БИР ҲОВУЧ НУР ҚЎШГАН ИСМИМГА ХАЛҚИМ…
Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг ойдин шеърияти жилосидан баҳраманд бўлган ҳар бир ўқувчининг қалбига ёруғлик инади. Қалб қўри тўкилган сатрларда юзлаб тақдирлар сиймоси, ранглар жилоси, истиқлол, юрт ва юртдошларнинг кечаги куни ва бугуни кўз ўнгимизда жонланади. Шоира кўнглида тўлқин урган сатрлар гоҳида алангадек шиддатнок, гоҳида гулдек нафис ва латифдир…
Устоз шоира ҳаётнинг гўзал, поэтик томонини кўра билгани учун ҳам тупроғу тошдан сўз очадими, деҳқон ёки боғбон ҳақида ёзадими, шодлигу аламдан куйлайдими сатрларининг ҳар қатимида ажиб бир меҳр жилмайиб тургандек жозиба кашф этади.
Бу ёруғ оламда инсон тақдири, унинг кечаётган умри, армони, умиди ҳақидаги ўй-мулоҳазалардан иборат манзумалар, китобсевар халқнинг маънавий хазинасига айланажак асарлар ҳар доим ҳам дунёга келавермайди. Шоиранинг шеърларини ўқиган ўқувчи ўзи билмаган, сезмаган ҳолда меҳр оламига кириб боради. Ўз уйини, ота-она, яқинлари, туғилган тупроғини соғина бошлайди.
Ойдин Ҳожиеванинг “Бухоро”, “Юрагингда”, “Қарз”, “Сирлашув”, “Наврўзнома”, “Саломнома”, “Ватан”, “Фахрия”, “Сизга”, “Гулдаста”, “Ёдгорлик” каби ўнлаб шеърларида элу юртга бўлган оташин муҳаббати, шовуллаган боғлар, пурвиқор тоғлар, дарвозаси қулф кўрмаган ҳовлилар, тош кўчалару бошига оқ лайлаклар ин солиб қишлаган азим минорлар тимсолида талқин қилинади. Шоира муаззам Ватан боқийлигини дунё каҳкашонида ўз сўзи, ўз ўрни ва ўзлигини намоён этиб келаётган эли билан мустаҳкам бирликда кўрсатади ва шундай сатрларга жо этади:
Юрагимда гуллаб турган Ватан боғим,
Унинг теран томирлари жон-жонимдадир.
Шу боғ меҳри, шу юрт ишқи дилда устувор,
Юрагимда, қонимдадир, иймонимдадир.
Шоиранинг “Қарз” деб номланган шеърида:
Дардинг олайин, тупроқ,
Сендан қарзга ботганман.
Ҳовучингда болбулоқ,
Шарбатларин тотганман...
– дея она тупроққа муқаддаслик рутбасини берган бош омил унинг асл фарзандлари эканини англатади.
Бир сўзида Ватанни отам деб алқаса, бир сўзида уни тупроқ кечиб юрган беғубор болага менгзайди:
Оқшомлари хаёлчан,
Саҳарлари бир ҳалим.
Тупроқ йўлда сарпойчан,
Ўйнаб юрган Ватаним!
Ватан – бу шунчаки жўн сўз, оддий тушунча эмас. Ватан - бу жамиятнинг қувончлари, юрак оғриқлари, одамларнинг дарду ташвишларидир. Ойдин опанинг шеърлари ҳам ўзига ўхшайди. Дунё ва одамни таниш, кўнгли билан тиллашиб, қалбига яқинлашишга интилади.
“Саодат” журнали таҳририятига келган илк куним кечагидек ёдимда: Бош муҳаррир билан юзма-юз бўлиш илинжида борганимни билган котиба:
– Опа ҳозир бир йиғиндалар. Бироздан кейин келиб қолар. Вақтингиз бўлса кутиб туринг, бўлмаса бошқа куни келарсиз, – деди. Ўша пайтларда ишлаётган хизмат жойимда бўш вақтим бўлмай, кўнглимдаги ниятларни бир четга суриб қўйиб яшаш жонимга теккан эканми, кутдим. Кутиш илинжи ортида умидим мунғайиб турарди. Бу табаррук даргоҳда ишлаш, устозлар сабоғини олиш орзуйимга айланганди.
Бош муҳаррир хонасига кириб борганимда жуда ҳаяжонда эдим. Ўсмир ёшимда “Гулхан” журналига бир-икки шеъримни юбориб, жавоб олганим, ҳуснихат билан битилган мактуб якунида “Ойдин Ҳожиева” деб битилган имзо, хатни ўқиб севинган отам анча пайтгача: “Ҳалиги хатни олиб чиқинг, қизим”, деб яқинларимизга суючилаб юргани бир-бир хаёлимдан ўтди.
Опа билан суҳбатимиз самимий кечди. Қаерларда ишлаганим, ижодим, оилам тўғрисида гаплашдик. Шундай эл назаридаги шоира билан юз-юз суҳбат қуриб ўтирганимга ишонгим келмасди.
- Шунча йил таълим тизимида ишлабсиз, қаламингиз чархланиши учун кўпроқ ёзиб туришингиз керак эди. Назм бўлимига яхши бир ижодкор керак, аммо... Майли, эртага мана шу мавзуда бир мақола қоралаб келинг, – деди опа очиқ чеҳра билан. Берилган вазифа жуда осон кўринди. Ҳаётимизда ҳар куни учрайдиган оддий мавзу эди. Аммо тунни тонгга улаб ёзганларимдан, ғижимлаб отганим кўпроқ бўлди. Кечаги ҳаяжон эвида экан. Минг андиша билан ёзганимни ҳавола қилдим. Мақолани ўқиб ўтириб майингина жилмайиб қўйдилар, сўнг: “Анжонча шевада “нинг” қўшимчаси сира ишлатилмайдими?” - дедилар.
Кейин менинг қизариб кетганимни кўриб: “Майли, ўрганиб кетасиз, қани юринг-чи, хонадошларингиз билан таништираман...”
Инсон кўнгли охири кўринмас сароб эмас. Унинг бир томони ёп-ёруғ шуълалар ошёни, нурга макон. Ўша куни ҳуркиб турган кўнглимга ажиб бир илиқлик инди, нур қуйилгандек бўлди. Устозларнинг сабоғини олар эканман, ҳар куним, ҳар оним ҳикматларга йўғрилиб борарди. Таҳририятга келган ёш ижодкорнинг ижодий машқими ёки журналхонлардан келган мактубларми – ҳамма-ҳаммаси опанинг назоратида эди. Бир куни ёш шоиранинг шеърларини менга бериб: Ўқиб кўринг, яхшиларидан бир-иккитасини “Гулчеҳралар”га тайёрланг”, деди. Ўқидим, ўргандим. Опанинг ёнига кириб: “Бирорта шеърини ҳам танлай олмадим, буларни шеър деб бўлмайди”, дедим дадиллик билан. Ранжиган маънода вараққа қўл чўздилар. Овоз чиқариб шеърларни ўқий бошлади.
“Отам менинг қайрағоч, онам хоксор қалдирғоч”, деган ибора ва бошқа ўзига ёққан сатрларни танлаб олиб мулойимлик билан менга:
- Яхшилаб ўқинг, меҳр билан ўқинг. Оддий бир хатнинг ортида ҳам инсон қалби турибди. Умид билан қўлига қалам олиб хат ёзган одам йўл қарайди, кутади. “Ялт” этган битта сўзи бўлса, уни кўксидан итармасдан, униб-ўсишига, шаклланишига ёрдам бериш бизнинг бурчимиз. Сўзга баҳо беришда шошилманг, адолатли бўлинг. Худо назар қилмаса, кўнглига шеър ишқи тушармиди, қўлига қалам тутармиди?!
Ҳа, устоз бу борада ҳақ… Ўзи эътироф қилганидек адолатли эди. Ёшлар ёзган мактубларига эринмай жавоб йўллар, уларнинг кўнглини кўтариб, руҳиятига умид, ишонч бахш этишнинг турли йўриқларини бизга ҳам ўргатдилар. Шогирдларга бўлган эътибори, тилаги, дуоси мана шундай сатрларга жойланган…
…Сўзингизда буюк вулқон кўрайин,
Изингизда тоза райҳон кўрайин,
Созингизда юртга дармон кўрайин,
Аллоҳ сизга нурин тўкиб турибди…
Ойдин Ҳожиева шеърларида табиат хоссалари алоҳида ўрин тутади. Унинг талқинида табиат инсоннинг борлиғи ва борлиги билан бир тану бир жон. Лирик қаҳрамон барглар қатимига, гуллар рангига, майса-кўкатлар шивирига, оқар сувлар сукутига сингиб бораркан, барча-барчасидан инсонийлик хислатларини, тириклик ҳикматини туяди… Боғларда калава ўраган шамолни кўриб чархга айлангиси келса, қорайиб турган юпун дарахтларга эгнидаги зарбоф чопонини ёпгиси, илитгиси келади. Сўнгги манзилга эринибгина бораётган кузнинг йўлини тўсиб, баҳор чечакларидан унга туҳфа қилади.
… Бу кезлар табиат камгап бир аёл,
Қаҳратон олдидан йиғмоқда бардош.
Қалбимдан жой сўраб турар кўкда лол,
Пилла нуқрасидай сап-сариқ қуёш!
Унинг лирик қаҳрамонлари ўз жигаридек яқин бўлиб кетади. Селдан ҳурккан бебош сурувдай ҳар ён югурган булутларга, юрагидан жой бергиси келган шоира устма-уст кўкка қамчи урган чақмоқдан ранжийди. Кўзидан ўт чиқиб кетган осмоннинг ғазабидан она ерни асрагиси келади. Худди жигарларининг тиригига елкадош, ёруғ дунёдан ўтгандан кейин ҳам руҳига йўлдош бўлгани каби…
Ойдин опа нафақат шеърларида, аслида ҳам табиат шайдоси эди. Қаердадир кўриб ё кимдандир янгилик, яхшилик нишонасидан хабар топса, уни қаламга олар ва биз шогирдларига ҳам бу хислатни “юқтиргиси” келарди.
“Саодат”да янги иш бошлаган кезларим эди. Раҳбаримиз хонасига чақириб, бир табиатни суйган оила эгалари билан суҳбат қилиб, мақола тайёрлаш кераклигини айтди. Манзилни олгач, йўлга тушдим. Мўъжагина хонадондаги турли қушларни кўриб, ҳайратим ортиб борарди. Тўти, қумри, булбул, майна ва яна ўнлаб қушларнинг турлари бор эди. Наздимда, яхшигина гурунг бўлди. Оила бошлиғи табиатсевар, камтар-камсуқум бўлиш баробарида ўзига яраша феълли одамлиги кўриниб турар, ортиқча савол-жавобга ҳам тоби йўқдай эди. Айтилган мақола икки кунда тайёр бўлганидан қувониб, устознинг ҳузурига шошдим. Ёзган материаллар опанинг назаридан ўтиб чиққунга қадар ҳаммамиз ҳам ҳаяжонда бўлардик. Устоз мени чорлаб:
– Мунаввархон, мақолани ёзишга бироз шошибсиз, чамамда. Икки-уч саҳифада ёзилган сўзлар орасидан жонли мисол топа олмадим. Қайта ишланг, – деди вазминлик билан.
– Борини ёздим, қаҳрамоним жуда камгап, инжиқ одам экан, бошқа бора олмайман, опа, – дедим.
– Ўзингиз ўйланг, ҳатто хориждан турли қушларни олиб келиб ўзбекча саломни ўргатган, уйида, қафасда булбулни сайратган одамдан нега ўқувчини ҳайратга соладиган нимадир ёзиб олмайсиз, қайтиб боринг, – деди қатъият билан. Бироз ранжидим, ўша хонадонга қайтиб боргандан кўра, ариза ёзиб ишдан кетмоқчи ҳам бўлдим. Иложсиз яна ўша хонадон эшигини тақиллатдим. Дарвозасини очган уй бекасига дардимни айтдим. Ёзганимда жон йўқ эмиш. Қушларнинг номини, еган донини ёзибман-у, сўзга жон беролмабман, дедим.
Аёли билан бўлаётган суҳбатга гувоҳ бўлган қаҳрамонимиз секин сўз бошлади:
– Бир жуфт сайроқи булбулни чакалакзордан тутиб келдим. Тўрга илиниши жуда қийин кечди. Уйга олиб келгач, улар сайрамади. Дон берсам емасди, сув берсам ичмасди. Бир сас чиқармай кўзимга мўлтираб туришаверди. Болаларим билан ҳар мақомга йўрғалаб кўрдик, бўлмади. Бир куни хотиним ошнинг зирвагини тайёрлаётган эди, бир ишга андармон бўлгани учун қоврилаётган зирвак тирс-тирс этиб қозонга ёпишиб қолибди. Шунда бирдан иккиси ҳам сайраб юборди. Бири қўйиб, бири шундай сайрардики, еру кўк булбулнинг навосидан рақс тушарди, гўё. Кейин қушларни тутиб келган соҳил бўйидаги чакалакзорга йўл олдим. Ўша ердаги овозларни тасмалаб, кейин эшитиб кўрдим. Тўлқинланиб оқаётган сувга тегиб турган қамиш, буталар япроғидан тирсиллаган овоз чиқаркан. Булбулларни сайратиб юборган саснинг худди ўзи… Чакалакзор, тўқайда бўлса ҳам ўша ватанини севган, қўмсаган бу қушларни қафасдан озод қилдим… Қушлар ҳам одамга ўхшайди. Кимдир юртдан бир қадам олис кетса юраги ўртайди, соғиниб ер бағирлайди. Кимдир туғилган тупроғига тош отади…
Мақолам чоп этилган кун кўнглимда байрам бўлди. Бир неча йил устознинг сабоғидан баҳраманд бўлганим, ҳаётда юксалишимга пойдевор бўлганини энди-энди ҳис эта бошладим.
Устоз шоира Қутлибека Раҳимбоева билан бир хонада ўтириб ишлардик. Опамнинг ҳазили билан айтганда: “Куннинг энг ҳузурли дақиқалари тушлик пайти”да кўнгил ёзардик. Ўшанда қаҳ-қаҳ отиб кулган бўлсам керак, Ойдин опам аста юриб хонага кирди.
– Секинроқ кулинглар, қизлар. Бу бинода бир биз эмасмиз. Ён қўшнимиз “Гулистон”да ҳам тўла одам. Улар нима дейди. “Саодат”нинг қизлари ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Қувонсангиз мен ҳам хурсандман, аммо ҳар ишнинг меъёри яхши, - деди. Ўзлари айтганидек, жуда сокин инсон. Қувончу шодлик қўша келган кезларида ҳам ҳайқирмайди, қайғуларини, ҳасратини кўрганга тўкиб солмайди. Кўнглидаги бори сим-сим сатрларга силқийди. Тонгдан туҳфалар олиб, шом шуълаларига тутган устоз шоиранинг яхшию ёмони, бахтию армони – ҳамма-ҳаммаси сизники, уники, бизники ҳамдир. Ўзи айтганидек, бу оламда барча топган яхшиликларида дўстларнинг ҳиссаси бор:
Агар толе қуши қўнса бошимга,
Бахт- иқболим бўлса даврада достон,
Менинг ҳар ютуғим, эзгу ишимда,
Дўстларим ҳиссаси кўпдир бегумон…
Бирор ноҳақ сўздан бағри қон бўлган кезларда ҳам йўлларини тўсган тўғонни ўз қисматим деб билади. Ўзидан ўзини излай бошлаган шоира ҳаргиз бировларни қалқон қилмаслигини пичирлаб айтади.
Тупроқ тимсолида ота макони Ватан, боқийлик маънолари билан маънодордир. Шоира битикларида сўздан-сўзга улканлашиб борган иборалар такрор-такрор келаверади. Ушоққина уруғда довқур чинорларнинг салобати яширингани каби сатрлар сайқалида она юрт, Ватан муҳаббати мужассамлашган.
…Сенсиз чумолича рағбатим йўқдир,
Сен билан тоғни ҳам қиларман талқон.
Сендан айирмасин ўлгунча тақдир,
Сен ўзинг кўксимга пўлатдан қалқон,
Ватан, онажон!
Инсон ортида қолгувчи ёруғ изларда, нурли йўлларда тирикликка муносиб яшаганлигини, ўзини бой бермаганлигини, ўзини йўқотмаганлигини кўради. Ўзига, ҳаётга, гўзаликка, тупроқ билан офтобнинг барҳақлигига ишонч ҳам Ҳақнинг инсон кўнглига муҳрлаган боқийлик нишонасидир. Уларнинг уйғунлигини, кўнгилда эзгулик ниҳолларини ўстириш, келгуси насллар қалбида алангалар ҳосил қилиш ҳам, инсонга юқтирилган беназир неъмат эканини Ойдин опанинг ойдин йўллари сўйлайди.
Беназир инсон, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева бугун яна бир табаррук ёшни қаршилади. Умрининг борини, борлиғини адабиёт ривожига нисор айлаган инсон ҳамиша эл дарди билан нафас олади. Йигирма бир йиллик заҳматлари сингган, ҳар сатрига кўз нури, қалб қўри тўкилган “Саодат” журнали ҳам юз ёшни қувалаб боряпти, бу икки мукаррамлик ҳаммамизга қутлуғ бўлсин, азизлар!
Дил изҳорларимни устознинг тўртлиги билан якунламоқчиман:
Чинни пиёлангиз кунгурасида,
Битилган муҳаббат байтиман, балким.
Танглайим кўтариб тонг кўрасида,
Бир ҳовуч нур қўшган исмимга халқим.
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
2022 йил.