КЕЛАЖАК БУНЁДКОРЛАРИ
ОНАМДАН ҚУВВАТ ОЛАМАН
Давлат мукофоти билан тақдирланган иқтидорли ёшлар орасида Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 14-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси Моҳларой Умматалиева ҳам бор. Эндигина 20 ёшни қаршилаган қаҳрамонимиз зиммасидаги қандай вазифаларни уддалагани учун юксак эътирофига сазовор бўлди? Унинг фаолиятидаги ўзига хос муваффақиятлар сири нимада?
Сўровнома.
– Хоббингиз - Табиат қўйнида сайр қилиш ва мутолаа.
– Энг яқин сирдошингиз – Онам.
– Энг яхши кўрган китобингиз – Аҳмад Лутфи Қозончининг “Ўгай она” асари.
– Доим қўлингизда олиб юрадиган нарса – Шоппер.
– Ёқтирган рангингиз – Қизил, яшил.
– Ҳаётингиздаги энг унутилмас кун – Ҳар бири унутилмас кунга айланиши учун ҳаракат қиламан, улар орасида “Келажак бунёдкори” медалига сазовор бўлган куним хотирамга бир умр муҳрланиб қолди.
– Сиз одамларда яхши кўрадиган фазилатлар?– Самимийлик ва софдиллик.
– Қайси хислатлар сизга маъқул келмайди?– Кибр ва ғаразлик.
– Шу кунгача олган энг ажойиб совғангиз нима бўлган?– Муҳими эътибор, аммо менга афзали, энг ажойиб совға бу – китоб ва меҳр.
– Шиорингиз – “Discomforts leads to grow!” (“Ноқулайликлар ўсишга олиб келади”).
Моҳларой Умматалиева Андижон давлат университети табиий фанлар факультети 4- босқич талабаси. “Ўзбекистон географияси” илмий китоби муаллифи.
– Фаолиятимни бошлашдан олдин жуда ёшман-ку, ҳаммасини уддалай олармиканман, деб озгина иккиландим ҳам. Барибир ўзимни енгиб талабалик, волонтёрлик вазифаларимга қўшимча равишда катта масъулият талаб қилувчи таълим-тарбия жараёнига кириб келдим. Аста-секин режа асосида йўналишларимни тартибга солиб олганимдан сўнг ҳадигим камайди. Ўқитувчилик касбини танлашимда мотиваторим онам бўлди. Чунки улар шу соҳанинг фидойиларидан, самарали меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. География йўналишини танлаганимга эса шу фанни ўқитган устозим Гулчеҳра Мадаярованинг дарсларига бўлган муҳаббатим сабаб бўлган.
Ўқитувчилик фаолиятим давомида мен ҳам турли ташқи ва ички таъсирларга дуч келдим. Айниқса, дарс берадиган ўқувчиларимнинг ўзимдан бор-йўғи 3-4 ёш кичик экани дастлабки пайтларда уларда менга нисбатан ишончсизлик туғдирди. Мен ўқувчиларимда дўстона муҳаббат уйғотиб, бу муаммога ечим топдим.
Шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бораётгани рост, аммо қишлоқ мактабларида ҳар бир синф хонасига алоҳида эътибор берилиши, замон талабларига хос ва мос тарзда жиҳозлаш зарурияти бор.
Андижон давлат университети Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилотининг қизлар сардори сифатида таълим даргоҳимизда таҳсил олаётган қизларга бошчилик қиламан, талаба-тенгдошларим билан суҳбатлашаман. Уларнинг катта қисми бугунги давлатимизда илгари сурилаётган ислоҳотлардан хурсанд, яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, келажак сари дадил қадамлар билан одимлашмоқда. Ўқув йили давомида 50 дан зиёд талаба-қизларнинг контрактлари тўлаб берилган, магистратурада таҳсил олаётган опаларимга ўзимнинг ҳам жуда ҳавасим келади. IELTS да юқори кўрсаткичга эга талабаларнинг имтиҳон харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан доимий қоплаб берилаяпти.
“Келажак касблари” лойиҳаси асосида кўпчилик ёшлар касб-ҳунарга эга бўлиб, турли соҳаларда ўз фаолиятларини бошлаганлигини қувонч билан айта оламан. Биз талаба-ёшлар учун янги ва кўп сонли талабалар тураржойларини қуриш ташаббуси илгари сурилганидан кўпчилик хабардор. Айни вақтда замонавий жиҳозланган янги талабалар тураржойи фойдаланишга топширилди, 3 200 дан зиёд қизларимиз унда яшаш билан бирга, Андижон тажрибаси сифатида ушбу масканда ташкил этилган ишлаб чиқариш корхонасида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Ҳозир республика “Қизларжон” клуби “Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш” йўналиши координатори, “Еcоist” эркин волонтёрлик ҳаракати асосчисиман. Илмий фаолият билан мунтазам шуғулланаман. Волонтёр сифатида кўплаб экологик, ижтимоий лойиҳаларга бошчилик қиламан. Экологиямизни яхшилаш, табиатимизни асраш борасидаги лидерлик лойиҳаларим, ғоя ва таклифларим билан кўплаб республика ва халқаро майдонда тажриба орттирмоқдаман.
Оиланинг кенжа фарзандиман. Отам – тадбиркор, онам – туманимиздаги саломатлигида нуқсони бор болалар таҳсил оладиган мактаб-интернати директори, филолог. Айтишим жоиз, жорий йил мени анча улғайтирди. Келажак учун режаларим талайгина. Энг аввало, таълимни магистратурада давом қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Сўнг ўзимнинг хусусий ва кўп тармоқли мактабимга асос солиш келажак орзуларимдан. Аллоҳнинг бизга атагани ўйлаганимиздан кўра яхшироқ, шу фикрга ҳамиша ишонаман ва суяниб, илгарилайман.
Моҳинур ҲАЗРАТУЛЛО қизи,
Андижон