“САОДАТ”нинг Саодат аяси
Қарийб 100 ёшни қарши олаётган онахон журналимиз “Саодат” адабиётга қанчадан-қанча истеъдодли ижодкорларни, эл севган шоирларни тақдим қилмади, дейсиз? “Саодат” кашф этган қалам аҳлининг нигор сўзлари миллионлаб қалблардан жой олгани рост.
Саодатхоним Шамсиева онахон журналнинг илк муҳаррирларидан бири эди. Илгари “Янги йўл”, “Ёрқин турмуш” деб аталиб келинган журналнинг айнан “Саодат” деб юраги маърифат зиёсидан тонг қуёшидай порлоқ муҳаррирнинг исми билан аталиши ҳам тасодиф эмасдир, балки.
Саодат Шамсиева 1908 йилда Тўрткўл шаҳрида, новвой Полвон Аллақулов оиласида туғилган. Асли Хоразмнинг Хива шаҳри яқинидаги “Қиёт” қишлоғидан иш қидириб Тўрткўл томонларга келиб қолган Полвонжон шу ерлик Розиябиби билан турмуш қуради. Ўзи саводли бўлмаса-да, илмлиларни жуда ҳурмат қилган, шунинг учун ҳам фарзандларини татар тилида ўқитиладиган мактабларга ўқишга беради. Улар яшаган уй ҳам рус миллатига мансуб оилалар тураржойлари орасида жойлашган эди. Саодат болалигиданоқ турли миллат вакиллари билан яқиндан дўстлашади.
Отаси вафотидан кейин катта оиланинг бор оғирлиги онаси ва акасининг гарданига тушди. Қисмат қиличининг ҳар сермашидан омон ўтиш дардида болалар кийим-кечак учун ип йигирар, она эса сут сотар эди.
Шу аснода вояга етган Саодат қўқонлик Зокиржон Шамсиев билан турмуш қуриб, матбуотчилар оиласига келин бўлиб тушади. Янги замон зиёлилари қуршовида етти ухлаб тушига кирмаган бахтиёр кунларга етган келинчакка ўзича шеърлар машқ қилиб юрувчи қайнукаси китоблар олиб келиб бериб туради. Шамсиевлар оиласи келиннинг саводхон қиз эканлигидан жуда хурсанд бўладилар. Оилада гўзал адабий муҳит пайдо бўлади. Ана шу муҳит ҳамда маърифий суҳбатлар таъсирида унинг ўзи ҳам шеърлар машқ қила бошлайди, мақолалар ёзади.
Полиграфия мактабини тугатган умр йўлдошининг Тошкентдаги Эски Жўва маҳалласида қурилган биринчи босмахонага директор этиб тайинлангани боис ёш оила Тошкентга кўчиб келади. Адабиёт ва шеъриятни севган Зокиржон Боту, Чўлпон, Машриқ Юнусов (Элбек), Ғайратий, Зиё Саид, Юнус Ғози каби қаламкашларни меҳмонга чақириб турган. Субҳи содиққа қадар давом этган мушоиралар Саодатнинг орзули осмонларини янада тиниқлаштирар эди.
Саодат эрининг қўллаб-қувватлаши билан Хотин-қизлар билим юртини ўқиб тугатди. Сўнг раҳбарият топшириғига биноан Хива хотин-қизлар билим юрти директори лавозимига тайинланди. Қўлида бир яшар боласи билан аёлини Хивага жўнатган Зокиржон вазият тақозоси билан Тошкентда яшаб қолади. Бевақт келган ўлим ҳижрон азобини чекаётган икки ёшни бир-биридан абадийга жудо этади. Чуқур қайғуда қолган аёл айрилиқ азобларини сал бўлса-да унутиш учун илмга берилади.
У Самарқанд педагогика институтининг ташкилотчилик факультетида ўқийди ва Самарқанд эски шаҳар ёшлар қўмитасининг котиби этиб тайинланади. Бир йил ўтиб-ўтмай эса Ўзбекистон ёшлар қўмитасининг Маориф вазирлигидаги вакили бўлади. Бу жойда билимга чанқоқ ёшлар турли мамлакатлар ва республикаларга илм олиш учун йўлланар эди. Ўша пайтларда Файзулла Хўжаевнинг шахсий ташаббуси билан 63 нафар ўзбек йигит-қизлари Германияда таълим олиб, ўқитувчи, ҳарф терувчи, тарбиячи, сув муҳандиси каби турли касбларни ўрганиб, мамлакатга етук кадрлар бўлиб қайтишган. Шулар қаторида Саодат ҳам 1930 йилда Москва шаҳридаги “Правда” номли Бутуниттифоқ журналистика институтига йўлланма асосида ўқишга қабул қилинади. Ўқишни тугатган институт битирувчилари республика ихтиёрига жўнатилгач, Андижон вилоятидаги “Мўл ҳосил учун” газетаси муҳаррирлиги лавозимига йўлланади.
Саодат Андижонда уч йил ишлайди. Шолипояларда сув кечиб юриб, безгак касалига йўлиқади ва Тошкентга қайтишга изн сўрайди. Ёш аёлнинг саломатлиги ҳисобга олиниб, илтимоси қондирилади.
Шундан сўнг у “Қизил Ўзбекистон” газетасининг маданият бўлимида иш бошлайди. Таҳририятга келиб қолган ўша пайтдаги республиканинг биринчи раҳбари Акмал Икромов Саодатни Марказий Комитетнинг босмахона ишлари бўлимига ишга таклиф қилади. Ўшанда “Саодат” журнали “Янги йўл” номи билан чоп этиларди. Саодат бир вақтнинг ўзида ҳам бўлимда ишлаб, ҳам журналга муҳаррирлик қилади. Шу орада журналнинг номини ўзгартиришга қарор қилинади ва жуда кўп номлар ўртага ташланади. Файзулла Хўжаев журналга “Саодат” номини беришни таклиф қилади. Лекин ўта камтарин ва зукко инсон бўлган Акмал Икромов: “Муҳаррирининг исми Саодат бўлса, журналнинг номини ҳам шундай атасак, одамлар нотўғри тушуниши мумкин”, деган истиҳола билан бу таклифга рози бўлмайди. Аъзам Аюпнинг таклифи кўпчиликка маъқул келиб, журнал “Ёрқин турмуш” деб номланади.
Саодат Шамсиева Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларни нафақат ўз кўзи билан кўрган, гаплашган, биргаликда ишлаган сафдош, балки, шундай улуғ арбобларнинг назарига тушган, ҳурмат-эътиборини қозонган ижодкор.
Афсуски, ўзбек зиёлилари бошига келган кулфат, аёл бўлишига қарамай, Саодат Шамсиевани ҳам чеклаб ўтмади. 1937 йил охирида кўп қатори уни акаси Мадаминга маълумотлар етказиб туришда айблашади.
Яхши дўст ёмон кунингда билинади. Саодатга садоқатли дўстлар бироз муддат яширинишни маслаҳат беришади. У болаларини олиб, синглиси билан кўздан узоқроқдаги чекка бир қишлоққа бориб яшайди. Қишнинг қаттиқ келганига қарамай синглиси билан ярим белигача лойга ботиб ишлайди, далага маҳаллий ўғит чиқаради. Бир бурда нон топиш учун қорли, қировли кунларда ҳам меҳнатдан бош кўтармайди. Оғир турмуш шароити туфайли безгак касалига қайтадан чалингач, яна Тошкентга кишибилмас кўчишга мажбур бўлади. Бироз саломатлиги яхшилангач, саноат корхоналарининг бирида шиша идишларга сиёҳ қуювчи, нон заводида юк ташувчи бўлиб ишлайди. Уруш йилларини оғир меҳнатда ўтказади.
Уруш тугагач, араб тили бўйича яхшигина саводхон бўлган Саодат Шарқшунослик институтига иш сўраб боради. Лекин у ердаги киши бошига бериладиган 300 грамм нонни икки боласи, синглиси ва ўзига етказолмай қийналгани учун яна матбуотга қайтади. Саодат Шамсиева Ўзбекистон радиоси, Паркент туман газетаси, Ангрен кўмир кони газеталарида фаолият олиб боради. Жонини жабборга бериб заҳмат чекиши ҳам, бир жойда узоқ ишлаши учун берилган афв хати ҳам унга барибир тўлиқ оқланиш имконини бермас эди. 1955 йилда Саодат ҳақиқат излаб Москвага боради. Қатағон қилинганлар рўйхатини кўради, 1937 йилда партия сафидан ўчирилиб, отувга ҳукм қилинганини ўқиб, ўрнидан тура олмай қолади. Унинг шундай қатағон тиғидан тирик чиққани аждаҳо комидан омон қолиши каби бир мўъжиза эди.
Ниҳоят, 1956 йилга келиб кўплаб қатағон қурбонлари қатори Саодат Шамсиева ҳам тўлиқ оқланди ва Ўзбекистон хотин-қизлари журнали “Саодат” таҳририятида муҳаррир ўринбосари лавозимига тайинланади. Ўша кунлар ҳақида у шундай ёзади:
“1956 йили Тошкентга келиб “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналида 3-4 йил ишлаб нафақага чиқдим. Соғлигим заиф бўлса ҳам, имкон қадар жамоат ишларида қатнашиб юрдим. “Республикада хизмат кўрсатган журналист” деган унвоним бор эди. Энди ёшим 50 га яқинлашиб қолди. 17 йиллик қатағондан сўнгги ҳаётимдан бирон дурустроқ нарса қолдиролмадим. Ёзиш учун яхши кайфият, илҳом, тоза ҳаво, тенгдош қаламкашлар бўлиши керак экан. Ёшлигимнинг 17 йили йиғлаб ўтди. “Халқ душмани” деган сўз юрак-бағримни ўртарди”.
У нафақага чиқиб ҳам қалам тебратишни давом эттирди. Таржимага қўл урди, телевидение ва радио учун материаллар тайёрлаш, республика газеталарига мақолалар ёзиш билан машғул бўлди. Ўзбек матбуотига хизмат қилишдан тўхтамади. Ўзига яраша адабий хирмон кўтарди.
“Саодат”нинг Саодат аяси 91 йил умр кўрди. Қатағоннинг қаҳрини матонат билан енгди. Юз ёш билан юзлашиш арафасида турган журнал тарихи ана шундай иродали инсонлар билан ҳам ёрқин, қадрли.
Азиза АҲРОРОВА, Қатағон қурбонлари хотираси музейи тадқиқотчиси.