КУТИЛМАГАН СОВҒА

 

ЭСДА ҚОЛГАН ЯНГИ ЙИЛ

КУТИЛМАГАН СОВҒА

     Эсимда, ўшанда 2-синфда ўқирдим. Декабрь ойи кириши билан янги йил тараддудига тушардик. Арча безатардик, онам иссиқ жиззали нону сомсалар ёпар, отам кутилмаган туҳфалар билан бизларни севинтирарди. Ўша куни қор қалин ёғмаган бўлса ҳам ҳаво совуқ эди. Уйдагилар ҳаммалари  ўз иши билан андармон, мен эса отамнинг йўлини кутардим. Совуқда юзлари қизариб,  Қорбобога ўхшаб қолган отам эшикдан кириши билан олиб келган харидини кўздан кечирдим. Анчадан буён велосипедим бўлишини орзу қилаётганим учун... хафа бўлдим. Ҳамма мазза қилиб байрам дастурхонида ўтирди, ўйнади-кулди, бир менгина қовоғимни уйиб, бир четда ўтириб олдим. Ҳеч ким менга эътибор қилмади, ҳеч кимнинг мен билан иши бўлмади, деб ўйлаб ранжиб ухлаб қолибман.  Эрталаб уйғонсам, шундоққина бош томонимда яп-янги велосипед турибди. Ана ўша янги йил, велосипед ва отамнинг менга бўлган меҳри умрбод хотирамда муҳрланиб қолди. Улғайдим, отам совға қилган велосипедда учолмасам ҳам, Янги йил байрамининг энг эзгу ҳадяси сифатида сақлаб қўйганман.

     Янги йил билан боғлиқ қизиқарли ҳолатлар ҳаётимда кўп бўлди. Ёш томошабинлар театрида бошқа образлар билан бирга, Қорбобо бўлиб ҳам спектаклларда ўйнадим. Томошабин талабига кўра бир кунда тўрт-беш марта спектакль қўйган кунимиз ҳам бўларди. Бир куни Қорбобо образида саҳнага чиқиб, ҳаммани табрикладим. Охирида ҳам бир чиқишим бор эди. Ҳаво совуқ, иссиққина хонага кириб узун соқолимни иягимга тушириб ўтириб мизғиб қолибман. Бир пайт режиссёр ёрдамчиси “чиқинг-чиқинг” деса, шошганимдан уйқусираб югуриб чиқиб кетибман.  Болажонларга қараб: “Болажонлар, мани совғаларим сизларга ёқдими”, десам, томошабин болалар “гурр” этиб кулиб юборишди, кейин билсам соқолимни тақмаган эканман. Вазиятдан чиқиш учун: “Ман шунақаман, ман ана шунақа сеҳргарман”, деб бир айланиб соқолимни тўғрилаб олдим. Болаларни алдаш осон дейишади, аммо улар жуда сезгир, жуда топқир. Уларни  кулдириш, қувонтириш учун ҳар кўйга тушамиз. Аслида бахтнинг бир кўриниши бу.

     Янги йил ўзи аслида хурсандчилик байрами. Илойим, юртимизда доим байрам бўлсин! Тинчлик-хуррамлик бўлсин. Байрамларимиз кўпаяверсин. Шулар қаторида Янги йил байрами ҳам бардавом бўлсин.     

 

Баҳодир НИШОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар