ОЙНИНГ ЭНГ ИНЖА ҚАРОШИ

      Истеъдодли шоира Гўзал Бегимнинг «Сукунат жаранги», «Учаётган япроқ сояси», «Мажнунсоат», «Ёки» китоблари нашр этилган.
     Зомин, Тошкент, Олмаота, Грузия, Вьетнам миллий ва халқаро шеърият фестиваллари иштирокчиси. У Бошқирдистонда анъанавий тарзда ўтказиладиган «Она юраги» танлови ғолибаси.

Гўзал БЕГИМ

ОЙНИНГ ЭНГ ИНЖА ҚАРОШИ

* * *
Мен сени танидим.
Чангда қолиб кетган ўн саккиз ёшим
Қўлларим танимаган ўз ҳовурини
Лабларимнинг ойнада аксин кўрсатган
Ҳайратни орқадан олдга санаган
Қарашимни қаршиламаган
Капалак ёшимсан сен менинг
Мен сени танидим
Япроқларнинг ораларидан
Юрагимни тасвирга олган
Туйғулар тарихини битган эй китоб
Тирноғимнинг тилла хати ва
Осмонга қаламин теккизган
Ўчирғич топилмай туйғуларимга
Ҳисларим растасига эвирилгансан
Мен сени танидим
Ҳадя этаётиб гулқўғирчоқни
кўкламни қобирғасига уриб олганим
ойнинг энг инжа қарошини тарошлаганим
ҳавога пуфланган момақаймоқдай
ичимда учаётган қўнмаётган паргулим
юрагимга қопқоқ ясагич Устам
Мен сени танидим
Биллур далаларни шудгорлаётган
Эсноқ ва ёмғирни аралаштирган
Томиримга эмас, оёқларимга
Симобли ўлчагич банд этган
Титроғимни таҳрир қилгувчи
Бармоғим учидан сачраган қуёш
Мен сени танидим.
* * *
Қарайман
чироқлари ўчиқ деразанг
мен унда
шуъла «йилт» этсайди дейман
дарпарданинг тебранишига
титроғимнинг акси устма-уст тушар
хомаки нусхада хаёл сураман
ва четга суриб қўяман хаёлларимни
ичиккан ичимда исминг ўтирар
ҳайдаб чиқаролмайман уни
қувиб чиқараман ўзимни
Қарайман
чироқлари ўчиқ деразанг
сувга чўкаётган қиз сочларидек
тўлқинланар ипак толалар
ялиниб қарайман сувга
илтижо қиламан денгизга
чўкаётган қиз қалби ила
мен
чироқлари ўчиқ деразангга
ичимдаги чўкка тушган ҳисларни
чап қўлим-ла ёзиб қўяман
Қарайман
чироқсиз деразанг қоп-қора
ўйларим қартайган
қўлларимни узатиб кўраман
теккизмоқчи бўламан ўйларимга
бармоқларимни узатаман,
йиғаман
яна узатаман
занжирлаб ташлайман
қоронғуликни
Қарайман
юпатиб бўлмайди зулматни
ортимда гуллаган олма шохлари
ортимда хайрлаша олмай
синиққан
энгашган осмон тасвири
айланар юрагим
айланар
айланаётган ер шари аро
* * *
Йўлсан
Қараганим сари шувиллаб
кетади юрагим
Қараганим сари кўзларим
сирпаниб боради
Қараганим сари момиқлашар
нигоҳим
Гулдан калит ясаб ҳар
бир асрга.
Шамолсан
Бўм-бўш идишларни учириб кетган
Тўлқинлантирган тўла қалбларни
Эсиб бораётган китоб шаклида
Шўх донишманд шамолдирсан сен.
Ёмғирсан
Тун демай, тонг демай ёғаверасан
Томчилар пиллапоясида
Осмон ҳовлисига кўтариласан
Ипак табассумим ёмғирда турган.
Ойсан
Тунда ёлғиз қолиш мумкин сен билан
Кўкда осиғлиқ сувратинг ва
Илгакда эмас,
тахмонда тахланган ҳиссиётларни
Олиб чиқиш мумкин оппоқ оқшомга.
Тунсан
Қутб айланасида айланган юрак
Гулзор оқшомидай бир эпкин ичра
Оқаётган денгиз ой ўртасида
Сувда сузаётган ҳарир ҳақиқат.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар