АЙТИЛМАГАН ЭРТАГИМНИ АЙТИБ КЕЛДИМ

 Эсда қолган янги йил

АЙТИЛМАГАН ЭРТАГИМНИ АЙТИБ КЕЛДИМ

 

     Янги йил энг яхши кўрган байрамларимдан бири. Охирги ўн-ўн беш йилда бу байрамни оила, дўстлар –  ажойиб давраларда нишонладим. Йил алмашаётган пайтдаги бу сурурли кун минглаб жимир-жимир чироқлар, тансиқ таомлар, гўзал мусиқалар билан кутилди. Аммо эсда қоларли янги йил деганда мен болалигим ҳақида ўйлайман.

     Қорли қиш кунлари  совуқ уйдан бўйим баробар арчани олиб чиқиб, ювиб-тозалаб ясатишимиз, рангли қоғоздан узун занжирлар ясаб, уйнинг у деворидан бу деворигача тортиб безатишимиз, акам хона ойналарига расм чизиб, қутлов сўзларни ёзиши, дадам ишдан ёнғоқ, мандарин, олма, ҳар хил ширинликлар солинган совғаларни олиб келишлари... Гўё ҳаммаси сеҳрли эди. Ўша совғаларни шунчалик интиқиб кутардимки, ўйлаб қарасам, бундай ҳадяларни йилда бир марта кўрардик. Менинг энг интиқиб кутадиганим дадам олиб келадиган каттагина, мазали торт эди. Мен қишлоқда туғилганман. Жуда кўп қариндош-уруғлар ён-атрофда яшардилар. Кечки овқатга жуда чиройли дастурхон тузардик. Овқатдан кейин яқинларимизни янги йил билан табриклагани чиқиб кетардик. Ҳамманинг уйида очилдастурхон бўларди ўша кеча. Хонадонма-хонадон юриш, яқинлар билан хурсандчиликлар юрагимизниизавқу шавққа тўлдирарди. Қариндошларни табриклашдан кўра кўчани тўлдириб, ўйин-кулги қилиб юришимиз менга кўпроқ ёқарди. "Қишлоқ қизи" деган қолипга кўпам сиғавермайдиган шаддодгина эдим. Биз қаерга борсак ҳам янги йил киришидан олдин қайтиб уйда тўпланишимиз керак эди. Ҳеч кимнинг кечикишга ҳаққи йўқ эди. Соат миллари ўн иккига қараб юрганида ҳаммамиз ўн, тўққиз, саккиз, етти, олти... деб дақиқаларни санадик.

     Янги йил кириши билан акаларимдан бири Қорбобо кийимида эшикдан кириб келар ва ҳаммага совға-салом улашарди. Кўпинча китоб, рангли қаламга ўхшаган совғалар олардик.  Мен байрам кунлари ўша йиллар хотирасига киришиб кетаман.

     Ўтаётган, келаётган йиллар қалбимга йиллар сарҳисоби бўлиб жойланади. Йиқилиш ва қайта тикланишларни эслатади у. Оғир йилнинг тугаганига шукрона айтиб, бошланаётганини янги умидлар билан кутган вақтларим кўп бўлди, умид қилишга ўзимда куч тополмаган пайтларим ҳам бўлган. Бугун нотинч дунё қалбига тинчлик тилаётган, ўзининг оғир йилларидан бирини яшаган хориждаги юртдошларимга, бир шеъримдан парча тақдим этмоқчиман. Бу шеър бундан анча йиллар олдин Канадада, ўзбек ватандошларимизни янги йил билан табриклагани бораётганда йўлда ёзилган эди.

 

Йил сўнгида кўрай дедим дийдорингиз,

Толе бўлди тақдиримда сиз борингиз,

Ювай дедим, бўлса гарду ғуборингиз,

Сизга энг пок тилагимни олиб келдим.

 

Яна бир йил ортимизда қолиб кетди,

Умримизнинг бир бўлагин олиб кетди,

Ростин айтсам бир ҳовуч дард солиб кетди,

Орзу тўла юрагимни олиб келдим.

 

Юрт соғинчи зор қақшатди боролмадик,

Суйганларнинг гоҳо ҳолин сўролмадик,

Энг сўнгги дам бир қултум сув беролмадик,

Жон деб жони ҳалагимни олиб келдим.

 

Уч юз олтмиш беши бирдай оғриқ бўлди,

Тўзиб кетдим, қолган умр доғлиқ бўлди,

Биллурдай дил чил-чил синди, ёриғ бўлди,

Бўлинмаган бўлагимни олиб келдим.

 

Эрта янги кун бошланар, янги ҳаёт,

Берурмикан умидларга учқур қанот,

Битта-битта пой босамиз, сўйлаб баёт,

Ой ёритган бурчагимни олиб келдим.

 

Янги йилда ёруғ кунлар ҳамдам бўлсин,

Қаддимиз тик, қадамимиз шахдам бўлсин.

Қалбда лип-лип ёнган умид бир шам бўлсин,

Айтилмаган эртагимни олиб келдим.

 

     Азиз юртдошларим, опа-сингиллар, мен юртнинг бир ижодкор, олима қизи сифатида бахтлиман. Сизнинг ҳаётингизга ҳам янги 2024 йил юксалишлар, яхшиликлар олиб келсин. Энг эзгу ниятларимиз амалга ошсин. Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлсин!

 

 Дилсора Фозилова,  фан доктори, Бритиш Колумбия  университети профессори.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар