ДИЛДАН-ДИЛГА ТАШЛАНГАН КЎПРИК

 
   Озарбайжонлик олима Алмаз Улви улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижоди тарғиботчилари пешқадамларидан бири. Суҳбатлашар эканмиз, унинг мумтоз адабиётимизга ихлос ва садоқатини ҳис қилиб фахрландик.
 
– Мана неча асрдирки, буюк Навоий замонлар силсиласидан ўтиб, инсоният маънавиятига, кўнглига чироқ ёқиб турибди. Ҳазратнинг буюк мероси бугун бутун Турон замини халқларининг маънавий хазинасидир. Шундай эмасми?
– Аввало, хуш кўрдик! Бу менинг "Саодат" билан учинчи ёки тўртинчи учрашувим. Ўз қадрдон уйимга қайтгандек бўлдим. Мен учун бу шароитларни яратиб берган, мени ҳамкорликка таклиф этган севимли журнал жамоасидан миннатдорман. Ҳар доим яхши кунларда, эзгу мақсадлар ила кўришиш насиб этсин. 
  Ҳазрат Алишер Навоий! У буюк даҳо! Асрлар ўтса-да, ҳамиша баланд тахтда юксалган, мутафаккир, ўз ҳикматлари билан башариятга доимо зиё сочиб турган улуғ зот! У асл донишманд!
  Унинг маънавий хазинаси фақатгина ўзбек халқининг, сиз айтганингиздек, фақатгина Турон дунёсининг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий хазинасидир. Дунёнинг ҳар бир бурчагида унинг асарлари ўқилиб, ўрганилиб, тадқиқ қилиниб, нашр этилмоқда ва улар ҳикматли маъноси, қадр-қиммати билан инсонлар маънавият мактабининг пойдеворига айланган. Алишер Навоийнинг маъно ва мазмун жиҳатдан дунё адабий майдонида кўзга ташланган асарлари, жаҳон адабиётида илк бор туркий тилни юксакларга кўтарди.
  Машҳур Озарбайжон шоири Муҳаммад Ҳодий ёна-ёна ёзган "Бу имзолар аро миллатимнинг хати йўқ" мисраларининг таъбирича айтсак, жаҳон имзолари аро туркий имзо қўйишни Аллоҳ таоло Алишер Навоий бобомизнинг толейига битган.
– Илмий ва ижодий изланишларингизни кузата туриб, мумтоз адабиётимизга қизиқишингизни, жумладан, Навоий ижодига муҳаббатингиз чексизлигини кўрамиз. Ҳазрат сизни қачон ўзига боғлаган? Олима сифатидаги илк изланишларингиз, китобларингиз, шогирдларингиз ҳақида тўхталсангиз.
– Мен бир зиёли оила фарзандиман. Отам физика-математикадан дарс бериш билан бирга ажойиб шеърлар ҳам ёзарди. У адабиётга кўнгил берган одам эди. Уйимизда жаҳон адабиёти намуналари ҳам ўрин олган бой кутубхонамиз бор эди. Отам бизни бошида китоб мутолаасига мажбур қилган бўлса-да, кейинчалик китобдан ажратолмай қолганлар. Унинг биз учун илк тавсия этган китоблари "Калила ва Димна" ва "Қобуснома" эди. Биз бу асарларни ўқирдик, лекин тушунишга жуда қийналардик. Эсимда, у "Калила ва Димна"даги барча ҳикояларни узун қиш кечалари бизга ўзи ўқир, сўнг унинг фалсафий маъносини изоҳлаб берарди. Шу тариқа қалбимиз болаликдан бошлаб китобга, адабиётга бир умр боғланиб қолди. Низомий, Деҳлавий, Навоий номларини илк маротаба уйда, кейинчалик мактабда, университетда эшитиб, ўқиганман. Узоқ йиллар озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари мавзусида докторлик диссертацияси устида ишладим, қизиқарли тадқиқотлар олиб бордим. Бу тадқиқотларда Алишер Навоий оламига йўл солдим, унинг бутун дунёга – Ер куррасига таратган нурини кўрдим.
  Ўзимни Алишер Навоий ҳикматлари мўъжизасида англадим. Орамизда қолсин-у, сирларга тўла чўққидан ким ҳам тушишни истайди?! Ҳеч ким! Алишер Навоий дунёсига боғланишимнинг сири шу ердан бошланади.
