ЎҒИРЛАНГАН АРЧА

 

ЭСДА ҚОЛГАН ЯНГИ ЙИЛ


ЎҒИРЛАНГАН АРЧА


Ҳосила РАҲИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:


– Янги йил байрами десам, хаёлимга эртаклар мамлакати келади. Биз оилада олти фарзанд эдик. Ҳар йили янги йилни оиламиз билан бирга хурсандчиликда қарши олардик. Эсимда, қишки таътил бўлгани учун дадам ҳаммамизни истироҳат боғига олиб бордилар. Оппоқ қорларни ғарчиллатиб босиб қорбўрон ўйнадик, чана учиб мазза қилдик. Йиқилиб “талафот” кўрганлар бўларди орамизда. Боғдаги безатилган улкан арчаларни кўриб, дадамга биз ҳам байрам учун арча безатайлик, деб хархаша қилдик. Орадан бир-икки кун ўтгач, дадам яна бизни кўчага етаклади. Уйимиз яқинида арчазор бўларди. Ўша ерга бориб бир арчани танлаб кеса бошлаган дадамнинг атрофида қувониб чуғурлашардик. Ерга гурсиллаб қулаган арчани чанага юклаб, энди кетмоқчи бўлганимизда орқа тарафдан кимдир овоз берди. Шунда дадам: “Болалар, арчанинг хўжайини кебқолди, энди тезроқ қочишимиз керак”, – деб югура бошладилар. Мен ўшанда шундай қўрққанманки, ўйласам ҳалиям юрагим хаприқиб кетади. Уйга етиб борганимизда ҳаммамиз қора терга тушиб кетгандик. Бориб онамнинг ёнбошига беркиниб олиб, эртакдаги ялмоғиз кампир ортимиздан қувиб келаётгандек биримиз қўйиб, биримиз олиб нима бўлганини гапириб берардик. Кейинроқ улғайиб ақлимизни танигач, дадам ўша воқеага шундай изоҳ берганлар:
– Аввалроқ ўрмон қоровули билан гаплашгандим. У кўрсатган арчани кесганман. Фақат унга кетар чоғда, бир овоз бериб қўйинг, деб илтимос қилганман. Сабаби ўша топда арчани сўраб олдим, десам сизлардан эшитиб маҳалла-кўй – ҳаммаси арча кесгани тушади, хотиржам кетсам сизлар ўғрилик қилиш осон экан, ҳеч ким кўрмади, деб ўйлаб кейинчалик ёмонликдан ҳазар қилмай қўясизлар. Ортимиздан чақириб, “Ҳай-ҳай”лаб қўйишни ўзим сўраганман. “Қоч, қув”дан қўрқиб, тавбангизга таяниб, бошқа у жойга бормай қўйдингиз, менинг мақсадим ҳам шу эди. Арчага қараб янги йил кириб келса, мўъжиза юз беради, деб кутиб ўтириш – нодонлик. Олдингга катта мақсад қўйгач, Аллоҳдан куч-қувват тилаб, белни маҳкам боғлаш керак. Мўъжизани инсоннинг ўзи яратади. Меҳнати билан, ғайрати, Худо юқтирган омади билан бахту бойлик топади, дегандилар. Шундай бўлди ҳам. Ҳаммамиз ҳар соҳада эл орасида, юрт корига яраб юрибмиз. Бойлик ҳам бахт қутлуғ остонамизда биз билан бирга Янги йилни қарши олмоқда, шукур!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар