ЭҲТИРОМ
СИЗ ВАТАННИНГ ЮЗИДАГИ ЁҒДУСИ
Ҳурматли устоз, чеҳраси очиқ, юзи табассумли инсонга, дунё ҳам кулиб боқади, дейди донишмандлар.
Инсонларга эзгуликлар соғиниб, имконда бор яхшиликларни улашиб яшайсиз. Адабиётга садоқатингиз билан бугун меҳнатдан шуҳрат, элдан эъзоз кўраётганингиз биз учун-да қувонарлидир. Сиз шеър лаҳжасида доимо улуғлаган аёллар ҳам шодлигимизга шерик. Умрингизнинг яна бир нурли бекатига етиб келганингиз қутлуғ бўлсин! Сиз қадрлаган, сизни-да қадрлаган “Саодат”нинг дуолари қалбингизга қувват, қаламингизга илҳом бериб, янги юксалишларга йўллаб турсин!
БИЗ НЕЧУН УЧРАШДИК
Гулим, айт, гуноҳлар мендами ёлғиз,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
Тушларимда йиғлар узун соч бир қиз,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
Қалбда туйғу сўниб, ақл тошганда,
Жонни қирсиллатган ҳислар қочганда,
Бағрингда булоқлар кўзин очганда,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
Дерлар, муҳаббат ёш танламас эмиш,
Лайлимидинг, Зуҳроми, балки сен Кумуш,
Қўлимга бир қўнмай учиб кетган қуш,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
Юраклар бир-бирга талпинар, зордир,
Ўртада йиғлаган диёнат, ордир,
Бўзлаб Яратгандан сўрорим бордир,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
Алпомишга ўзим бермаган чоғда?
Барчин бўлиб излабмидинг фироқда,
Бу дунёдан ўтар бўлдик қийноқда,
Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда?
ЁМОН ЭКАН
Мен соғинчнинг сиртмоғида қолдим ногоҳ,
Армон мени азобидан этди огоҳ,
Кўз ёшларим қоғоз узра бўлди сиёҳ,
Бу жудолик қондан чиқмас афғон экан,
Ёш ўтганда ёр йўқотмоқ ёмон экан.
Остонамдан кетган ойни ахтарурман,
Юрагимда оққан сойни ахтарурман,
Борса келмас ўшал жойни ахтарурман,
Уйимизда у давлати аркон экан,
Ёш ўтганда ёр йўқотмоқ ёмон экан.
Қизларининг қошидаги дарё эди,
Келинининг бошидаги само эди,
Наҳот бизга кутилмаган видо эди,
Юриб туриб ўлмоқ унга осон экан,
Бундай ўлим жигарларга фиғон экан.
Онанг қани, деган тилим кесилгандек,
Жисми жоним кесак мисол эзилгандек,
Ғариблигим ғарибга ҳам сезилгандек,
Меҳрим майли, қаҳримга ҳам мезбон экан,
Бу меҳрдан айрилмоқ эҳ, ёмон экан.
Оҳ аёлим,бағримдаги баҳор эди,
Бутун умр йўлимдаги бир зор эди,
Бу фидолик, ахир, ҳар кун такрор эди,
Аёли бор эрлар мисли султон экан,
Ёш ўтганда ёр йўқотмоқ ёмон экан.
Ёмон экан, ёмон экан, ёмон экан!!!
* * *
Виждон юзидаги доғдан асрасин,
Кўнгил кўзидаги ёғдан асрасин.
Маломат бозори бунчалар гавжум,
Ютиб юборади ҳақиқат сасин.
* * *
Сўзингда нур бўлса диллар очилгай,
Кўзингда нур бўлса, йўллар очилгай.
Яхшилик ёр бўлса, ҳар ишда, Маҳмуд,
Ортингдан дуога қўллар очилгай.
ОНАМ БИЛАН КЕТМОН
ЧОПГАН АЁЛЛАР
Борга боқмай, йўқни йўқлар хаёллар,
Онамдек бокира офтобжамоллар,
Кўргим келиб тўрт тарафга термулдим,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бир туп райҳон қошида юз тиз буккан,
Йиғи келса ялпизларга дил тўккан.
Қўлингиз гул, райҳон эккан, гул эккан,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Пешонангиз тери томган Момо Ер,
Қайда қолди фариштадек момом дер,
Қалдирғочлар қўлингиздан таом ер,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бу дунёнинг кори сира битмаган,
Тақдир сизга не юмушлар тутмаган,
Дилингиздан айтинг, нелар ўтмаган,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,
Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,
Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Ёмон касдан ҳатто йўлбарс ўкирар,
Битта кетмон бир эркакни чўкирар,
Изингизда не чаманлар гуркирар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бир ўғилмиз, мингта ўғил хўш, нима,
Кўрмаганмиз бизлар ахир қўш нима,
Гоҳо ойлаб кўрмаганлар гўшт нима,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Сиз Ватаннинг юзидаги ёғдуси,
Сиз Тангрининг тўкилмаган туйғуси,
Кетмон бетин куйдирган гоҳ қайғуси,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Шойи сотиб алп йигитлар шод келар,
Маҳмуд каби кўп шоирлар мот келар,
Дил тубидан билмам қандай дод келар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
ОТА УЙ
Ота уйнинг файзи бўлак,
Ҳар қаричда нури бор.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Дуоларнинг дури бор.
Ота уйнинг файзи бўлак,
Қадам босиб тўймайсан.
Онанг кутиб олмас, аммо,
Ўлганига кўнмайсан.
Ота уйнинг файзи бўлак,
Отанг каби улуғ уй.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Вафоларга тўлиқ уй.
Ота уйнинг файзи бўлак,
Гувалакдан қилма ор.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Ўғил-қизинг бошлаб бор.
Ота уйнинг файзи бўлак,
Бўлмаса ҳам кошона.
Онанг кутиб олмас вале,
Руҳи бўлар парвона.
Ота уйнинг файзи бўлак,
Болаликнинг танчаси.
Ота уйни қўмсар юрак,
У қалбингнинг парчаси.
КЕТКИЗГИМ КЕЛМАС
Бир кун меҳмон келмаган кун йўқ,
Остонангиз тиллодан, она.
Сизни асли тилаб олганлар,
Муҳаббатдан, вафодан, она.
Сиз умримнинг мунаввар нури,
Уй тўрида бир офтобимсиз,
Дуоларнинг дури жамланган,
Муқаддассиз, хуш китобимсиз.
Жоним онам, дарёдил онам,
Ҳақнинг ҳукми, ёзиқлари бор.
Мен бахтлиман онасизларнинг,
Табиб билмас оғриқлари бор.
Бир кун меҳмон келмаган кун йўқ,
Бу феълингиз Худодан, она.
Сизни сира кеткизгим келмас,
Ҳамма кетар дунёдан, она.