  Қарийб 25 йилдирки, Навоийнинг сиру сеҳридан ҳайратдаман. Бу мўъжизадан айрилиш, узилиш ниятим йўқ. Алишер Навоийнинг нафақат асарлари, балки инсон сифатида кечирган ҳаёти ҳам бир мактабдир. Унинг асилзодага хос одоби, сахийлиги, камтарлиги, самимийлиги, соддалиги, юксак қалб эгаси бўлиши мактаб эмасми? "Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари", "Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида", " Алишер Навоий. Hikmətli sözlər - Ҳикматли сўзлар", "Ўзбек адабиёти" (озарбайжон ва ўзбек тилларида), "Шарқ тазкирачилик тарихидан", "Алишер Навоий асри ва насри (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлар)" ва бошқа китобларимда улуғ шоир ҳақида кенг қамровли изланишларим бор. Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига 570 саҳифалик монография ёзиб нашр эттирдим. Бу Озарбайжон фанида буюк мутафаккирнинг илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарларининг кенг мазмуний талқинини ўрганиш нуқтаи назаридан илк асар бўлди. Бу китобни нашр этгач, енгил нафас олдим. Худога шукурки, мумтоз шоир руҳини шод эта олдим. 2016 йилда Ҳиротга борганимда ҳазрат қабрини зиёрат қилдим. 2021 йил апрель ойида иккинчи бор зиёрат учун Ҳиротга борганимда бу китобни ҳам олиб бордим.
  Жуда хурсанд эдим. Афғонистон каби мамлакатга қадам босиш қанчалик қийин бўлмасин, мени бу улуғ зотнинг руҳи қўллади. Кетишимга на уйда, на ишимда, на элчихонамизда розилик беришди, соғлигингизда муаммо бўлиши мумкин, десалар ҳам, оёқ тираб туриб олдим ва кетдим.
  Бугун кўнглим жуда хотиржам. Биргина ўзбек адабиётига оид 300 дан ортиқ илмий мақола ва ўттизга яқин китоб чоп эттирдим. Беш йилдирки, Академияда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган халқаро илмий анжуманларни мунтазам ўтказиб келмоқдамиз. Кейин ушбу конференция материалларини китоб шаклида нашр этамиз. 2020 йилда Академия Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтида мен раҳбарлик қилаётган "Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари" кафедраси қошида "Алишер Навоий адабиётшунослик маркази"ни очдик. Мазкур марказдаги илк ишимиз "Озарбайжон-ўзбек, ўзбек-озарбайжон луғати (25000 сўз)" китобини тарихда биринчи марта (ўзбекистонлик ҳамкасблар билан биргаликда) тайёрладик ва нашр эттирдик. Бундан ташқари, Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг "Қиёсий адабиётшунослик" илмий журналининг 2020 йилги 1-махсус сонини "Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари"га бағишладик. Бу ерда ўзбек фани ва адабиёти намояндалари ҳақида 60 та илмий мақола ёздик, кўплаб шеърий таржималар қилдик ва бошқа ишларимиз ҳам кўп, фақат номларини санаб ёзсам, журналингизнинг барча саҳифалари тўлиб кетади. Ҳозирда ўзбек адабиёти бўйича 7 нафар талабам бор, улардан 2 нафари, умид қиламанки, тез орада ҳимоя қиладилар. Университетдаги талабаларга Навоийдан маърузалар ўқийман.
– Бугун дунёда таҳликали вазият. Қайбир юртларда нотинчликлар давом этмоқда. Шундай вазиятда Ганжавий, Навоий, Фузулий каби улуғ алломаларимиз офтобдек нур сочиб, кишиларни эзгуликка ундаб турган пайтда, биз адабиёт олами кишилари нима қилишимиз керак деб ўйлайсиз?
– Тўғри, ҳозир бизнинг дунёмиз жуда безовта...
  Бир томондан, юқумли касалликлар, бошқа томондан юрту тупроқ талашишлар... Икки йил давомида пандемия дунёни фалажлади, одамларнинг турмуши издан чиқди. Лекин буларнинг барчаси билан бирга ҳаёт давом этмоқда. Дунё ўша ўзимиз билган дунё. Бу дунёни шундай ҳолга солганлар эса одамлардир. Ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол этилиши, одамлар дилини оғритиш, порахўрлик, кучлилар кучсизларни оёқости қилиши каби салбий ҳолатлар Яратганга хуш келмади.
  Ҳозир ҳамма Аллоҳ олдида синовдан ўтмоқда. Бундай пайтларда энг кўп азият чеккан адабиёт аҳли бўлади. Нима учун? Чунки улар нозик қалбли, нафис руҳиятли одамлардир. Агар инсоннинг дили сиёҳ бўлса, унинг яшаши қийин. Қарангки, шундай зиддиятли бир замонда биз яна бир бор буюк инсонлар руҳига, уларнинг маънавий меросига мурожаат этяпмиз. Адабиётчилар ҳақиқатни унутмаган ҳолда, тарихий воқеаларни ибрат бўлсин учун уларни борича, ўзгартирмай, безамай қоғозга туширишлари керак, буларнинг бари келажак авлод тарбияси учун жуда муҳим. Мумтоз донишмандларимиз ҳикматлари билан ёшлар қалби озиқланиши зарур.
– Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақида ёруғ хотираларингиз бор, биламиз. Озарбайжон ва ўзбек халқини боғлаб турган қадим ришталарга ҳисса қўшиб келаётганлигингиз бизни қувонтиради. Келгусида адабий ҳамкорлик борасида яна қандай режаларингиз бор?
– Ўзбекистон мавзуси ҳаётимнинг бир қисмига айланган. Адабиёт оламига шўнғиганимда ўзимни Фитратлар,Чўлпонлар,Беҳбудийлар,Қодирийлар, Холид Саидлар, Зулфияхоним, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймонов, Суйима опамлар, Азиз Қаюмовлар даврасида ҳис қиламан. Тошкентга борганимда уларнинг қабрларини зиёрат қиламан. Мен номларини тилга олган устозлардан фақат Суйима Ғаниева ва Азизхон Қаюмовларни кўрганман, улар менга дарс беришган. Оиламда умр йўлдошим ҳам (ўзи олим бўлса-да), ўғлим ҳам мени у ерлардан қизғанишади. Ўзбекистонликлар ҳам мени ўз қизидек яхши кўришади. Уларнинг меҳридан куч олиб, янги лойиҳаларга қўл ураман. Шер буржида туғилганман, менда мустаҳкам руҳ бор. Албатта, ҳар боришимда хотираларга тўлиқ кайфият вужудимни чулғаб олади. Ўзбекистонга илк сафарларимдан бирида машҳур навоийшунос олим Ҳамид Араслийнинг қизи Нушаба Араслий билан бирга бўлдим. Табиийки, барча сафарларим фақат Алишер Навоий билан боғлиқ бўлган. Тошкентда 4-5 кун давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъуллари бизга юксак даражада ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишди. Бундай эъзозни ҳеч қачон унутмайман. Улар бизни ўзбек тўйига олиб боришди. Бу тўй гўё Бокуда бўлаётган эди. Кўп қўшиқлар ва рақс наволари озарбайжонча бўлиб, одамларнинг рақси эса ниҳоятда чиройли эди. Гарчи рақсга тушишни ёқтирсам-да (ҳаётимда бор-йўғи 2-3 марта рақсга тушганман, холос), ўша тўйда бир вақт қарасам, Нушаба хоним билан бирга рақсга тушиб кетибмиз. Уйга бора-боргунимча бу ҳолатга мириқиб кулдим, ҳалигача ёдимдан чиқмайди.
  Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Бу тарихий кўприкка зиён етказишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Мустаҳкам пойдевор узра қурилган бу кўприкларда жуда кўп ишлар, гўзал лойиҳалар қилиш ниятидамиз, бунинг учун қўлимиздан келганини аямаймиз. Бу йўлда умримни бажонидил сарфлаяпман.
  Мен XXI асрда янги лойиҳалар билан янада кучли асослар яратиш керак, деган бўлардим. Қадимий кўприк устида янги лойиҳалар амалга ошиши, адабий намуналаримиз ўзаро таржима қилиниши, ёшларимиз бир-бирининг ижодини ўрганиши лозим.
  Аниқ режаларимга келадиган бўлсак, иш қилишни ёқтираман, сўзамолликни эмас. Худо хоҳласа, ҳаёт давомида кўриб борамиз. Фақат менинг қалбим ҳар доим сиз билан эканлигини билишингизни истайман.
– “Саодат” журнали салкам бир асрлик журнал. Дунёнинг мўъжизаси бўлмиш Аёл таърифи, орзу ва армонлари, оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида баён қилувчи нашрга ва унинг ўқувчиларига тилакларингиз.
– Суҳбатимиз аввалида "Саодат" мен учун қадрдон уйим эканлигини таъкидлагандим.
  Ота-она фарзандларига – ота ўғлининг, она қизининг қалбига нималарни пичирлаб сингдирса, менинг ҳам "Саодат"га тилакларим, дуоларим айнан шундай.
  Унинг ижодий жамоасига соғлик, гўзаллик, бахт-саодат, қут-барака тилайман. Яна шуни истайманки, дунёмиз тузалсин, йўлларимиз очилсин, "Саодат"нинг бутун жамоаси билан Низомий юртида – жонажон Озарбайжонда учрашиш насиб этсин. Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзосиман. Мен икки мустақил давлатнинг тегишли уюшмалари томонидан қўллаб-қувватланган бундай учрашувни орзу қиламан. 2022 йил ҳар биримиз учун омадли йил бўлсин, омин.
 
Таржимон Шаҳло ҚОСИМОВА. 
Суҳбатни Наргиза АСАДОВА тайёрлади.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар