбоқова ҳам суҳбатимизга қўшилди:

– Устозим Ойгул Сагатова бизга биссерчилик санъатини, тикиш-бичишни ва тўқувчиликни  ўргатиб келмоқда. Дарсдан бўшашимиз билан улар олдига югурамиз. Келажакда дизайнерлик соҳасини эгаллашни  орзу қиламан.

     Шаҳарга бораётганимда кўнглимда бир хижиллик бордай эди. Нуқсонли болалар, айниқса, кўрку чиройга алоҳида аҳамият берадиган ўсмирларнинг кўзида бир ўксиниш, кўнглида камлик кўрармиканман, суҳбатимиз қандай ўтар экан, деган хаёлларда оғир қадамлар босиб киргандим мактаб-интернати остонасидан. Йўқ, жонкуяр устозлар болаларни дардлари билан ёлғиз қолдиришмабди. Қўлларига ҳунар бериб, кўнгилларини орзуга тўлдирибди.

     Шу куни тўрт мучаси соғ бўла  туриб боқимандалик кайфияти билан яшаётган баъзи  замондошлар ҳақида ўйладим. Уларни мана шу ўқиш, иш билан банд ўсмирларнинг ойдин оламига бошлаб  келишни истадим.

 

Норинса ҚОСИМОВА,

Сирдарё

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар