Эсда қолган янги йил
ЙЎЛДА ҚОЛДИК
Маъсуда Отажонова,
Муқимий номидаги мусиқали драма театри акрисаси:
Аслида ҳар йили келадиган Янги йил байрами инсон юрагига ўз нақшини муҳрлаб кетади. Умримизнинг яна бир йилини ўғирлаб кетадиган йилни хурсанд бўлиб кузатиб, шодланиб кутиб олиш одатимиз бор. Шу кунларга етказганига шукур, яна шундай кунларга омонда етказсин, деганимиз бу.
Кечагидек эсимда. Ёш эдим. Янги йил кирадиган куни уйимизга Намангандан меҳмонлар келишган. Байрамни яхши кутиб олиш учун оила бекаси куни билан ошхонада куймаланиши зарур. Шундай паллада театрга чақириб қолишди. Уч-тўрт санъаткорларга Қорқиз, Қорбобо қиёфасида буюртма берган хонадонларга бориб совғалар улашиб, шодликларига шерик бўлиш вазифаси берилганди. Бошга тушганига кўнмай иложимиз йўқ. Уйимда меҳмонлар борлигини рўкач қилганим ҳам фойда бермади. Кеч бўлди, Қорбобо билан қоп тўла совғаларни олиб йўлга тушдик. (Атайлаб Қорбобонинг исм-шарифини очиқламадим) Ҳаммамизга беш-олтитадан хонадонларга бориш режалаштирилган. Юрагимга қил сиғмайди, у пайтларда қўл телефонлари йўқ. Қовоғини солиб ўтирган эрим, ошхонада сабзи кертаётган азиз меҳмоним кўз олдимдан ўтади, холос. Шеърлар айтиб, рақс тушиб дегандек бир-икки манзилга кириб чиқдик. Раҳбаримиз хонадонларга кириб ўтириш, еб-ичиш мумкин эмас, кўнгилдан чиқариб нимадир туҳфа қилса олинг-у, тез ортга қайтинг, деб тайинлаган. Йўқ, ундай бўлмади. Айиқполвондек гавдали, бўёқ тегмаса ҳам юзлари доим қип-қизил юрадиган Қорбобо хонадон соҳиблари билан “қиттак-қиттак”ни бошлаб юборди. Олинг, қани, янги йил яхши йил бўлсин, деб олишга тушганда уни тўхтатиб бўлмасди. Қорбобо айтиши керак бўлган сўзлар қолиб латифалар айтиб кетадими-ей, гир айланиб “Андижон полка”сига ўйинга тушиб ҳамма ёқни остин-устун қиладими-ей, бу ёғи кўргулик бўлди. Буюртма берган сўнгги хонадонга кираётганда кайфи тароқ бўлган айиқполвон ҳар жойга ўзини урар, шофёр иккимиз унинг қалпоғини кийдириб, соқолини ёпиштириш билан овора эдик. Зўрға судраб олиб кирдик. Гапирмай туринг майли, мен гапириб совғаларни улашаман, деганимга кўнибгина турганди. Кириб олиб шундай “трюклар” кўрсатдики, асти мен айтмай. Кўчага эсон-омон чиққанимизда соат ўн бир ярим эди. Катта кўча муюлишида машинамиз ёқилғиси тугаб, бир-икки “ғиғил”лаб тўхтаб қолди. Янги йил киришига бонг урилганда кўча четидаги бетон устида ҳолсиз ўтирардик. Совға тўлатилган қопимизда маккажўхори қаламчаларининг ушоғидан бўлак ҳеч вақо қолмаган. Қорнимиз оч, совуқ. Ҳаммадан ҳам мени уйимда қандай “туҳфалар” кутаётганини ҳис этиб ўтирибман. Эски “Жигули” машинасини уч кишилашиб судраб шатакка олиб ёқилғи қуйишга олиб бордик. Уйга борганимда ҳамма уйқуда, фақат бир одам уйғоқ эди. Қўнғироқ жарангини эшитса ҳам эшик очмади...