Эсда қолган янги йил
Қорбобо дадам экан
Дилноза Кубаева,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Болалигимда рўй берган бир воқеа ҳануз ёдимда. Бир куни дадам мени доимгидек боғчага элтиб қўйдилар. Ўша куни Янги йил байрами бўлиши керак эди. Қарасам, қайтиб кетмасдан боғчамизнинг безатилган хонасида газета ўқиб ўтирибди. Дадажон, кетмайсизми, десам, ҳа, ҳа дейди-ю, яна газетага кўз тикади. Кимнидир ёки нимадир кутиб ўтиргандек туюлди менга. Байрам бошланди. Биз жўровоз бўлиб Қорбобо ва Қорқизни чорладик... Оппоқ соқоллари кўксига тушган Қорбобога шеърлар ўқиб, қўшиқ айтиб бирга рақсга тушдик. Ҳаммамизнинг кўзимиз совғалар билан тўлатилган қопда эди. Қорбобо байрам сўнгида турфа совғалар, юмшоқ ўйинчоқлар улашди. Мен ёнларида бўлсам ҳам худди кўрмагандек, дугоналаримга совға бериб, менинг бошимни силаб қўярди. Хафа бўлиб турганимни кўриб қулоғимга:
– Қизим, ҳамма совғали бўлсин, сенга кейин бераман, – деди. Бу дадамнинг овози эди. Ҳозиргина саҳнада дўрилдоқ овоз билан гапираётган Қорбобо дадам эканини сезмабман ҳам. Шунда дадам ҳаммага совға улашса-ю, бир мен бундан қуруқ қолсам, деб роса хўрлигим келиб баландроқ овозда йиғлай бошладим. Қорбобо ва боғча опамиз эркалатиб, ширин гаплар гапиришиб, совғалар бериб аранг юпатиб олганлар. Бу воқеани ҳам кулиб, ҳам куйиб эслайман бугун. Ўшанда дадам атайлаб менга кечроқ совға улашгандир. Бошқаларга етмай қолса хафа бўлади, ўз қизимни овутиб оларман, дегандир, нималарни хаёл қилгани менга қоронғу. Мени ҳайрон қолдирадиган бошқа жиҳат: боғча опамизнинг илтимосига кўра Қорбобо образига кирган дадамда ўқитувчи бўлгани билан санъаткорлик истеъдоди бор экан-да. Менга бу иқтидор отамдан ўтибди-да, деб ўйлаб қоламан. Янги йилингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!