МЕҲРНИГОР ХОНИМ ҚИСМАТИ

МОЗИЙГА ҚАЙТИБ

МЕҲРНИГОР ХОНИМ ҚИСМАТИ

     Ҳижрий тўққиз юз ўн иккинчи (милодий 1507) йилнинг қиши қаттиқ келди. Ёши олтмишни қоралаб бораётган малика Меҳрнигор хоним авваллари бундай совуқ бўлганини эслай олмайди. Болалиги Мўғулистоннинг Турфон, Оқсув каби шаҳарларида ўтган, сўнгра эса Самарқандда чорак аср фароғатда яшаган малика сўнгги йилларда бошидан не кунларни ўтказмади дейсиз. Ўтган йили минг азоблар билан Кобулга етиб келган эди. Қайнукаси Мирзо Улуғбек Кобулий солдирган Боғи Беҳиштда ўгай онаси Шоҳ бегим билан бирга шоҳона уйда яшаётган Меҳрнигор хоним бундай тўкис шароитни яратиб берган жияни Бобурдан миннатдор бўлиши лозим. Лекин негадир айнан шу жиянини ёқтирмайди. Деразадан ташқарида отнинг тиззасидан ҳам юқори оппоқ қорларга боққан кўйи малика узоқ хотираларга чўмди.
     Отаси Юнусхон ўқимишли инсон эди. Чингизхоннинг ўн иккинчи насли саналган Юнусхон барча мўғул хонларидан фарқли ўлароқ аждодлари каби саҳро ҳаётидан кўра шаҳар ҳаётини афзал кўрар эди. Кўпроқ китоб ўқир, айниқса, тарихий асарларни ёқтирарди. Узоқ йиллар Ироқ ва Хуросонда яшаган Юнусхон муаррих Шарофуддин Али Яздийнинг шогирди бўлганини бот-бот такрорлар эди. Аслида Юнусхон Самарқандга темурийлар саройига паноҳ излаб келганида поччаси Улуғбекдан ҳарбий ёрдам умид қилган. Аммо подшоҳликдан ҳам кўра кўпроқ илмга берилган Мирзо Улуғбек қайнукасини отаси Абусаъид Мирзо ҳузурига, Ҳиротга жўнатиб юборган. Мўғулистон тахтидан умид узган Юнусхон ана шу тарзда йигирма йилга яқин илм толиби бўлган. Мўғулистон тахтини эгаллаган укаси Эсан Бўғахоннинг темурийлар сарҳадида талончилик урушларидан безган Абусаъид Мирзо Юнусхонни саройга чорлаб, тўйлар қилиб, ўртада дўстлик ришталарини тиклаб Мўғулистонга хон қилиб юборган. Мўғул тўраси (қонун-қоидаси) бўйича янги хонни оқ кигизда кўтарганлар. Ана шу оқ кигизда малика Эсан Давлат бегим ҳам бўлган. Юнусхон қизлари Меҳрнигор хоним, Қутлуғнигор хоним ва Султоннигор хонимни бир кунда темурийзодаларга узатди. Меҳрнигор хоним Самарқандга Султон Аҳмад Мирзо саройига, Қутлуғнигор хоним Фарғона ҳукмдори Умар Шайх Мирзо саройига ва кичик қиз Султоннигор хоним эса Ҳисорга Султон Маҳмуд Мирзо саройига тўйлар билан олиб келинган.
     Улуғ боболари Амир Темур бунёд қилган Самарқанд яқинидаги боғларни кўрганида Меҳрнигор хоним қанчалар ажабланган эди. Ер юзининг тенгсиз гўзал шаҳрида яшаётганидан чексиз бахтиёр эди. Афсуски, маликадан дунёга келган меросхўр бўлмади. Кундоши Қутуқбегим тўртта қиз ва яна бир кундоши Ҳабибасултон бегим ҳам бир қиз туғди. Бобур Мирзони нега ёқтирмаслиги воқеаларнинг мана шу нуқтасида аён бўлди. Эри Султон Аҳмад Мирзо навбатдаги хотини – термизлик Хонзодага уйланганида жуда катта тўй қилган ва ана шу тўйда беш ёшлик Заҳириддин унинг кундошининг юз ёпунчиғини очган эди.
     Отаси Юнусхон ҳам шу набирасини кўп яхши кўрар ва ҳар йили Фарғона улуси шаҳарларидан бирида қишни ўтказар эди. Онаси Эсан Давлат бегим эса деярли Андижонда истиқомат қилар эди. Бундан йигирма икки йил илгари Хожа Аҳрор ҳазратлари таклифи билан Тошкент мўғулларга берилди. Юнусхон атиги икки йил Тошкентда яшади, холос. Отаси вафотидан сўнг Тошкент тахтига марҳумнинг катта ўғли Султон Маҳмудхон ўтирди.
– Мирзо Бобур келмоқдалар, – деган овоздан Меҳрнигор хоним ўзига келди. Эшик очилиб, елкалари оппоқ қорга беланган Бобур Мирзо ичкари кирди. Одоб билан таъзим қилиб юкунди. Малика жиянининг барваста қоматига ҳавас билан тикилди. Нимасидир, балки қийиқ кўзларидир, марҳум эрини эслатди. Қоп-қора соқоли юзига ярашиб тушган Бобур ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Хижолатга тушган Шоҳ бегим бир сўз айта олмасди. Меҳрнигор хоним ҳам инфиъолдин чиқолмасди. Ахир Бобур Ҳиротга кетганида Кобул тахтини эгаллаган Мирзохон Шоҳ бегимга туққон набира, яъниким Султоннигор хонимнинг ўғли эди. Маликанинг ўгай онаси асли бадахшонлик бўлиб, ўзини Искандар наслидан санар эди. Бувиси билан сўрашган Бобур холасига юзланди. Бир муддат ўтирганидан сўнг юмушлар кўплигини айтиб ўрнидан турган Бобур яна одоб билан изига қайтди. Белидаги қилич унинг ҳайбатини янада оширар эди. Меҳрнигор хоним жиянини ёмон кўришининг яна бир сабаби айнан шу қилич эканини ўйлади.
     Ҳижрий саккиз юз тўққизинчи йил (милодий 1594) Фарғона урушидан Самарқандга қайтаётган Султон Аҳмад Мирзо шаввол ойида Ўратепада хасталикдан вафот этган эди. Сал илгарироқ эса рамазон ойида укаси Умар Шайх Мирзо Ахсида каптархонаси билан қулаб омонатини топширган. Фарғона тахтига ўғли Бобур ўтирган бўлса, Самарқанд тахтини Ҳисордан келган қайнукаси Султон Маҳмуд Мирзо эгаллади. Меҳрнигор хонимнинг бахтли кунлари поёнига етган эди, гўё. Саройда у аввалгидек ўктам юрмасди. Овсинлари, айниқса, барча маликалар ичида ўта кибрли Зуҳра бегим ўзини эркин тутар эди. Ажаб дунё экан, олти ойдан сўнг Самарқанд тахти яна бўшади. Султон Маҳмуд Мирзо ҳам ҳаётдан кўз юмди. Тахт ҳеч қачон бўш қолармиди? Салтанатга эгалик учун марҳумнинг ўғиллари ўртасида кураш бошланди. Иккинчи ўғил Бойсунғур Мирзо бошига тож кийди. Кейинги йили эса Фарғонадан Самарқандга етиб келган Бобур Мирзо тахтни тортиб олди. Меҳрнигор хоним ўша пайтлардан бошлаб жиянини ёмон кўрган экан. Ўн тўрт ёшли бўлса-да, ўзаро курашларда улғайган Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ҳам Самарқанд тахтига эгалик узоқ вақтга насиб этмаган. Қаттиқ касалга чалинган, ҳатто тилдан қолган Фарғона ҳукмдори ҳам юз кундан сўнг Амир Темур ўтирган тахтни ташлаб ўз юртига кетган.
     Самарқанд тахтига кундоши Зуҳра бегимнинг ўғли Султон Али Мирзо ўтиради. Икки йилдан сўнг Бобур яна Самарқанд остонасида пайдо бўлади. Фарғоналикларнинг қўшин тортиб келаётганини эшитган замони Зуҳра бегим Туркистонга, Шайбоқхон (Шайбонийхон)га одам жўнатиб, агар ўзига уйланса Самарқанд тахтини топшириши ва ўғлига эса Ҳисорни олишда ёрдам беришини сўрайди. Бобурдан илгарироқ отни қамчилаган Султон осонлик билан темурийлар тахтига ўтиради. Зуҳра бегим чучварани хом санаган экан. Шайбоқхон унга эмас, йигирма беш йил Самарқанд подшоҳи бўлган марҳум Султон Аҳмад Мирзонинг беваси Меҳрнигор хонимни ўз никоҳига олади. Тўрт мингга яқин қўшин ва қудрат эгаси Зуҳра бегимдан кўра, асл чингизий Меҳрнигор хоним орқали ўз мавқеини мустаҳкамлайди. Самарқанд бекларининг кўплари унинг хизматига ўтади. Мамлакатда парокандалик авжига чиқади. Темурийлар салтанати аллақачон таназзулга юз тутган эди.
     Кўп ўтмай Бобур Мирзо Самарқандни тортиб олади. Малика Меҳрнигор хоним саҳройи эри билан Туркистонга кетади. Ўн етти ёшли подшоҳга бас келолмаганидан аламзада хон каттароқ қўшин тўплаб унга қарши юриш бошлайди. Бу сафар унинг қўли баланд келади. Сарипул жангида Меҳрнигор хонимнинг янги қайнукаси Маҳмудхон ва унинг ўғли Убайдуллоҳ Султон асосий ишни бажарадилар. Қизиқки, маликанинг жияни Бобурнинг исмини Заҳириддин деб Хожа Аҳрор ҳазратлари қўйган эканлар ва Убайдуллоҳ Султонга ҳам ул зот ўз исмларини берганлар.
     Шайбоқхоннинг султонлари Самарқандни узоқ қамал қиладилар. Охир сулҳ тузилиб, Бобур Мирзо шаҳарни бўшатиб чиқади. Бобурнинг опаси Хонзода бегим эса хоннинг илкига тушади. Хонзода бегимни никоҳига олар экан ёши улғайиб қолган Меҳрнигор хонимга талоқ беради. Меҳрнигор хоним бир илож қилиб Тошкентга ўгай укаси саройига етиб олганидан сўнг тиним топади. Кўп ўтмай Тошкент ҳам собиқ эри Шайбоқхон тасарруфига ўтади. У яқинлари билан Хуросонга кетишга мажбур бўлади. Аммо темурийлар орасида энг улуғ ва пуртажриба Султон Ҳусайн Мирзо ўз ўғиллари билан жанг қилар ва ғавғодан боши чиқмасди. Бу орада подшоҳ Бобурнинг Кобул тахтини эгаллагани хабарини эшитган маликаларнинг бир гуруҳи хавфсиз саналган Кобулга етиб келадилар. Бобур уларнинг ҳар бирига алоҳида ер-жой, улуфа ажратади. Айниқса, бувиси Шоҳ бегимга Памғондаги аъло серҳосил жойларни жогир қилиб белгилайди. Кобулга етиб келганида Меҳрнигор хоним синглиси Қутлуғнигор хонимнинг вафотини эшитиб, аза тутади. Онаси Эсан Давлат бегимнинг ҳам Андижонда вафот этгани хабари олинади.
     Узоқ хотираларга берилган Меҳрнигор хоним жияни Бобурнинг иродасига тан беради. Қанча оғир кунлар бошига тушса ҳам матонат ва бардош билан енгди. Бу ёшда айш-ишратга берилиб яшаш мумкин бўлса ҳам, дарди, хаёли темурийлар салтанатини тиклаш бўлган. Ҳатто фарзанди ҳам йўқ. Самарқандда кундошининг Ойша султон бегим исмли қизига уйланган ва бир фарзандлик ҳам бўлган эди. Аммо чилласи чиқмаган қизи вафотидан сўнг Ойша бегим билан ажрашган. Марҳума синглиси Қутлуғнигор хоним Кобулда уйлантирган Зайнаб султон бегимдан фарзанди ҳали йўқ.
     Меҳрнигор хонимнинг хаёллари яна бўлинди. Ичкаридаги шовқин нимадан эканини яхши билади. Бошини кўтариб ҳам қарамади. Ичкарида маликанинг хос хоналаридан биридаги бўғчага Мирзахон яширинган эди. Бобур Мирзонинг яқин қариндоши бўлган бу йигит акалари Бойсунғур Мирзо ва Султон Али Мирзо каби Самарқанд тахти учун уринмаган эди. Аммо Бобур Ҳиротга кетганида нима жин уриб, эҳтимол, Муҳаммад Ҳусайн кўрагон даъвати билан Кобулни эгаллашга уринди. Мирзахон Меҳрнигор хонимнинг отадош синглиси Султоннигор хонимнинг ўғли бўлса, Муҳаммад Ҳусайн туғишган синглиси Хўбнигор хонимнинг эри эди. Бир пайтлар Ўратепа ҳокими бўлган Муҳаммад Ҳусайн ҳам Шайбоқхонга ўз давлатини олдириб қўйиб, аёллар қатори Бобурдан паноҳ сўраб келган эди.
– Қизиқ, подшоҳ бу кўрнамакларга қандай жазо берар экан? – малика ўзига-ўзи савол берди.

* * *

     Подшоҳ Бобур уларни жазоламади. Муҳаммад Ҳусайн Ҳиротга кетади. Ўша ерда Шайбоқхон қўлидан ажал шарбатини ичади. Мирзахон эса момоси Шоҳ бегим ва холаси Меҳрнигор хоним билан Бадахшонга йўл олади. У онаси ўрнида кўрган холасининг Кобулда қолишини ҳар қанча тиласа ҳам Меҳрнигор хоним фикридан қайтмайди. Бадахшонда Қалъаи Зафар йўлида кошғарликлар қўлига тушган Шоҳ бегим ва Меҳрнигор хонимни азоблаб ўлдирадилар.

Ботирали ЙЎЛДОШЕВ,
Бобуршунос олим.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар