ЭСДА ҚОЛГАН ЯНГИ ЙИЛ
ЎШАНДА ЁМОН ЙИҚИЛГАН ЭДИМ
Ҳаётимда саҳна билан боғлиқ жуда қизиқ воқеалар кўп бўлган. Айниқса, Янги йил байрами томошаларида.
Бир куни Қорпарча ролидаги актриса бетоб бўлиб, ишга келолмади. Оналик таътилидан қайтган пайтим, анча тўлишиб қолганман. Раҳбарият томонидан зудлик билан тайёрланиб, саҳнага чиқишим кераклиги айтилди. Қорпарчанинг либоси менга сиғмади. Ўз кийимим – оппоқ жунли жемперимни мусиқа садолари остида саҳнага чиқдим. Шу жойда Қорбобо мени “Салом, эй, Қорпарчаси”, деб кутиб олиши керак эди. Баланд овозда “Салом, эй, Қоррр...” дедию, жи-имм қотди. Бироз эсанкираб тургач, “Салом, эй, қор тўплами”, юборди.
Ҳеч қанча ўтмай, Қорқиз ролидаги актрисамизнинг боласи касал бўлиб қолди. Унинг ўрнига саҳнага чиқишим керак. Бир амаллаб кийим топиб кийиниб олдим. Сценарий бўйича Қорбобо болаларнинг ичидан бирини олиб чиқиб, Қорқиз, яъни мен билан саломлаштириши керак эди. Болани танлаб олиб, “Қани марҳамат, Қорқиз билан бир саломлашгин-чи”, деса, ҳалиги бола менга ҳайрон бўлиб қараб турди-да, “Салом, Қорхола”, – деди. Томошабинлар кулиб юборди.
Янги йил томошаларини биз фақат театрда эмас, турли истироҳат боғларидаги очиқ саҳналарда ҳам кўрсатганмиз. Шундай кунларнинг бирида Ялмоғиз кампир ролидаман. Саҳна баланд қилиб қурилган. Болалар диққат билан ўтиришибди. Саҳнага чиқдим ва “Нега ҳаммаларинг тўпланиб ўтирибсизлар бу ерда? Байрам бўлади, деб ўйладингларми? Бекорларни айтибсизлар, байрам бўлмайди. Уй-уйингга тарқалинглар, тезроқ кетинглар. Ҳеч қанақа байрам бўлмайди”, – дедим. Берилиб томоша қилиб ўтирган болажонлар: “Ўзинг кет, байрам бўлади. Йўқол, Ялмоғиз кампир, йўқол бу ердан”, – дея бақира бошлашди. Мен “Вой-вой-вой, нега мен кетар эканман? Кетмайман. Сизлар кетинглар. Айтдиму, байрам бўлмайди деб. Мен боплаганман. Қорбобони ҳам, Қорқизни ҳам адаштириб, бошқа ўрмонга юборвордим. Барибир келишмайди. Кетинглар тезроқ, ҳаммаларинг кетинглар”, – деб авжига чиқдим. Болалар эса жон-жаҳдлари билан “Байрам бўлади, албатта бўлади. Ўзинг кет, Ялмоғиз”, дея қичқиришарди. Мен ҳам бўш келмай, “Бекор айтибсизлар...” – деб бир айланганимни биламан, эрталабки қиров эриб, ҳўл бўлиб қолган саҳнанинг у бошидан-бу бошига қараб учиб бориб йиқилдим... Жон-поним чиқиб кетди. Болалар эса менинг аҳволимдан бехабар, қотиб-қотиб кулишар, “Ажаб бўлди, хўп бўлди. Ана, йиқилиб ҳам тушдинг. Энди кетасан, Ялмоғиз”, – деб қийқиришарди. Шунақанги жоним оғрияптики. Кўзларимдан олов чиқиб кетди йиқилганимда. Нима қилиш керак энди?.. Секин ўрнимдан турдим-да, ижрода давом этдим. Чунки болалар бутун диққат-эътибори билан тикилиб ўтиришибди, қани Ялмоғиз нима қиларкин, деб. “Ҳа-а, хурсанд бўляпсизларми, мени йиқилди деб? Ана яна бир марта боплаб алдадим сизларни. Мен ҳечам йиқилганим йўқ. Ишонмасанглар ҳозир сизларга яна бир марта саҳнанинг нариги бошига учиб бориб, қандай сирпанчиқ ўйнай олишимни кўрсатаман”, – дедим. Шундай деб, яна айланувдим, чирпирак бўлиб биратўла саҳнадан учиб кетишимга бир баҳя қолди. Яхшики, деворни ушлаб қолдим. Қарасам, болалар менга ишонгандай бўлишяпти. Уларнинг қарашлари кўнглимни яшнатди. Спектакль тугагач, оёғимда оғриқ жуда кучайиб кетган, қадам ташлашга ҳолим йўқ эди. Аммо “катта” томошабинлар олқишини олганим руҳимга тетиклик бахш этганди.
Ҳакимахон ОТАХОНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.